Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Халқаро она тили куни: Бангладеш элчихонаси ҳамкорлигида ЎзДЖТУда тадбир бўлиб ўтди

Халқаро она тили куни: Бангладеш элчихонаси ҳамкорлигида ЎзДЖТУда тадбир бўлиб ўтди

21 феврал, чоршанба куни Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида Бангладеш элчихонаси ва университет ҳамкорлигида Халқаро она тили куни муносабати билан маданий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Ҳиндистон, Туркия ва Малайзиянинг Ўзбекистондаги элчилари, шунингдек, профессорлар, тадқиқотчилар, талабалар ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

Тадбирда университет ректори (в.б) профессор Муҳаммад Чутпўлатов, Бангладеш элчиси доктор Муҳаммад Монирул Ислом, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Нашад хоним ва Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжалар сўзга чиқди.

Элчи доктор Ислом жаноблари ўз сўзида Бангладеш улуғвор Тил ҳаракатининг тарихий мазмуни ва аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди. У тил шаҳидлари хотирасига чуқур ҳурмат бажо келтирар экан, Бангладеш миллатининг отаси шайх Мужибур Раҳмоннинг Бангладеш тили ҳуқуқи ва қадр-қимматини ҳимоя қилишдаги етакчилиги ва хизматларини миннатдорлик билан ёдга олди. У 21 февралнинг ЮНЕСКО томонидан Халқаро она тили куни сифатида эътироф этилиши дунёдаги барча она тилларини асраб-авайлаш ва тарғиб қилишга, турли тиллар ва маданиятлар ўртасидаги дўстлик ва боғлиқлик ришталарини чуқурлаштиришга хизмат қилишига умид билдирди.

Маданий тадбир якунида «Ҳавас» гуруҳи ҳамда ЎзДЖТУ талабалари Ўзбекистон, Бангладеш, Ҳиндистон, Хитой, Туркия, Россия, Франциянинг анъанавий куй-қўшиқлари ва рақсларини ижро этишди.

Маълумот учун, мазкур сана ЮНЕСКО томонидан 1999 йили 21 феврал – Халқаро она тили куни деб эълон қилинган. Ҳар йили дунёда бу сана кенг нишонланади.  Бангладешликлар ушбу санани Шаҳидлар куни ва Халқаро она тили куни сифатида нишонлашади. Сабаби 1952 йилнинг 21 февралида бангладешлик талаблар мамлакат пойтахти – Даккада давлат тилини ҳимоя қилиб намойиш ўтказишади. Аммо намойишчилар полиция томонидан ўққа тутилади. Бир неча киши ҳалок бўлади. Бу ҳаракат изсиз кетмади, 1956 йили бенгал тили давлат тили мақомини олди. Намойишда ҳалок бўлган талабалар хотирасига Даккада Шаҳид Минор ҳайкали ўрнатилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг