Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Даврон Ғойипов фожиаси: автоҳалокат, кўз ёшлар ва ногаҳоний ўлим

Даврон Ғойипов фожиаси: автоҳалокат, кўз ёшлар ва ногаҳоний ўлим

7 октябрь – таниқли хонанда, ўзбек рок-н-ролли асосчиси Даврон Ғойиповнинг туғилган ва вафот этган куни. Бундан бир йил аввал баҳор ойида у кутилмаган фожиага йўлиққан, оғир жароҳат олган ва яшашга умиди тобора сўниб борган эди...

Ёмғирли кундаги қўнғироқ

Ўшанда, 2022 йил апрель ойининг ёмғирли кунида Даврон Ғойипов Сурхондарёдан – зиёратдан қайтаётганди. Олис йўлдаги кўлмак туфайлими ёки «Cobalt»нинг ёш ҳайдовчиси тажрибасизлик қилдими, автомобиль бошқарувни йўқотди ва сирпаниб, жарга ағдарилиб кетди. Юз метрча пастга қулади. Яп-янги «Cobalt» шунчалик пачоқ бўлган, абжағи чиққандики, салондаги одамларни ўлди, деб хулоса қилиш мумкин эди. Хайриятки, Даврон Ғойипов ҳам, ҳайдовчи ҳам тирик чиқишди.

Бундан икки дақиқа аввал Ғойипов ҳайдовчи йигитга дашном бериб, машинани секинроқ ҳайдашини сўраган эди. Ғизиллаб кетаётган «Cobalt» бир сакради-ю... Даврон Ғойипов оёқларини йиғиштириб олишга улгурди, акс ҳолда улар чўрт узилармиди! Икковлон тирик қолган бўлса-да, қўшиқчи ёпиқ тан жароҳати олган, аммо буни ҳали ўзи билмасди. Ҳайдовчи йигитга эса жин ҳам урмади!

Даврон Ғойипов энг яқин дўсти Улуғбек Ҳасанов билан.

Улуғбек Ҳасанов шундай эслайди:

– Рўзанинг охирги кунлари эди. Ёмғир ёғаётганди. Соат кундузги тўрт-бешларда телефоним жиринглади. Даврон экан. «Мен аварияга учрадим... жарликка тушиб кетдим», – деди. Машинани чиқариб олишибди. Даврон йўловчи таксида Қашқадарёга келаётган экан. Унга пешвоз чиқиб, кутиб олдим. Даврон бели оғриётганини айтди. Дўхтирга бордик. Врач унинг умуртқа поғонаси синганини менга шипшиб, шифохонага ётқизиш кераклигини тайинлади...

«Оригинал» асосчиси, бетакрор қўшиқлар ижрочиси шу тариқа Қашқадарёда қолиб кетди.

Туну кун меҳнат қилган, бетакрор ижод намуналарини яратиш истаги билан ёнган, мусиқа ёзмаса, қўшиқ куйламаса, ҳаловатини йўқотадиган ижодкорнинг шифохона тўшагида бел оғриғига бардош бериб ётганини тасаввур қилинг! Устига-устак, Даврон Ғойипов узоқ йиллардан буён қанд касалини орттириб олган эди. Умуртқа поғонаси сингани етмагандай, гоҳида қўлларининг бармоқлари ишламай қоларди. Нима бўлганда ҳам автоҳалокатдан сўнг, дўсти Юнус Эргашев таъкидлаганидек, «у минусга қараб кетди».

Тўғри, Даврон Ғойипов бутунлай ётиб қолгани йўқ. Шифохонадан бир неча марта кетиб қолди. Самарқандга, Хоразмга борди, тўйларда қатнашди. Аммо шифохонага қайтмаса, даволанмаса бўлмасди. Унга фақат дўстлари далда беришди, ёнидан жилмай қўлларидан келганча ёрдам қўлини чўзишди. Қариндошлардан ҳам, Тошкентдаги шогирдлардан ҳам дарак йўқ эди.

Даврон Ғойипов йиғлар эди. Аввало, кучли оғриқдан, қолаверса... Ўзбек рок юлдузининг кўз ёши тўкишига яна бир мудҳиш сабаб бор эдики, буни ҳозирча ошкор этолмаймиз.

Бора-бора у шифохона палатасида, меҳмонхонада якка ўзи қолишдан қўрқадиган бўлди. Ўпкаси тўлиб йиғларди. «Ўлгим келяпти», – дерди. Унинг бир буйраги анча йиллар муқаддам жарроҳлик йўли билан олиб ташланган, иккинчиси ҳам қуриб бошлаган, қолаверса, жигари панд бераётган эди...

Карим Мирҳодиев: «Мен Даврон Ғойиповни ҳақиқий санъаткор, деб ҳисоблайман».

Ота вафоти ва ғуссалар

Қарангки, бирорта хориж мусиқасини ўғирламаган, аниқроғи, плагиатликка қўл урмаган Даврон Ғойипов бирорта давлат мукофотини ҳам олмаган. Аксинча, мусиқий фаолиятининг аввал бошидан турли тазйиқлар, тақиқларга дучор бўлганди у.

Отаси Рўзмет Ғойипов пахта иши ва ўзбеклар иши бўйича 63 ёшида фожиали вафот этган. Бастакор ва хонанда Акром Ибодуллаевнинг таъкидлашича, Ғойипов ўз жонига қасд қилмаган, балки ўлдирилган. Бу ҳақда Акромга устози Даврон Ғойипов айтиб берган экан.

Қашқадарё вилояти компартиясининг биринчи котиби бўлган Рўзмет Ғойиповни ҳибсга олиш учун Гдлян ва Иванов кўрсатмасига кўра, «ҳуқуқ посбонлари» унинг уйига борадилар. Кейин эса Ғойипов қўшни хонада... танасининг 17 жойига пичоқ урилган ҳолда топилади. Мантиқан қараганда ҳам, ўзини ўлдирмоқчи бўлган инсон 17 жойига пичоқ урмайди, бунга ҳол-жони қолмайди. Хўш, уйда терговчилардан бошқа гувоҳлар бўлмаганми? Бўлган. Ғойиповнинг аёли ва қизи ҳам бор эди ўшанда, аммо қанд касали билан оғригани боис Ёқутжон опанинг кўзлари кўрмасди.

Оила бошига кулфатлар ёғилди. Ўғиллар ҳибсга олинди, қийноқ-қистовлардан сўнг қўйиб юборилди. Давронга эса катта туҳмат уюштирилди. Айни концерт бериши арафасида унинг қўлларига кишан солинди. Даврон Ғойипов билан бирга оталари катта лавозимларда ишлаган икки йигит ҳам қамалди. Ажаб замонага хос «ов» дейиш мумкин эди буни! Суд ҳукми ўқилди. Кейин эса Россиянинг олис ва совуқ ўлкасига фақат Даврон бадарға қилинди. Умри бино бўлиб сиёсатга аралашмаган, фақат санъатни – мусиқани ўзининг дунёси деб билган Даврон Ғойипов саккиз йилга «кесилган» эди. У беш йил панжара ортида бўлди. Бошқа маҳбуслар қатори қаҳратон совуқда энг оғир юмушларни адо этди. Аммо қанчалик қийналгани ҳақида кейинчалик сўралганида бу ҳақда гапиришни истамади. Нохуш хотираларни ўчириб ташлаш керак, деб ҳисобларди у.

Давроннинг озодликка чиқишига рус қўшиқчиси Алла Пугачёванинг ёрдами катта бўлди. У бу ёш қўшиқчининг мислсиз иқтидорини аллақачон илғаган эди. Пугачёва ва Ғойиповнинг бир-бирига ҳурмат-эҳтироми шу қадар кучли эдики, Алла Борисовна Давроннинг таклифи билан Қашқадарёга тўйга ҳам борганди.

Озодликка чиққан Даврон Ғойипов «Оригинал»ни тикламоқчи бўлди, аммо гуруҳ «Бу нима бу» деб номланди. Янги қўшиқлар, ажойиб тароналар эса барибир оригинал эди. Даврон Ғойипов яна саҳнага чиқди, мудраб ётган мухлисларини уйғотди. У ҳали-ҳануз машҳур, айниқса ёшлар орасида чинакам кумир эди. Шу боис «Бу нима бу» фильмига таклиф қилинди ва сўз устаси Обид Асомов билан чиқиб, бош қаҳрамонни ижро этди.

Ўзбек эстрадасининг икки забардаст вакили: Даврон Ғойипов ва Равшан Намозов. Ўлимлари оралиғи: бир ҳафта. Ҳар иккиси ҳам шифохона тўшагида жон берган.

Аммо, минг афсуски, Даврон Ғойиповнинг меҳнати барибир қадр топмади. У концертлар берди, катта саҳналарга чиқди. Бироқ фалон-писмадон идораларга чақирилиб, қўшиқларини «тартиб»га солиши талаб қилинди. Тоҳир Содиқовнинг концерти куни саҳнага чиқишни роса кутган эди. Бироқ кутилмаганда, ўша замон одатига мувофиқ «запрет»га тушди: бир кун олдин хориж радиосига интервью бергани учун!

«Кўзларинг», «Севги», «Нозима»... Эҳ, унинг қўшиқлари! Нақадар жозибали, ўйноқи охангларга бой! Айниқса, гитара овози титратиб юборади. Даврон Ғойипов кўп изланган, китоб ўқиган, айниқса тарихни чуқур билган. 600 дан зиёд қўшиқ яратишнинг ўзи бўладими, ахир! Репертуарида Зокиржон Фурқат ғазалидан тортиб Абдулла Орипов шеърига басталанган қўшиқлар ҳам бор эди. Даврон Ғойипов бошқа ижод намуналарини ҳам тинглар, айниқса Ботир Зокировнинг «Мажнунтол»ини сел бўлиб эшитарди.

У шунчаки рок куйламади, балки бу жанрни мақом билан уйғунлаштирди. Надоматки, буни ҳамма ҳам англаб етмади.

Буюк, аммо даҳшатли ўхшашлик ва сўнгги илтимос

Камина афғон қўшиқчиси Аҳмад Зоҳирнинг таржимаи ҳоли билан танишар эканман, Даврон Ғойипов вафотига дахлдор ўхшашликка дуч келдим. Аҳмад Зоҳир ҳам машҳур қўшиқчи бўлган. Даврон Ғойипов қўшиқлари каби унинг хонишларини ҳам чет элларда севиб тинглашган. Қарангки, у автоҳалокат туфайли ҳалок бўлган. Қолаверса, Аҳмад Зоҳир ҳам ўзининг таваллуд куни ҳаётдан кўз юмган.

Вафотидан бир кун олдин Даврон Ғойипов шифохонадан дўстларига қўнғироқ қилди. «Эртага 7 октябрь, менинг туғилган куним. Бир сомсахўрлик қилайлик», деди. Улуғбек ака ва Юнус ака, одатдагидек, «Гап бўлиши мумкин эмас», дейишди.

Даврон Ғойиповнинг сўнгги кунларигача ёнида бўлган дўстлари: Юнус Эргашев ва Улуғбек Ҳасанов.

Эртаси куни шифохонага боришса, ҳамма у ёқдан-бу ёққа чопиб юрибди. Давроннинг аҳволи оғирлашиб қолибди. Палатага киришди. Унинг оғзига сунъий нафас олиш мосламаси ўрнатилган эди. Дўстлар ҳайрон бўлишди. Ахир, куни кеча аҳволи яхши, овози тетик эди-ку?

Даврон Ғойипов Улуғбек Ҳасановнинг қўлини қисмоқчи бўлди, аммо ҳолсиз эди, кучи етмади. Нимадир демоқчи бўлди, аммо айта олмади. Йиғлади. Улуғбек ака таскин берди, «Ҳаммаси яхши бўлади, ўзингни қўлга ол», – деди.

Минг афсуски, яхши бўлмади. Шифокор айтганидек, пешинга яқин Даврон Ғойиповнинг кўзлари мангуга юмилди. У садоқатли дўстларининг қўлида жон берди...

Даврон Ғойипов қабри (Урганч).

Яқинда Улуғбек Ҳасанов Хоразмга – Урганчга бориб келди. Марҳум дўстининг қабрини зиёрат қилди. Бирга ўтган кунларини эслади, чуқур қайғуга ботди.

Айнан шу дўстларнинг саъй-ҳаракати билан 15 октябрь куни Қаршида Даврон Ғойипов хотира кечасини ўтказиш кутилмоқда. Бундан марҳум қўшиқчининг руҳи шод бўлса не ажаб!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг