Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Транспорт инфратузилмаси лойиҳалари – иқтисод ўсишининг асосий тамойили

Транспорт инфратузилмаси лойиҳалари – иқтисод ўсишининг асосий тамойили

6 июль, пайшанба куни  куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган «Шериклик ташаббуслари ҳафталиги» доирасида «Йирик транспорт инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш тажрибалари – иқтисод ўсишининг асосий тамойили» ҳамда «Ўзаро боғлиқликни барча транспорт соҳаларда ривожлантириш: долзарб таклифлар ва ечимлар» мавзуларда панель сессиялари бўлиб ўтди.

Унда қатор давлатларнинг транспорт вазирлари ҳамда халқаро ташкилот ва компаниялар раҳбарлари иштирок этди.

Тадбир давомида хорижлик мутахассислар ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишида ҳал қилувчи ўринни  эгаллаган транспорт соҳасида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш тажрибаларига тўхталиб ўтган.

Шунингдек, халқаро юк ташувлари ва логистикани ривожлантириш орқали давлатлар ва минтақалар ўртасида халқаро савдони кенгайтириш, барқарор иқтисодий ўсиш ва фаровонликни таъминлашда биргаликдаги саъй-ҳаракатларнинг аҳамияти юзасидан фикр алмашилди.

Таъкидлаш жоизки, тадбир давомида ўзаро боғлиқликни барча транспорт соҳаларда ривожлантириш юзасидан долзарб таклифлар илгари сурилди.

Мазкур йўналишда янги транспорт коридорларини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган лойиҳалар алоҳида эътироф этилди.

Жумладан, Ўзбекистон транспорт вазири Ўзбекистон–Афғонистон-Покистон темир йўли қурилиши ҳамда Хитой–Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши каби транспорт-логистика йўналишидаги истиқболли лойиҳаларни эътироф этиб, бугунги глобал ўзгаришлар даврида тарнспорт тармоғини ривожлантириш муҳим масала эканини таъкидлади.

«Марказий Осиёнинг жаҳон бозорларида рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида минтақадаги иқтисодий манфаатларимизни янада фаол илгари суриш вақти келди.

Умид қиламанки, ушбу форумда очиқ фикр алмашиш ва янги, илғор ғояларни илгари суриш қўшма ташаббусларни шакллантиришга ёрдам беради.

Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз орқали транспорт тармоғини халқларимиз равнақи йўлида хизмат қилувчи янада самарали, изчил ривожланаётган хавфсиз соҳага айлантира олишимизга ишонч билдираман», – дейди вазир.

Ўз навбатида Қирғиз Республикаси транспорт ва коммуникациялар вазири Тилек Текебаев ҳам «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли қурилиши лойиҳаси ҳақида тўхталар экан, лойиҳа «Марказий Осиёни бутун бир логистика хабига, яъни жаҳоннинг муҳим  бозорига айлантиришга ҳисса қўшиши»ни таъкидлайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг