Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фарзандингизни асоссиз парҳезда қийнаяпсизми? Болани мазали нарсалардан маҳрум қилманг ёхуд аллергияни даволашнинг замонавий ва хавфсиз усуллари

Фарзандингизни асоссиз парҳезда қийнаяпсизми? Болани мазали нарсалардан маҳрум қилманг ёхуд аллергияни даволашнинг замонавий ва хавфсиз усуллари

Соғлом овқатланиш ва болалар саломатлиги замонавий тиббиётнинг энг нозик ҳамда муҳим йўналишларидан биридир. Сўнгги йилларда гўдаклар орасида сигир сути оқсили аллергияси кенг муҳокама қилинаётган долзарб мавзулардан бирига айланди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва етакчи педиатрия марказларининг маълумотларига кўра, кўплаб ота-оналар ушбу ташхисга дуч келганда турли ноаниқликлар ва хатоларга йўл қўйишади. Хўш, аслида бу касалликнинг моҳияти нимада ва унга қарши қандай курашиш керак?

Агар бола сунъий равишда озиқлантирилаётган бўлса ва унда сигир сути оқсили аллергияси тасдиқланса, шифокор тавсияси билан чуқур гидролизланган оқсилли махсус аралашмалардан фойдаланиш мумкин. Оғир клиник ҳолатларда ёки оддий гидролизланган аралашмалар кутилган самарани бермаганида эса аминокислотали аралашмаларга мурожаат қилиш зарур.

Шуни унутмаслик керакки, оддий гипоаллерген ёки гипоаллерген деб номланган ҳар қандай аралашма ҳам бундай касалликни даволаш учун мос келавермайди. Шунингдек, эчки сути ҳам бу ҳолатда автоматик равишда хавфсиз муқобил ҳисобланмайди, чунки унинг оқсиллари сигир сути оқсилларига жуда ўхшаш бўлиб, кесишувчи аллергик реакцияларни келтириб чиқариши мумкин.

Аллергия тасдиқлангандан сўнг, боланинг кундалик рационидан сигир сути, пишлоқ, сутли бўтқалар, музқаймоқ, сут оқсили сақловчи барча маҳсулотлар, шу жумладан сут қўшилган ичимликлар ва ширинликлар қатъиян чиқариб ташланади.

Бироқ халқаро педиатрия амалиёти кўрсатишича, бу болани барча зарур озуқалардан маҳрум қилиш дегани эмас. Бола ўз ёшига мос равишда юқори сифатли гўшт, балиқ, тухум, дон маҳсулотлари, сабзавотлар, мевалар ва дуккакли маҳсулотлар каби турли ҳамда тўйимли овқатларни қабул қилиши лозим. Рационни ҳаддан ташқари узоқ муддат чеклаш боланинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, шунинг учун бу жараён доимо педиатр ва диетолог назорати остида амалга оширилиши шарт.

Бу умр бўйи қолиб кетадими ёки вақтинчалик ҳолатми?

Халқаро тиббий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, кўп ҳолатларда бу ҳолат умр бўйи сақланиб қолмайди. Болалар улғайган сари уларнинг организми сигир сути оқсилини қайтадан қабул қилиш ва кўтариш қобилиятига эга бошлайди. Шу боис, тасдиқланган ташхиси бор кичик ёшдаги болалар маълум вақт оралиғида шифокор кўригидан ўтиб, саломатлиги қайта баҳоланиб туриши зарур. Айрим болаларда сут маҳсулотларини махсус тиббий қоидалар асосида босқичма-босқич рационга қайта киритиш усуллари қўлланилади. Аммо бу усул барча учун бир хил ишламайди. Айниқса, оғир кўринишдаги аллергия ёки анафилактик реакцияга мойиллиги бор болаларда бу жараён фақат тажрибали аллерголог назоратидагина бажарилиши шарт.

Тиббий амалиётда йўл қўйиладиган энг кўп хатолардан бири бу аллергияни оддий лактозага тоқатсизлик билан алмаштириб юборишдир. Шуни ёдда тутмоқ керакки, гўдакларда учрайдиган ҳар бир ич қотиши, колика ёки тери тошмаси ҳам сигир сути оқсили аллергияси дегани эмас. Ташхисни фақатгина битта лаборатория таҳлилига таяниб қўйиб бўлмайди. Тасдиқланмаган тахминлар асосида болани сутсиз парҳезда узоқ вақт ушлаб туриш катта хато ҳисобланади.

Агар болада шубҳали аломатлар сезилса, энг тўғри йўл мутахассис билан маслаҳатлашган ҳолда индивидуал даволаш режасини тузишдир. Асосий мақсад ҳар бир кичик белгини хавфли касаллик сифатида қабул қилмасдан, ҳақиқий аллергияси бор беморларни ўз вақтида аниқлаш ва соғлом болаларни асоссиз парҳезлардан ҳимоя қилишдан иборатдир.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг