Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аброр Зоҳидов

Келажакка умид қилиш яхши, аммо айни дам ҳам гўзал эканлигига шукр қилиш унданда яхши.

Нега банклар уй сотиб олиш учун ипотека кредити бермайди?

Нега банклар уй сотиб олиш учун ипотека кредити бермайди?

Иккиламчи бозордаги ҳеч бир сотувчи уйини сўмга сотмайди.

Фото: «norma.uz»

Ҳозирги кунда банклар турли-туман хизматларни таклиф қилмоқда. Улар орасида кредитлар алоҳида ўрин тутади. Албатта, ҳали банкларимиз етакчи давлатлардаги молия муассасалари сингари турли-туман хизматларни йўлга қўймаганлари бор гап. Аммо кун сайин уларнинг таклифлари ортиб бормоқда. Бунинг яққол мисоли яқин-яқингача ҳам биз унутиб қўйган автокредитлар берилаётгани бўлди. Аммо кўпчиликни бир савол ўйлантиради: нега банклар уй сотиб олиш учун кредит бермайди?

Бу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, гап бирламчи бозор (янги уйлар) ҳақида эмас, иккиламчи бозор (фойдаланишда бўлган, жисмоний шахс тасарруфидаги) кўчмас мулк ҳақида кетмоқда. Хўш, нима учун фуқароларимиз ўзлари танлаган кўчмас мулк(уй)ни харид қилишда банк кредитларидан фойдалана олмайди?

Аввало пойтахт мисолида иккиламчи бозорни ўрганамиз. Нархлар ҳар доимгидек кўкка сапчиган. Гарчи бу тушунча нисбий бўлса-да, харид қилувчи учун нархлар ҳамиша баланд туюлаверади. Тошкентнинг аҳоли кўп яшайдиган Чилонзор, Учтепа, Сергели каби туманларидаги нархлар билан танишамиз. Харидор сифатида биз ёш оиламиз, қўлимизда тахминан 30 миллион сўм пулимиз бор, эр-хотиннинг ойлик даромади 2,5 миллион сўм атрофида деб оламиз.

Биринчи муаммо: иккиламчи бозордаги ҳеч бир сотувчи уйини сўмга сотмайди! Агар уни шунга кўндирсангиз ҳам бозордан АҚШ долларига алмаштириб олиш нархида қабул қилишини шарт қилиб қўяди.

Иккинчи муаммо: нархлар! Пойтахтнинг кўп қаватли уйларидаги энг арзон бир хонали уйларнинг баҳоси 18-20 минг АҚШ доллари атрофида. Демак, бугунги кунда бу уйларни сотиб олиш учун камида 160 миллион сўм жамғариш лозим. 30 миллион сўм (салкам 4 минг АҚШ доллари) билан уй қидиришнинг ўзи мантиқсизлик. Ягона илинж кредитдан. Ҳали кредит берадиган банкни топиш алоҳида масала. Биз ниятни яхши қиламиз ва уй қидиришда давом этамиз.

Учинчи муаммо: кўнглингизга ёққан уйни топганингиздан сўнг сотувчига секин ипотека кредити ҳақида сўз очасиз. Одатда у шу ондаёқ тўнини тескари кияди ва келишувни тўхтатади. Чунки бунинг ўзига яраша сабаблари бор — энг асосийси пластик/нақд масаласи. Юртдошларимиз онгида бу муаммо жуда қаттиқ ўрнашиб қолган. Ундан ташқари, уй сотилгандан кейин пул олингунга қадар бир ой атрофида муддат ўтиб кетади, бу вақтда кўчмас мулк бозорида кўплаб ўзгаришлар содир бўлиши мумкин. Майли, минг тавалло билан уй эгасини ипотека кредитига кўндирдик ҳам дейлик.

Тўртинчи ва асосий муаммо: айтарли ҳеч бир банк бундай мижозни қучоқ очиб кутиб турмайди, асло кутмайди десак янада тўғрироқ бўлар.

Нега ҳолат бундай эканлиги билан қизиқиб, кредитлар тақдим этишда фаол бўлган тижорат банкларига мурожаат қилдик.

 «Алоқабанк» акциядорлик тижорат банкининг жисмоний шахсларни кредитлаш бошқармаси бошлиғи Жўрабек Ўроқов бу масала юзасидан қуйидагича жавоб берди:

— Банкимиз томонидан юртимизнинг Қашқадарё, Бухоро, Сурхондарё, Самарқанд, Навоий, Наманган вилоятларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида бирламчи кўп хонадонли уйлар қурилиши молиялаштирилган. Яъни қурувчи корхоналар кўчмас мулкни фойдаланишга топшириши учун биз кредит берганмиз ва айни шу уйлардаги хонадонларга банкимиз томонидан ипотека кредити ажратилади. Ҳар бир банк биринчи навбатда ўзига тегишли маҳсулотни сотиши табиий, шу боис биз ҳам аввало айнан мана шу хонадонларга кредит тақдим этамиз. Бундан ташқари, банк кредит портфелини диверсификация қилиш мақсадида битта соҳага ажратилган кредитлар миқдори ошиб кетмаслиги керак. Бизнинг кўчмас мулк учун ажратилган маблағимиз миқдори айнан ўзимиз молиялаштирган уйлар учун мўлжалланган.

— Ўша бирламчи бозорга тақдим этаётган уйларингизга талаб қай даражада?

— Талаб мўлжалдагидек, айрим вилоятларда учта, бештагача шундай кўп квартирали уйлар қурилаётгани бунинг исботи бўла олади.

 «Ҳамкорбанк» акциядорлик тижорат банкига ҳам шу масалада мурожаат қилдик. Саволимизга жисмоний шахсларга кредитлар тақдим этиш бўлими бош мутахассиси Баҳодир Исмоилов жавоб берди:

— «Ҳамкорбанк» ипотека кредити тақдим этган пайтда бирламчи ёки иккиламчи бозор эканлигигига қарамай кредит берган. Ҳозир банкимиз томонидан нафақат иккиламчи, балки бирламчи бозордаги кўчмас мулк учун ҳам кредит бериш тўхтатилди. Узоқ муддатга жалб қилинган маблағларга нисбатан жойлаштирилган узоқ муддатли активлар салмоғи ортиб кетгани муносабати билан, бу ҳолат келажакда банкнинг ликвидлигига салбий таъсир қилишининг олдини олиш мақсадида ипотека кредитлари вақтинча тўхтатилган. Ҳозир катта миқдорда депозит жалб қилишга ҳаракат қилаяпмиз. Келажакда ипотека кредитлари яна тикланади.

— Савол туғилади, нега банклар иккиламчи бозорни унча хушламайди?

— Банклар таваккалчиликка қўл ураркан, ўз маблағининг сақланиб қолиши ва фойда келтиришига эътибор қаратади. Қарз эвазига гаровга олинган мулк келажакда ўз қийматини йўқотмаслиги муҳим масала. Бу ўринда оддий тил билан айтганда эски уйга нисбатан янги уйнинг баҳоси тушиб кетмаслигининг эҳтимоли юқори. Албатта, банк гаров мулкини тортиб олишни мақсад қилмайди ёки мижоз кўчмас мулк баҳоси тушиб кетишини истамайди, лекин бизнес эҳтиёткорликни талаб қилади.

 «Трастбанк» хусусий акционерлик банки кредит бўлими бошлиғи Рустам Миркаримовнинг билдиришича, бу банк мижоз зарур ҳужжатларни тайёрласа ва тақдим этса, иккиламчи бозор учун ҳам ипотека кредити берилади. Таъкидлаш жоизки, бу биз учун кутилмаган жавоб бўлди.

— Ростдан иккиламчи бозор учун ипотека кредити тақдим этасизларми?

— Албатта.

— Шартлари қанақа?

— Бундай кредитлар 10 йилгача муддатга берилади. Уй-жой (ҳовли) олиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 3000 баробаригача, квартира учун 2500 баробаригача, йиллик 25 фоизлик ставкада ипотека кредити берамиз.

— Бошланғич бадал миқдори қанча?

— Бошланғич бадал камида 25 фоиз. Бу ерда мижоз ва кафилларнинг маошлари кредитни тўлаш учун етарли бўлишига алоҳида эътибор қаратилади.

Демак, мижозлар учун бундай имкониятни тақдим этаётган банк ҳам бор экан-да!

 

Кредитларнинг турли вариантларини таклиф этаётган яна бир банк — «Asia Alliance Bank»нинг мижозлар билан алоқалар бўлимининг Азиза исмли ходими юқоридаги саволга шундай жавоб берди:

— Банкимиз кўчмас мулк харид қилиш учун ипотека кредитлари тақдим этади. Фақат бунинг учун кўчмас мулк қурилишини бизнинг банкимиз молиялаштирган бўлиши лозим. Ҳозир банкимиз Қарши шаҳрида 5 та уй қурилишини молиялаштираяпти. Яқинда Бухоро вилояти Когон шаҳрида ҳам янги уйлар қурилишини молиялаштирамиз. Ипотека кредитини биз фақат шу уйлар учун тақдим қила оламиз.

— Бу тушунарли, лекин гап иккиламчи бозор ҳақида кетмоқда.

— Иккиламчи бозор бўйича ипотека кредити кўзда тутилмаган. Чунки бу турдаги кредитлар муддати жуда узоқ бўлади. Кредит портфелидаги ресурслар кўп ҳолларда етарли бўлмайди.

«Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик тижорат банкининг расмий сайтида айнан шу турдаги кредитлар тақдим этилиши эълон қилинган.

«Ўзсаноатқурилишбанк» сайтидан скриншот

Аммо банкнинг Марказий амалиёт минтақавий филиали чакана кредит бошқармаси ходими Шерзод Раҳимбеков иккиламчи бозор учун кредит берилиши вақтинча тўхтатилганини билдирди:

— Сайтларингизда бирламчи ва иккиламчи бозор учун кредит тақдим этилиши эълон қилинган, мижоз ҳозир мурожаат қилса, қарз берасизларми?

— Маълумот эскирган. Иккиламчи бозор учун бу йил кредит бермадик. Ўтган йили декабрь ойигача ҳам бундай кредитлар тақдим этиб келинди. Аммо йил бошида ресурслар танқислиги ва якуний фоиз ставкалари тасдиқланмагани учун бундай кредитлар вақтинча тўхтатилди. Келажакда тикланса, оммага маълум қиламиз.

Мижозларнинг шикоятлари ўз исботини топмоқда. Банклар иккиламчи бозор учун ипотека кредитини деярли тақдим этмайдилар. Ўзаро суҳбатларда айрим мутахассислар бундай кредитлар норентабеллигини, яъни банк учун фойда келтирмаслигини билдиришди. Аммо кўчмас мулк бўйича олди-сотдиларнинг мутлақ кўпчилик қисми айнан иккиламчи бозорда кечаркан, бу жараёнларни кредитлаш ҳақида ўйлаб кўриш вақти келган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг