Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аброр Зоҳидов

Келажакка умид қилиш яхши, аммо айни дам ҳам гўзал эканлигига шукр қилиш унданда яхши.

Туркияга йўл олган ватандош, ўзбек деган миллатни шарманда қилманг! (видео)

Туркияга йўл олган ватандош, ўзбек деган миллатни шарманда қилманг! (видео)

Истанбул, «Отатурк» аэропорти.

Фото: central.asia-news.com

Сўнгги йилларда фуқароларимиз энг кўп бораётган, бизга қўшни бўлмаган мамлакат Россия бўлган бўлса, иккинчи ўринда, шубҳасиз, Туркия туради. Визасиз режим, қулай авиақатновлар, арзон маҳсулотлар ва юқори даражада йўлга қўйилган туризм хизмати кўпчиликни бу давлатга оҳанрабодек тортади.

Бу имкониятлардан ҳар йили юз минглаб юртдошимиз фойдаланмоқда. Аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек... деган минг марта қайтарилувчи ибора ҳам бу ўринда тўғри келмай қолди. Мавзу юзасидан қарайдиган бўлсак, курмаклар гуручдан кўпайиб кетгандек туюлади.

Ўзимизнинг аэропортга чиқсангиз албатта кимдир оёғингизга ёпишади: «Озгина гўштим бор эди... Икки блоккина сигарет сумкангизнинг бир четида кетса нима қилибди?».

Буниси ҳолва, энг даҳшатлиси Истанбул аэропортида юз беради. Дунёнинг ҳамма бурчаклари билан боғловчи бу улкан масканда турли миллат ва элат вакилларини учратиш мумкин. Ҳаммаси, ҳатто ўзимизча биздан ортда қолган деб ҳисобловчи африкаликлар ҳам тартиб билан юкини топширишади, навбатини кутишади, рисоладагидек учиб кетишади.

Мен ғурурланадиган миллатдошларим-чи?!

Эшитганимни эмас, кўрганимни айтай: Тошкентга рейс бўйича рўйхатга олиш ва юк қабул қилиш бошланганда ҳаммага жилмайиб хизмат кўрсатаётган аэропорт хизматчиларининг бирдан қовоғи осилиб, чуқур уф тортишди.

Шу пайтгача кўринмаган икки норғул йигит пайдо бўлди ва коридор ҳосил қилувчи тўсиқлар тиклашди. Кейин уларга яна иккитаси қўшилди ва узун ўриндиқларни судраб келиб ўзига хос қўрғон ясашди ҳамда фақат битта томондан киришни йўлга қўйишди.

Бунинг сабаби тезда аён бўлди. Ҳамма секин-секин йиғила бошлаганда йигирматача йигит, ўндан ортиқ аёл самолётга чиқмоқчи бўлган одам борки йўлини тўсарди: «Ака, мана буни ўтказиб беринг. Тошкентда болалар кутиб олишади». Аввал илтимос қилишади, кейин қаттиқроқ сўрашади ва арзимас нимадир таклиф қилишади. Яна рад этсангиз очиқдан-очиқ қўполликка ўтишади: «Шу юкни олиб кетсанг нима бўларди, қанақа ўзбексан?».

Сенинг ўзингга савол: юртингни шарманда қилаётган сен қанақа ўзбексан? Юкингнинг ичида нима борлигини мен қаердан биламан? Шунча зарур бўлса, пулини тўла, қонуний жўнат!

Ўша омонат киришдан ўтаётган аёллар кўтарган сумкаларни кўрсангиз ваҳмингиз келади. Турк нозирлари юк кўплигини айтиб қайтаришса, шаллақилик қилиб қўлига ёпишишади.

Нозир бир аёлга аввало босиқлик билан тушунтирди: «Сенинг қўлингдаги юкинг ҳажми самолёт салонига олиб кириш учун катта». Опа унинг гапига кирмай куч билан ўтишга уринди. Нозир яна тушунтирди: «Қоидани бузсанг, самолётга чиқармайман, чиптанг ҳам куйиб кетади!». Аёл энди очиқдан-очиқ дод солишга тушди ва вазият учун ҳаммани, ҳукуматдан тортиб барча амалдорларгача айблай бошлади, порахўрликдан ёзғирди. Ҳамма асабийлашганча тезроқ ўтишни кутарди. Камида йигирма минут вақтни олган аёл барибир билганидан қолмади. Ўтиб олганидан кейин ҳаммага «бопладимми?» дегандек тиржайиб қўйди. Афсуски, бунақалар кўп экан.

Ҳалиям турк нозирлари анча босиқ, агар шу қилиқларини бизда қилишса, нафақат юкидан, балки озодлигидан ҳам айрилиши ҳеч гап эмас!

Минглаб одамлар йиғилган аэропортда нафақат юкларимизни юкладик, балки ўзбек деган миллат обрўсини тўкиб ўтдик!

Эй ватандош, қўпол бўлса-да, наҳот шу даражада ўлар жойда бўлсак? Наҳот хорижга чиққанда биз энди фақат ўзимизнинг эмас, ватанимиз номини кўтариб юришимизни англамасак?!

Ҳали Туркияга бориб пинҳона ишлар билан шуғулланаётган жувонларни айтмаяпман. Бунинг ўзи алоҳида, оғриқли ва катта мавзу. Лекин ҳарқалай улар минг оғир гуноҳ қилмасин, пинҳона қилишаяпти. Сиз-чи, опажон? Турли миллат вакилларидан жамланган жамоат орасидаги аҳволингизга четдан бир назар солганмисиз?!

Қуйидаги видеолавҳа ҳам арзимас фойда деб кўпчилик олдида изза бўлаётган аёлларимиз ҳақида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг