Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ёзда терламайин десангиз

Ёзда терламайин десангиз

Фото: «Us.supersmart.com»

Баъзилар кўп терлашни гигиеник муаммо деб ҳисоблаб, шифокорга бормайди. Бекорга шундай қилишади. Чунки бу масалада фақат тозалик билан ижобий натижага эришиб бўлмайди. Қуйида терлашга қарши қўлланиладиган чора-тадбирлар билан танишасиз.

Энг аввало, шифокорга мурожаат қилинг. Кўп терлашнинг сабаблари жуда кўп: қон томир дистониясидан қандли диабетгача. Кўп терлаш иккиламчи гипергидроз бўлса, диққатни асосий касалликни даволашга қаратиш лозим. Борди-ю, текширувлар ҳеч қандай натижа бермаса, бирламчи гипергидроз ҳақида гап кетаётган бўлади. Нима бўлганда ҳам, организмда қандай жараёнлар содир бўлаётганини билиб қўйган маъқул.

Қатронли совунда ювининг. Бу кўпчиликка ёқмаслиги аниқ. Лекин бир марта ишлатиб кўргач, самарасига ишонч ҳосил қилишади. Нохуш ҳид шамолда тез йўқолади, терлайдиган аъзо эса бактериялардан тез халос бўлади. Негаки, ёқимсиз ҳидни тер эмас, айнан бактериялар келтириб чиқаради. Тонгда ва кечки пайт қатронли сувда ювиниш – ажойиб чора!

Шифобахш ванна. Кўп терлашнинг олдини олиш учун ҳафтасига 3 марта гиёҳли ванна қабул қилиш зарур. Таркибида ошловчи моддалар кўплиги туфайли эман пўсти, айниқса, фойдали. Ваннани ҳарорати 30 даража илиқ бўлган сув билан тўлдириб, қайнатма (100 г эман пўстига 1 л сув қуйиб, ярим соат қайнатинг ва сузиб олинг)ни аралаштиринг.

«Боратли лосьон». Бу оёқ терлашига қарши ажойиб восита. 4 фоизли борат кислотасининг сувли эритмасига тенг миқдорда ош сиркасини аралаштириб, товон ва бармоқлар орасига суртинг. Мабодо юзингиз кўп терласа, лимон цедраси ёрдам беради: қанча кўп суртиб юрсангиз, шунча яхши.

Моддалар алмашинувини тартибга солинг. Бу борада сизга қуйидаги рецепт ёрдам беради: мойчечак, мармарак, қайин куртаги, бўзночдан тенг миқдорда олиб, 1 ош қошиғига 2 стакан сув қуйинг. Қаттиқ қайнаб чиққач, бир оз тиндиринг ва сузиб олинг. Эрталаб ва кечаси ичасиз. Қайнатма аччиқ бўлгани учун асал қўшсангиз ҳам бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг