9 май... Собиқ иттифоқ қайтишидан хавотирланманг!
Хотира ва қадрлаш куни арафасида турибмиз. Ҳар куни иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт ортида меҳнат қилганлар, шу ватан учун жон фидо этганлар ҳақида лавҳаларни томоша қилаяпмиз, ўзимиз ҳам баҳолиқудрат ёритаяпмиз. Аммо бу байрам арафасида юртимиз афкор оммасида ҳадиксировчилар гуруҳи шаклланиб қолди. Улар ҳар бир элементдан собиқ иттифоққа қайтиш руҳини изламоқда ва бунга қаршилик қилмоқда.
Тарих ғолиблар томонидан ёзилиши, шунингдек ҳар бир давлатнинг, миллатнинг ўзига хос талқини бўлиши маълум. Шунингдек яна бир муҳим жиҳат бор — тарихни ўзгартириб бўлмайди. Нима бўлса бўлди, тамом!
Ҳозир биз расман Иккинчи жаҳон уруши деб атаётган тарихдаги энг қирғинбарот уруш 1939 — 1945-йилларда бўлиб ўтган. Аммо собиқ иттифоқ, хусусан Ўзбекистон бу урушга 1941 йилда кирган ва у Улуғ ватан уруши деб номланган.
Албатта, йилларда ва фактларда тафовут бўлса-да, мустақил бўлганимиздан сўнг «Улуғ ватан уруши» атамасидан воз кечганимиз мафкуравий жиҳатдан тўғри бўлган. Чунки айнан ўша «Улуғ ватан»дан мустақил бўлатуриб яна «Улуғ ватан уруши» деяверсак, мантиққа тўғри келмасди. Шунингдек «Ғалаба куни» атамаси ҳам мазмунан кенгайтирилиб, «Хотира ва қадрлаш куни» деб ўзгартирилди. Чунки фақат хотира билан чекланмасдан қадрлаш ҳам янги босқичга олиб чиқилди. Фақат Иккинчи жаҳон уруши доирасида қолмасдан, шу юрт учун жонидан кечган ватан ўғлонлари ҳам қамраб олинди.
Ҳозир гап бу ҳақда ҳам эмас.
Икки йилдирки, бу байрам кўлами ниҳоятда кенгайди. Уруш қатнашчиларига бўлган эътибор, рағбатлантириш кескин кучайтирилди, тадбирлар жуда ранг-баранг тус олди. Айнан мана шу жойда баҳсталаб мавзулар туғилди. Байрам тадбирларида иштирокчиларнинг либослари, рамзлари, шунингдек тақдим этилган орден ва медаллар намойиши ўзларини мустақиллик ҳамда миллат озодлиги куйчиси ҳисобловчи қатламда ҳадик уйғотди. Бу тасвирлар ортидан собиқ иттифоқ қайтиши кўзланган, дея бонг урила бошланди.
Албатта, кўпчилик бир ҳолатга турлича баҳо бериши табиий. Шунингдек ҳар бир инсоннинг ўз фикрига эга бўлиши таҳсинга лойиқ. Лекин бир ўйлаб кўрайлик, бу байрам асосан ким учун? Биринчи навбатда ўша машъум урушда ғалаба қилган, ватан деганда ўз уйини, оиласини тушуниб қон кечган, йилни-ку қўйинг, ойдан-ойга, кундан-кунга сафи сийраклашиб бораётган боболар учун эмасми?
Бир фотомухбир укамиз айтганди. Мана шу байрам арафасида уруш қатнашчиси бўлган отахонни суратга олиш топшириғи билан борган. Отахон жуда хурсанд бўлган ва байрам либосларига орден-медалларини тақиб суратга тушиб, мазмунли интервью ҳам берган. Фотомухбир сифатли суратларни олиб газета таҳририятига топширган. Ҳаммаси рисоладагидек гўё.
Лекин байрам ўтиб кетадики, суратлар ҳам, мақола ҳам чиқмайди. Отахоннинг ўзи кейин секин сўрайди (ҳар қандай инсон кутади-да).
Фотомухбир суриштирса, таҳририятда шундай жавоб беришибди: «Уруш қатнашчиси суратларида собиқ иттифоқ орден ва медаллари бор экан. Шунинг учун чоп этилмади».
Фотомухбир отахоннинг кўнгли ўксиши мумкинлигини айтса: «Орден ва медалларини кўрсатмай, бошқатдан суратга тушиб берсин, балки чиқарармиз...», — дейишибди.
Минг хижолат билан бориб шундай деганида отахон ўксиниб: «Ахир мен бу орденларни қон кечиб олганман, энди улардан воз кечишим керакми?!», — дея кўзига ёш олган экан.
Ўша йиллари суратда фақат боши, ёки видеолавҳаларда узоқдан кўринган уруш қатнашчилари талайгина эди. Қаранг, мафкурани роса маҳкам ушлаган пайтларимиз бўлган экан-да...
Ҳозир улар нафақат кўкракларини кериб ўтирибди, балки ҳар бирининг қаршисида ўша уруш йилларининг ёрқин хотираларини уйғотувчи саҳна кўринишлари намойиш қилинмоқда, қўшиқлар куйланмоқда, тадбирларга ўша кунлар, ғалаба онлари руҳи сингдирилмоқда — аммо «қизил» мафкура эмас! Чунки бу «қизил» мафкура ғалабаси эмас, ёш жонини фашист ўқига тутган, ҳозирда даврамиз тўрида ўтирган мана шу боболаримиз ғалабаси!
Юқоридаги таъкидлаганимиз — ҳадиксировчилар гуруҳи ўша уруш пайтидаги жангчилар либоси-ю куйланган қўшиқларни, айниқса «Катюша»ни обдан танқид қилибди. Бундай кўринишлар миллийлигимизга мутлақо ётлиги-ю собиқ иттифоқнинг ҳиди келаётганини тушунтирибди.
Саволлар туғилади: тарихни қандай ўзгартирасиз? Ватан дея жангга кирган ватандошларимиз «миллийлигимиз шу» деб совуту қиличда жангга кирганмидилар? Улар ҳар қадамда ажал пойлаб турган жанг майдонларида бири рус, бири украин, бири қозоқ, бири грузин сафдошлари билан елкама-елка куйлаган қўшиқларнинг нимасидан ҳадиксирайсиз? Ахир бу қўшиқлар ҳар куни айтилмаяпти, «хит» сифатида хит қилиб айлантирилмаяпти, қўйинг энди, шундай кунларда тарихни бир эслатсин!
Яна бир жиҳат. Муҳим жиҳат. Мустақиллигимиз мустаҳкам! Ҳар қандай майда-чуйдалар энди бу туйғумизга путур етказа олмайди. Шундай экан, келинг, ўтмишнинг бугунги бир кунлик кичик инъикосидан эмас, бугуннинг келажакдаги асрларга татигулик буюк лойиҳаларидан гаплашайлик.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter