Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кимларга тухум ейиш мумкин эмас?

Кимларга тухум ейиш мумкин эмас?

Фото: «Tony.ru»

Товуқ тухуми фойдали моддаларга бой. Бироқ уни ейиш ҳаммага ҳам тавсия этилмайди. «АИФ»нинг ёзишича, тухум қулупнай, ёғи олинмаган сут, ерёнғоқ, цитруслар билан бирга юқори аллерген маҳсулотлар сирасига киради. Боз устига, хом тухум қайнатилган ва қовурилганига қараганда кучлироқ аллерген саналади. Шу боис тухум оқига аллергияси оғир кўринишда кечадиган (анафилактик шок, Квинке шиши, тери реакциялари) одамларга тухум қатъиян ман этилади.

— Кўпинча одамларнинг тухумга аллергияси бўлади. Бундан ташқари, холестерини кўпайиб кетган кишиларга ҳам тухум ейиш мумкин эмас. Бир томондан, тухум таркибида лецитин билан компенсацияланган холестерин бор. Соғлом кишига тухум салбий таъсир кўрсатмайди, негаки лецитин холестериннинг томир деворларига ўрнашиб қолишига йўл қўймайди. Шунга қарамай, хаста киши тухум сариғини ўта эҳтиёткорлик билан истеъмол қилиши лозим, — дейди диетолог Елена Соломатина.

Тухум тановул қилишда диабетиклардан ҳам эътиборли бўлиш талаб этилади.

— Одатда қанд уларнинг қон томирларига зарар етказади, шу боис бундай одамларда атеросклероз хавфи юқори бўлади. Атеросклероз эса инсульт ва инфаркт сабабчиси эканлиги барчага маълум, — дея изоҳлайди Соломатина.

Экспертнинг сўзларига кўра, ошқозонида муаммоси бўлган кишиларга ҳам тухум ейиш тавсия этилмайди.

— Тухумни панкреатит зўрайган даврда истеъмол қилмаган маъқул. Шунингдек, жигар ва ўт қопи касалликларида эҳтиёткорлик зарур. Чунки тухум сариғи сафро ҳайдаб, ўт-тош хасталикларини келтириб чиқариши ҳеч гап эмас, — дейди диетолог.

Тухум рефлюксни ҳам қўзғаши мумкин — бунда ошқозондаги нордон модда қизилўнгачга кўтарилиб, жиғилдон қайнаши ва оғизда тахир таъмга сабаб бўлади. Агар одам овқатлангандан сўнг ётса, рефлюкс эҳтимоли ортади.

— Бу гастрит ва ошқозон-ичак йўли касалликлари билан боғлиқ. Соғлик билан боғлиқ бундай муаммоларда ухлашдан олдин тухум ейиш тавсия этилмайди, — дея маслаҳат беради эксперт.

1 ёшга тўлмаган гўдакларга бутун бир тухумни бериш мумкин эмас. Ёш болага тухум сариғининг тўртдан бир қисми кифоя. Тухум оқини эса бир ёшга тўлмаган гўдакка едириш қатъиян ман этилади.

Соғликка зарар етказмаган ҳолда нечта тухум ейиш мумкин?

Тухум оқи ва сариғида турли-туман моддалар мавжуд. Шу боис уларни истеъмол қилиш бўйича тавсиялар фарқ қилади. Соғлом одамга диетолог бир ўтиришда кўпи билан битта тухум сариғи ва учта тухум оқини ейишни маслаҳат беради.

— Бунда шундай йўл тутган маъқул: битта тухумни еб, иккинчисининг сариғини олиб қўйинг: бирорта таом тайёрлашда ишлатарсиз, — дея тавсия беради Соломатина.

Ҳар куни тухум истеъмол қилмасангиз, кунига бир нечта тухум ейишингиз мумкин (фақат кунлик меъёрдан ошириб юборманг). «JAMA» тиббиёт  журналида чоп этилган америкалик олимлар ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, ҳафтасига икки-учта тухум — инсон соғлиги учун айни муддао.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг