Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мушук боқишнинг 10 қоидаси

Мушук боқишнинг 10 қоидаси

Момиққина мушукчани кўриб бағрига босгиси келмаган бола бўлмаса керак. Чунки ота-онаси доимо иш билан банд болажонлар одатда меҳрга ва эътиборга зор бўладилар. Улар мушукча тимсолида ўзига “ҳамдард” топишади. Мушук боқиб олишдан аввал оила аъзоларингизнинг жонзотларга аллергияси йўқлигини аниқлаб олгач, қуйидаги қоидалар билан танишишни тавсия этамиз:

1-қоида. Мушук боқиш учун уни кичкиналигидан олиш мумкин. Шунда мушукча хонадонингизга тез ўрганади, тарбияласангиз интизомли бўлади. Мушукчанинг ёқимтойлиги, момиқлиги, мунчоқдек кўзларининг жовдираб туришлари кўпчиликнинг меҳрини қозониши аниқ.

Бундан ташқари, мушукчалар ҳам ҳудди одам боласидек тунда қўрқади, шунинг учун кўп ҳолларда ўзига яқин билган одамнинг ўрнига кириб ётишни ҳуш кўради. Унинг майин ҳуриллаши, ёқимли илиқ тафти чарчоқларингизни олади.

Лекин мушукчани белгиланган жойга ҳожатга боришни ўргатиш керак. Бунинг учун идишни (дўконларда сотиладиган махсус қутими, тоғорача ёки елим қутичами) хожат қуми билан тўлдириш даркор. Дастлабки соатларда мушукчани кузатиш зиммангизда, у эснаб, у ёқдан-бу ёққа юра бошласа, демак у ҳожатга бормоқчи. Уни дарров олиб бориб, махсус жойни кўрсатинг. Қумни кўрибоқ мушукча нима қилишни ўзи англаб олади.

Мушукча ҳожатдан бўшагач, қумдан қумалоқчаларни тозалаб олиш мумкин (бунинг учун махсус хокондозлар ҳам бор), лекин суюқлиги теккан қумга тегмаган маъқул. Уч-тўрт кун шу ҳолда турса, мушукча қумдаги ҳожат исини мўлжаллаб, ўзи мустақил равишда ҳожат жойини топиб келишни ўрганиб олади. Фақат у бунга ўргангунича ҳожат қутиси турган жойини ўзгатирмаслигингиз керак.

Яна шуни ҳам унутмангки, мушуклар озодаликни яхши кўрадиган жониворлардан. Мушукчанинг ҳожат қутиси олдига биронта қаттиқроқ поёндоз тўшаб қўйишни унутманг. Чунки мушуклар, одатда, ҳожатдан кейин панжаларини ҳожат қумидан артиб тозалашни, озода юришни ҳуш кўрадилар.

2-қоида. Мушукча тарбиялашга ортиқча вақт сарфлашни истамасангиз катта мушук олинг. Фақат бу мушук кўча мушуги бўлмаслиги керак. Чунки кўча мушуклари одатда эрксевар бўлади – истаган пайтида кетиб, истаган пайтида яна уйга қайтиши мумкин.

Эркинликда туғилиб, мустақил ўсган мушук билан хонадонда дунёга келиб, ундан қутилиш учун шафқатсизларча адаштириб, кўчага ташлаб кетилган мушукнинг фарқи бўлади. “Ҳайдалган” мушуклар кўча мушугидан фарқли ўлароқ, хиёнат дардини тотган бўлса-да, одамларга ишончини йўқотмайди. Бошини силаган одамга эргашади.

Лекин шунга қарамай кўча мушуклари ҳам баъзи ҳолларда одамларнинг ёрдамига муҳтож бўлади. Масалан, остонангизга миёвлаб келган кўча мушугини ҳайдаманг, аксинча, унга овқат, сув беринг. Чунки улар фақат емиш томополмаганида ёки бетоб бўлганида одамлардан ёрдам сўрайди. Бир кишининг ертўласида мушук болалабди. У киши эса, уйимни бурга босиб кетмасин деб, она мушук ва унинг болаларини кўчадаги сувсиз ариққа ташлайди.

Баҳорнинг совуқ, ёмғирли ҳавосига дош беролмаган мушукчалар кўп ўтмай ўлди. Лекин она мушук болаларини узоқ вақт бағрига босиб ётаверди. Буни кўриб қолган одамлар она мушукни овқат билан чалғитиб туриб, мушук болаларининг ўлигини кўмишди. Шу-шу она мушук дуч келган одамга жовдираб, орқасидан эргашиб, гўё болаларим қани, уларни нима қилдингиз дегандай тинмай миёвлайди.

3-қоида. Ёшига етмаган, онасидан “ажрамаган”, она сути эмадиган мушукчани боқишга олманг. Яхшиси, она мушук боласини “бегона” қилиш даврини кутинг. Яъни табиат қонуни бўйича она мушуклар болаларини мустақил ҳаётга ўргатадиган, ўзидан нари қиладиган вақт келади. Бу мушукчанинг 4-5 ҳафталик даврига тўғри келади.

4-қоида. Ҳеч қачон ёш болангизга мушукча совға қилманг. Чунки ҳали дунёни тўлиқ англаб етмаган фарзандингиз ўзи билмаган ҳолда мушукчани майиб ёки нобуд қилиб қўйиши мумкин. Ёдингизда тутинг, мушукчани боқишга олдингизми, демак сиз унинг кейинги ҳаётига масъулсиз!

5-қоида. Мушукни чўмилтириш керакми? Мушуксеварлар берган маълумотларга кўра, мушукни иссиқ кунларда чўмилтириш мумкин. Лекин совуқ кунларда, нам сочиқ билан артиш кифоя. Ёшга тўлмаган мушукчаларни эса чўмилтирмаган маъқул. Чунки мушукчанинг тана ҳарорати тушиб кетиб, нобуд бўлиши ҳеч гапмас. Касал, нимжон, бурга босган мушукчалар бундан мустасно. Уларни авайлаб чўмилтиргач, юнглари то қуригунича иссиқ матога ўраб, иссиқ жойда сақлаш ва албатта, овқатлантириш керак.

6-қоида. Мушукларнинг тирноғини олиш керакми? Бу саволга ҳа ва йўқ, деб жавоб бериш мумкин. Чунки мушукнинг тирноғини олмасангиз ҳам қаттиқ ерларга тирналиб, тирноғини ўзи туширади. Агар хонадоним деворлари, юмшоқ мебелларим бутун бўлсин десангиз мушукчага тирналиш мосламасини ўзингиз ясаб беришингиз мумкин. Бунинг учун қанор ип, қаттироқ картон қоғоз ва бироз қунт бўлиши кифоя.

Агар озодалик юзасидан мушукнинг тирноғини олиш керак деган қарорга келган бўлсангиз, у ҳолда жониворнинг панжаларини шикастлаб қўйманг. Тирноқнинг фақат панжасигача бўлган учли қисмини олиб ташлаш кифоя.

7-қоида. Мушугингизни алоҳида овқатлантиринг. Агар меҳрингиз жўшиб, бир марта бўлса ҳам дастурхонингиздан мушукчага нимадир едирсангиз, демак, билинг-ки, ҳар сафар дастурхон тузаганингизда столнинг бирон четида сизга бир жуфт момиққина қулоқчалар кўриниб, қорни тўқ бўлса-да, овқат илинжида ўтирган мушугингизни ҳеч қандай алдовлар билан дастурхондан узоқлаштира олмайсиз. Бу эса баъзи меҳмонларингизга ёқмаслиги мумкин.

8-қоида. Мушукчани ўз таомномангизда бор масаллиқлар билан боқишингиз мумкин. Лекин баъзида дўконлардан ёшига мос суюқ ва қуруқ бўлган махсус мушуклар таоми билан сийлашни ҳам унутманг.

9-қоида. Мушуклар бошқа жонзотлар каби табиатан кўпайиш инстинктига эга. Ўша давр бошланганида мушугингиз ҳунук ва узоқ миёвлай бошлайди. Ўзини гўё сиз билан гаплашаётгандай тутади. Шундай пайтларда уни зудлик билан ветеренар кўригига олиб боринг, зарур чораларни кўринг.

10-қоида. Ҳеч қачон, ҳеч қандай вазиятда сизга ўрганиб қолган мушукни кўчага ҳайдаманг!

Мана шу қоидаларга риоя қилсангиз ҳаётингиз давомида сизга содиқ бир дўст ҳамиша ёнингизда бўлади. Йиллар ўтиб, бир-бирингизни сўзсиз тушуна бошлайсиз. Оилангиздаги болалар ҳам атроф-муҳитга, одамларга меҳрли бўлиб вояга етадилар.

Зебохон Саидова,
ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети 1-босқич талабаси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг