Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бўшашди ва ўлди: нега дориларнинг акс таъсири кеч аниқланади?

Бўшашди ва ўлди: нега дориларнинг акс таъсири кеч аниқланади?

Фото: «Parazit-off.ru»

Буни қарангки, ични юриштирадиган воситалар суицидга сабаб бўлиши, йўталга қарши препаратлар — ўлим билан якунланувчи тахикардияни чақириши мумкин экан. Шундай экан, нега бу дорилар сотувга чиқиб кетганидан кейингина маълум бўляпти?

Инсультгача олиб боради

Россиялик мутахассислар сурункали ич қотишига қарши қўлланилувчи машҳур дорилардан бири руҳиятга таъсир қилишидан огоҳлантиришди. АҚШ томонидан ўтказилган қўшимча тадқиқот натижаларига кўра, уни қабул қилган беморларда суицидга мойиллик кузатилган. Устига-устак, уни олдинроқ қабул қилган беморлардан икки нафарида ҳатто ўзини ўлдириш ҳолати аниқланган.

Бу фармацевтика бозоридаги биринчи ва ягона ҳолат эмас. 2019 йил бошларида кўп дорихоналардан нафас йўллари касалликларида буюрилувчи дорилар чиқариб олинганди (маълум бўлишича, у ҳаёт учун хавфли тахикардия хуружини чақириши мумкин). 2018 йилда эса оғриқ қолдирувчилар жигарда жиддий муаммолар (жигар етишмовчилиги ривожланиши) келтириб чиқариши мумкинлиги сабаб йўқотилди. Ундан олдинроқ фармацевтик компаниялардан бири ўз ихтиёри билан бўғим хасталикларида тайинланувчи дорини инфаркт ва инсульт хавфини ошириши ҳисобига сотувдан қайтариб олганди.

АҚШда таркибида тестостерон мавжуд маълум бир препаратларни расмий ўрганиш бошланди. Аниқланишича, бу турдаги терапия миокард инфаркти, ишемик инсульт ҳамда кутилмаган ўлим хатарини оширади.

Мижозларда синаб кўрилганми?

«Клиник тадқиқотлар мижозларнинг чегараланган қисмида ва чегараланган муддатда ўтказилади, — деб тушунтиради фармбозорнинг етакчи эксперти, аналитик Николай Беспалов. — Шу боис дориларнинг анча кейинги асоратлари улар бозорга чиқиб кетганидан сўнг аниқланади. Препаратлардан фойдалангач келиб чиққан акс таъсирлар бўйича шифокорлар маълумоти «Росздравнадзор»ники билан тўғри келиши керак. Агар бундай мурожаатчилар сони критик кўрсаткичга етса, қўшимча тадқиқотлар ўтказиш тайинланади. Мабодо бу тасдиқланса, махсус чоралар кўрилади, масалан, ўша дори бозордан олиб ташланади».

Дори қабул қилаётган мижоз унинг хавфидан ўзини қандай ҳимоялаши мумкин?

«Акс таъсирга эга бўлмаган дорининг ўзи йўқ. Ҳатто энг «беозор» дори қабулида ҳам унинг миқдори ва вақтини шифокордан аниқлаштириб олиш зарур, — дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Александр Карабиненко. — Муолажа курси давомида аҳволнинг ўзгаришига, илгари кузатилмаган янги симптомларнинг пайдо бўлишига аҳамият бериш керак ва бундан албатта шифокорни огоҳлантириш лозим. Зинҳор ўз билганингизча даволанманг! Бу соғлик учун хавфли, шунингдек, касалликнинг кечишини ўзгартириб юбориши ҳам мумкин!»

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг