Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Яхши ҳаёт кечириш учун саккиз имкон!

Яхши ҳаёт кечириш учун саккиз имкон!

Lifehack нашрида нидерландиялик ёзувчи ва «Lets Reach Success» лойиҳа асосчиси Лидия Кесаровсканинг «Яхши ҳаёт кечириш учун саккиз имкон» номли мақоласи эълон қилинди.

Карантинда вақтингизни мазмунли ва фойдали ўтказишингиз учун ушбу мақолани эътиборингизга ҳавола этамиз.

Аслини олганда ҳаёт кечириш гўзал саёҳат қилишга ўхшайди. У сабоқ берувчи кўплаб саргузаштларга тўла. Ундаги яшаш учун азалий курашни қаттиққўл мураббийга қиёслаш мумкин.

Ҳаётдаги сизнинг ҳар бир ҳаракатингиз онгингиз, жисмингиз ва руҳингиз, шу билан бирга бугунингиз ҳамда келажагингизга ва атрофингиздагиларга ҳам таъсир қилади. Хуллас, ҳаммаси ўзингизга боғлиқ.

Шундай қилиб, қуйидаги мақоламизда дунё ажойиб имкониятлар, меҳр ва муҳаббатга тўла эканлигини кўришингиз учун бир неча имконларни кўриб чиқамиз.

Ўтмишнинг кетишига йўл беринг

Агар сиз аввалги хотираларингизда яшасангиз ва анча олдин бўлиб ўтган воқеаларга эътибор бераверсангиз, ҳаётингизни давом эттиришингиз мушкул. Бир сўз билан айтганда, янги кунлардан завқлана олмайсиз.

Ўзингизни ўтмиш юкидан озод қилинг. Биз кўпинча атрофимиздагиларнинг ўлимидан, турли муносабатлардаги хатоларимиздан, ғазабланганимизда айтган ноўрин гапларимиз ёки нотўғри йўналишга олиб борган қарорларимиздан ортиқча тушкунликка тушаверамиз.

Бироқ, юқоридаги ҳолатларнинг ҳар бири эндиликда қандай ҳаракат қилишимиз зарурлигини кўрсатиши тайин. Яъни, бу ёғига нима қилмаслик кераклигини англаб етамиз.

Медитация ўтмишдаги зарарли хотиралардан халос бўлишнинг ўзига хос усули.

Шахсий нарсаларга ҳаддан ташқари берилманг

Биз кунларимиздаги ҳар бир майда-чуйда тафсилотларга ўралашиб қоламиз. Бунга мойилмиз. Кўп ҳолларда ёмон нарса юз берганда ҳаётни адолатсиз деб ўйлаймиз. Кимдир бизни ташлаб кетганида эса, «нима учун» дея сўрайверамиз. Бу орқали муваффақиятсизликка учраймиз ва тезда таслим бўламиз.

Буларнинг барини кўнгилга яқин олавермаслик керак. Одамлар ўз вақтида ёнингизда бўлишади ва мавриди етганда кетишади. Чунки, уларнинг ҳам ўзига яраша муаммолари бор. Демак, ҳаммасига сиз айбдор эмассиз.

Сиз хато қилишингиз, муваффақиятсизликка учрашингиз табиий жараён. Бунинг аҳамияти шундаки, ҳар бир синов ортидан сиз тажрибали бўлиб чиқасиз. Оғир машаққатлар янги авлод лидерларини етиштиради. Ҳеч ким доимий тарзда муваффақият қозонмаган.

Шунингдек, сиз ёмон одамлар билан рўбаро келишингиз, ноқулай вазиятларга тушиб қолишингиз ёки ўзингиз учун муҳим бўлган нарсаларни йўқотишингиз мумкин. Қийинчиликларга енгил ва юрак кенглиги билан қарашни ўрганинг. Бу сизга уларни осон енгишга ҳамда тезроқ одимлашга имкон беради.

Кўпдан кўра ками яхши

Бугунги кунда, жуда кўп нарсаларни сотиб олиш, меъёрдан кўп овқат ейиш, ҳозиргина чиқарилган янги телефонга ҳаддан ортиқ пул сарфлаш жуда осон. Шундай экан, усиз ҳам яшашингиз мумкин бўлган нарсалардан воз кечинг. Соғлом бўлиш учун озроқ овқатланиш, баркамол бўлиш учун камроқ гапириб кўпроқ тинглаш ва оддийгина кийинишингиз мавсадга мувофиқ.

Шу билан бирга, ҳаётингизда сизни фақат салбий нарсаларга дучор қиладиган одамлардан узоқлашинг. Боиси, сиз уларга керак бўлмаганингиздек улар ҳам сизга керак эмас. Қилишингиз лозим бўлган асосий нарсаларга бутун эътиборингизни қаратинг. Ишларингиз рўйхатини даражасига қараб қисқартиринг. Бу қисқартиришлар сизга энг севимли машғулотларингиз, иштиёқларингиз ва ҳаётингиздаги муҳим одамларни аниқлашингизда ёрдам бериши аниқ. Охир-оқибат сиз эҳтиёж сифатида кўраётганларингизнинг кўпини соғинмай қўясиз.

Қўлингиздаги бор нарсаларни қадрланг

Ҳаётдан миннатдор одамлар бахтли ҳаёт кечиради. Улар ҳар куни бор нарсалари учун тақдирдан миннатдор бўлади. Чунки улар учун бахт севган одамлари ва дўстларининг ёнидалиги, атрофидаги катта-кичик имкониятлари, қилаётган ишларидан завқ олиши ва яшаш жойларидир.

Лекин, миннатдорлик ҳар доим бахтли бўлишни англатмайди. Бу шунчаки қийин пайтларда ишлар ўнгланишини ва мушкулотларни бошқа томондан енгиб чиқишингиз мумкинлигини англатади. Хусусан, сизнинг ижобий нуқтайи-назарингиз ҳаётнинг кўпгина муаммоларига ечим бўла олади.

Агар ўзингизни миннатдор инсонлар тоифасидан деб билмасангиз, ташвишланманг! Буни бошлашнинг оддий усуллари мавжуд. Энг осони, миннатдорлик кундалиги тутинг. Ҳар куни ўзингиз миннатдор бўлишингиз мумкин бўлган 3 та нарсани ёзинг. Масалан буларнинг бошланишига сиз суҳбатлашган одамлар, ижобий тажриба ёки сиз олган совғалар бўлиши мумкин.

Ҳали номаълум бўлган нарсалар ҳақида қайғуришни бас қилинг

Олдинда нималар бўлиши мумкинлиги ҳақида хавотирланиб яшаш, сизни ҳозирги вақтингиз, бугунги имкониятларингизда мосиво қилиб қўяди. Биз кўпинча ёмон нарсалар бўлишидан қўрқиб, эртанги кун ҳақида ташвишланаверамиз. Ҳали номаълум нарсаларни башорат қилишга ҳаракат қиламиз, кераксиз нарсаларга тайёрланаверамиз ва кунларимизни талваса ортидан беҳуда нарсалар билан режалаштириб оламиз. Бироқ, ҳаётдаги кўп нарсалар шунчаки рўй беради.

Аслини олганда, ҳаёт кутилмаган ҳодисаларга бой ва бу ўз навбатида жуда яхши нарса. Ёмон нарса бўлишини кутиб, ҳаётни мураккаблаштирамиз. Шунинг учун ҳали рўй бериши аниқ бўлмаган нарсалар талвасасидан халос бўлинг. Спорт машғулоти, йога ёки медитация машғулоти онгингизни ҳозирги ҳолатга қайтаради.

Муносиб эканлигингизни ҳис қилинг

Сиз ўзингизни ҳурмат қилишингиз учун ўзгалар ёрдамига муҳтож эмассиз. Шундай экан, бошқалар кўмагини кутманг. Бу сизни қўлингиздан келадиган нарсалар билан шуғулланишингизга халақит берадиган баҳонадир. Тўғри, ичингизда бўшлиқ бўлиши мумкин, аммо уни бошқа киши тўлдира олмайди. Аввало ўзингиз билан муносабатларингизни тўғрилашингиз зарур.

Кўп одамлар севги муносабатлари ёки дўстлар билан чиқишиш, умуман бирор бир ишни қилишда ўзгалар кўмагига таяниб қолади. Унутмангки, жасорат кўрсатиш ва бошқа кўплаб нарсаларга ёлғиз бўлиб ҳам эриша оласиз.

Янги имкониятлар қидиринг

Ўз қобиғингиздан ташқарига чиқсангиз, чинакам ҳаяжонли маназараларга гувоҳ бўлишингиз тайин.

Хатарлардан қўрқманг. Ўзингизни янги йўналишларда синаб кўринг. Ўзингизга қарши чиқиб бўлса-да, имкон қадар қўрқиб келган нарсаларингизни бажаринг. Инсон синовларда тобланади, шу тариқа эркин ҳаёт кечириш имконига эга бўлади.

Хуллас, янги имкониятларни бошлаш учун ҳар ҳафта битта нарсага «ҳа» деб жавоб беришга ҳаракат қилинг. Масалан дўстингиз ресторан бизнеси бўйича таклиф берса, эҳтимол бу сиз учун муваффақият дебочаси бўлишига ишонаман.

Хушфеълликни танланг

Учрашган ҳар бир кишингизга хушфеъл бўлинг. Ўзгалар қандай муносабатда бўлишидан қатъи назар доимо хушмуомалалик, табассум ва ёрдам таклифи чинакам инсонийлик белгисидир.

Тўғри, биз кўпинча кимнингдир ёмон кайфиятини уларнинг шахсиятидаги нуқсон сифатида кўрамиз. Аммо улар учун шу бугун дилхира кун бўлган бўлиши мумкин. Эҳтимол, улар шунчаки юраклари безовта, яқин одамини йўқотган, ишдан бўшатилган ёки қандайдир нохуш тиббий ташхис эшитишгандир. Шундай пайтларда улар ҳар нарсадан ҳам ширин сўз ёки табассумга муҳтожлар. Сиз эса, уларга бу нарсани осонгина бера оласиз.

Агар сиз меҳр-мурувват кўрсатишни бошласангиз, у сизга қандай қилиб тезда қайтганидан ҳайратланасиз. Бу орқали сиз нафақат бировнинг кунини яхшилайсиз, балки эвазига ўзингизни яхши ҳис қиласиз.

Ҳар куни бирор кишига битта бўлса-да, яхши сўз айтишни мақсад қилиб қўйинг. Мисол учун, бунга онангизга ёқимли хабар юбориш, дўстингизнинг кийимини мақташ, ҳеч бўлмаганда кассирга уни кулдириш мақсадида, ҳазил айтиш киради. Осон бўлмаса-да, ўзингизни шунчаки хушфеъл тутинг.

Дунё салбий янгиликлар ва унинг асоратлари билан тўлиб-тошган шу бугунги кунда яхши ҳаёт кечиришни ўрганиш қийин бўлиши турган гап. Бироқ, юқоридаги саккизта имконни амалга ошириш, дунё қарашингизни бойитиш билан бир қаторда, ҳар куни ижобий томонга ўзгаришингизга ёрдам беради.

Ҳаракатни ҳозирдан бошланг. Атрофингизда қандай имкон бўлса у орқали шунчаки ҳаётингизни яхшиланг.

Нурилло Тўхтасинов таржимаси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг