Тунги клубларнинг бирида безорилик содир этган шахс Қозоғистонда ушланди

Кеча, 17 март куни ижтимоий тармоқларда бир фуқаро бошқа фуқаро томонидан тан жароҳати олиб йиқилиб тушганлиги акс этган видео тарқалиб турли муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати хабарига кўра, воқеа жорий йилнинг 16 март тунги соат 02.30 ларда Яккасарой туманида жойлашган тунги клубларнинг бирида содир бўлган.
Маълум бўлишича, тунги клубга мижоз сифатида келган 30 ёшли А.Шукуров ўзининг таниши 40 ёшли Х.А. билан ўрталарида келиб чиққан низо сабабли ўзаро жанжаллашган. 35 ёшли Б.А. эса уларни ажратишга ҳаракат қилган вақтида А.Шукуров уни уриб тан жароҳати етказган.
Натижада Б.А. «бош мия жароҳати, ўнг юзидан лунжи йиртилган жароҳати ва спиртдан заҳарланиш» ташхиси билан шифохонага олиб борилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят содир этган шахс – А.Шукуров эса терговдан қочиб яширинган ва унга нисбатан Яккасарой тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан сиртдан Жиноят кодексининг 277-моддаси («Безорилик») ва 104-моддаси («Қасддан баданга оғир шикаст етказиш») билан айб эълон қилиниб «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида А.Шукуров Қозоғистон Республикасида ушланди.
«Ҳозирда уни Тошкент шаҳрига экстрадиция қилиш чоралари кўрилмоқда», – дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter