Вазир ва ҳокимликка номзодлардан коррупцияни олдини олишга доир аниқ режаси сўралиши мумкин

Олий Мажлис палаталарига вазир ва ҳокимлар лавозимига номзодлар тегишлича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари кенгашларида кўриб чиқилаётганда улар томонидан коррупциянинг олдини олиш бўйича аниқ режа ҳимоя қилинишига оид тартибни қонун ҳужжатларида белгилаш тавсия қилинмоқда.
Бу борада Президентнинг «Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-71-сон фармони қабул қилинди.
Фармон билан, шунингдек, коррупция ва жиноятчиликка қарши курашишда парламентнинг ролини тубдан ошириш мақсадида Олий Мажлис палаталарига қуйидагилар тавсия этилди:
- ҳар йили бюджетдан энг кўп маблағ оладиган учта вазирлик ва идорада коррупциявий омилларни аниқлаб, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш;
- халқаро тажрибани ўрганиб, кибермаконда коррупцияга қарши самарали курашиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий база яратиш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш;
- ишчи гуруҳ тузиб «жиноятчиликка қарши курашиш ҳафталиги»да ҳар ойнинг 1–5 саналарида «қизил» тоифадаги маҳаллаларда жиноятларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилиш;
- ҳудудий прокурорлар ва ички ишлар органлари бошлиқлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар бериш ҳамда халқчил ташаббуслар асосида қонунларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
Бундан ташқари, Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг 2025 йил 5 мартда ўтказилган кенгайтирилган йиғилишида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати ва амалий чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter