Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Очлик ҳисси ҳам жисмонан, ҳам руҳан тикланишга ёрдам беради

Очлик ҳисси ҳам жисмонан, ҳам руҳан тикланишга ёрдам беради

Ҳозирги кўпгина касалликларга сабаб – инсоннинг очликни ҳис қилмай қўйганидир! Инсон учун экологик муаммолардан кўра давомий тўқ юриш (бунинг ортидан келиб чиқадиган ортиқча вазн, семизлик эмас) хавфли.

Очлик – организмнинг ўзига хос стерилизацияси. Очликни ҳис қиладиган тана доимо тўқ юрадиган танага нисбатан соғлом бўлади. Сабаби, очлик натижасида инсон вужудида аутофагия жараёни фаол бўлади. Организмларнинг тозаланишида – стерилизациясида аутофагия жуда муҳим ва асосий жараён.

Ҳужайралар қарийди, ўлади ва ўлик ҳолатида танада қолади. Ўлик ҳужайралар ёғ, оқсил ва углеводлардан иборат. Айнан очлик – аутофагия жараёнида мана шу «биологик чиқиндилар» парчаланиб, ўзлаштирилади. Натижада инсон танаси ўлик ҳужайралардан – «биологик чиқиндилар»дан қутулади. Саратон ҳужайралари ҳам ана шундай тарзда ўзлашади (йўқ қилинади). Ёки, бошқача айтилса, «эритилади».

Очлик қоннинг кимёвий таркибини яхшиланишига ёрдам беради. Энг аввало, ортиқча глюкоза тўпланмайди, натижада, қандли диабетнинг олди олинади.

Очлик саратон ҳужайралари ҳосил бўлишининг олдини олади. Саратон касалликларида очликка етадиган профилактик усулни ҳали замонавий тиббиёт таклиф этолмаган.

Очлик миянинг тўлақонли ишлашига ёрдам беради. Энг қизиғи, инсон оч қолган маҳалда хотираси яхши ишлайди, айниқса, ўқиган нарсаси миясида қолади. Инсон тўқ бўлса, тана инсон учун эмас, балки, биринчи навбатда, таомни – ёғ, оқсил ва углеводларни парчалашга ўтади. Тана аъзолари зўриқиб ишлайди. Очликда эса аксинча жараён кетади, тана аъзоларининг юкламаси кам бўлади. Ҳар нарса ишлатилаверса эскиради, қобилиятини йўқотади. Тана аъзоларимиз ҳам шундай. Очлик жараёнида тана аъзолари пассив тиним ҳолатига ўтади. Эътибор беринг, очлик вақтида одам ҳожатга кам боради. Бу дегани, ошқозон, ичак, буйрак, жигар... каби аъзолар дам оляпти. Ўйлаб кўринг, ўзингиз дам олмай ишласангиз қай аҳволга тушасиз?

Энди яна бир ўйлаб кўринг: кечки овқат рациони кучли бўлса, тана аъзолари туни билан ишлаб чиқади. Одамнинг ўзи ухлайди, аъзолар эса ишлайди, дам олмайди. Касалликлар шундан бошланади.

Ҳазрат пайғамбар (с.а.в) буюради:  

«Қалбларингизни очлик билан нурлантиринг, нафсингизга қарши жиҳод қилиб, унинг тарбиялашда очликни ва ташналикни қурол сифатида ишлатинг...».

Абу Ҳомид Ғаззолий  «Мукошафатул қулуб» асарида ёзади: «Қорин тўйгунча ейиш қалбни сўқир қилади ва инсоний феъл-атворлар йўқолишига сабаб бўлади...»

Шу асарда яна ёзилади: меъдани қалб остида қайнаётган ва буғларини унга қаратган идишга ўхшатишади. Буғ кўпайгани сари у етиб борган жой ҳам шунчалик безовта-беҳузур бўлиб, хира тортади. Шунга ўхшаш, меъда ҳам тўлдирилганига монанд равишда қораяди ва заифлашади. Кўп еган одамнинг ақли заиф бўлади, илм ўргана олмайди. Чунки, доимий тўқлик ва очкўзлик ақлни сўқир қилади.

Бу ерда муттасил оч юрилсин, деган даъват йўқ, фақат тананинг маълум муддат очликни ҳис қилиши, ҳақида сўз бормоқда. Зеро, очликни ҳис қилиш ва очлик ўртасида фарқ бор.

Демак, очлик инсоннинг ҳам жисмонан, ҳам руҳан тикланишига ёрдам беради. Шунинг учун, инсон доимо тўқ бўлмасдан, ҳеч бўлмаса, кунига бир марта очликни ҳис қилишида унга жуда катта манфаат бор.

                                                                  Бахтиёр Абдуғафур facebook саҳифасидан олинди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг