Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

«Ы операцияси»... Бош қаҳрамоннинг аччиқ қисмати

«Ы операцияси»... Бош қаҳрамоннинг аччиқ қисмати

Кинотомошабинларга Шурик номи билан танилган актёр Александр Демьяненконинг ҳаёти турли кечинмаларга бой эди. У зангори экран орқали миллионлаб томошабинларга кулги улашган бўлса-да, ўзининг ҳаёти ҳавас қилгудек эмасди. Тўғри, актёр фаолиятининг маълум босқичида сезиларли муваффақиятга эришди, бироқ бора-бора айнан шу муваффақиятлари ғов бўла бошлади.

Биринчи, иккинчи, учинчи хотин

Александр Демьяненко 1937 йилнинг 30 майида Свердловскда дунёга келган. Отаси Сергей Петрович актёр бўлиб, доим аёллар қуршовида эди. Тўнғич ўғли туғилгач, Сергей Петрович оиласини тарк этиб, иккинчи марта уйланди. Бу никоҳдан бир ўғил ва бир қиз туғилди. Орадан маълум вақт ўтгач, Сергей Петрович биринчи оиласига қайтди ва Сашанинг икки синглиси – Наталья ва Татьяна дунёга келди.

Сергей Петровичнинг иккита оиласидаги беш нафар фарзанди ўзаро аҳил-иноқ эди. У эса... учинчи марта уйланди ва бу хотини – Зоя Павловна билан умрининг охиригача яшади. Ҳамиша отасининг ёнида юрган Саша театрга қизиқиб қолди. У маданият уйи тўгарагига қатнаб, роллар ўйнай бошлади. Мусиқий мактабда таҳсил оларди...

1954 йили мактабни тамомлаган Саша Свердловск университетининг ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга кирди. Аммо фақат ярим йил ўқиди. Уни саҳна ўзига тортарди. Иккинчи йили Москвага йўл олди. Сўнг ота-онасига телеграмма юборди: «Мен Шчукин олий ўқув юртига қабул қилиндим».

Александр Демьяненконинг ўқиши яхши, лекин кўп дарс қолдирарди. Машғулот пайтида у қўлини кўтарарди: «Ташқарига чиқсам майлими?» Ўқитувчи рухсат бергач, аудиториядан чиқар ва индамай Свердловскка кетиб қоларди.

Иккинчи курсда ўқиётганида ГИТИС режиссёрлари Александр Алов ва Владимир Наумов Сашани «Шамол» фильмига таклиф қилишди. Бу роль томошабинлар қатори киноусталарининг ҳам эътиборини қозонди. Кинода янги қаҳрамон — мардонавор, камтарин, зиёли ёш йигит пайдо бўлган эди.

1959 йили ГИТИСни тамомлаган Александр Демьяненкони Моска драма театрига таклиф қилишди. У бу даргоҳда уч йил ишлади. Демьяненкони кино ўзига кўпроқ тортарди. У Алов ва Наумовнинг навбатдаги фильмида суратга тушди. Кейин яна иккита картинада ўйнади. «Дима Гориннинг мартабаси»да ҳалол кассир ролини ижро этди. Иккинчи фильмнинг номи «Катта болалар» бўлиб, Демьяненко Дидия Алешникова билан бирга ўйнади.

1962 йилда Демьяненко театрни тарк этиб, Москвадан Ленинградга кўчиб ўтди. У «Ленфильм»да фаол суратга тушар, Москвада яшаш учун жойи йўқ эди. Ленинградда эса уй беришганди.

«Ленфильм»да Александр «Бўм-бўш рейс» (1962), «Давлат жиноятчиси» (1964) фильмларида роллар ижро этди. Аста-секин танилди. Унинг роллари ҳақида матбуотда ёзиб, расмлари сотиладиган бўлди. Аммо Демьяненконинг қаҳрамонлари бир қолипда эди: иши юришмайдиган, бироқ ҳамиша виждонли, қатъиятли йигит... Гайдай билан ишламаганида Демьяненконинг кейинги тақдири қандай кечиши ҳали номаълум эди.

Владикми ё Шурик?

60-йилнинг ўрталарида режиссёр Леонид Гайдай комедия суратга олишга киришди. Сценарий «Жиддий бўлмаган саргузаштлар» деб номланди. Бош қаҳрамон – Владик Арьков исм-шарифли талаба. Режиссёр бу ролга 40 нафар даъвогарни синовдан ўтказди, аммо бирортаси ёқмади. Шунда кимдир гапириб қолди: «Ленинградда яхши актёр бор». Леонид Иович ишини ташлаб, Ленинградга йўл олди...

Демьяненко қорасоч эди. Фильмда уни сариқ сочли қаҳрамонга айлантиришди.

«Ўшанда терисининг қабариқларигача бўяб ташладилар, — деб эслаганди хотини Людмила Акимовна. — Бўёқлар жудаям сифатсиз эди».

Фильмни суратга олиш ишлари бошланди. Ижодий гуруҳдан кимдир Гайдайга маслаҳат берди: «Қаҳрамоннинг исми Шурик бўла қолсин». Гайдай маъқуллади. Кўп ўтмай, «Ы» операцияси ва Шурикнинг бошқа саргузаштлари» экранларга чиқди.

Шурик роли Демьяненкога улкан омад ва шон-шуҳрат олиб келди. Орадан икки йил ўтгач, режиссёр бу қаҳрамоннинг навбатдаги ҳангомаси — «Кавказ асираси ёхуд Шурикнинг янги саргузаштлари» фильмини суратга олди. Кейинроқ эса «Иван Васильевич касбини ўзгартиради» экран юзини кўрди.

Машҳурлик ва... фожиа

«Шурик» Демьяненкога ўчмас тамғадек ёпишиб қолди. У кўчага чиқолмас, одамлар ёпирилиб, елкасига қоқишар, сенсираб, кўзойнагига тегиб, қулоғидан чўзишга уринишарди. Демьяненко камтарин ва индамас бўлиб, бетакаллуфликни ёқтирмас, жирканарди. Аммо мухлисларнинг тўлқинини тўхтатиб бўлмасди.

Шурик роли туфайли уни томошабинлар билан учрашувларга таклиф қилишарди (бу актёрнинг иккинчи даромад манбаи эди). Бироқ...

Кўп ўтмай, омадли деб топилган роль Демьяненконинг фожиасига айланди — кўпгина жиддий режиссёрлар унга роллар беришни бас қилишди. Улар Демьяненкога ишонишдан қўрқишарди. Томошабин қўлини бигиз қилиб, «эй, ахир, бу Шурик-ку», дейишини ўйлашарди.

Демьяненко ўз хотираларида шундай ёзган: «Мен шунчалик машҳур эдимки, режиссёрлар: «сен, ҳатто врачни ўйнасанг ҳам Шуриклигингча қолаверасан», деб бош чайқашарди. Ишсиз қолиш янада кўнгилсизлик эди».

Бўйиндаги тош

Демьяненкони театр ва ТВ қутқариб қолди. У дубляжга боши билан шўнғиди. Роберт Де Ниро, Жан-Поль Бельмондо, Умар Шариф, Уго Тоньяцци, Жон Войт каби актёрлар экранда Демьяненконинг овозида гапиришган. У мультфильмларга ҳам овоз бера бошлади.

Кинода Александр Демьяненко бошқа тузукроқ қиёфа ярата олмади. Шурик образи актёрнинг бўйнида тошдек осилиб турарди. Шу боис, унга иккинчи даражали, кичик ролларни беришарди. Демьяненко суратга тушаверди. Умрининг охиригача 73 та фильмда суратга тушди.

Демьяненко «Ленфильм»дан кетгач, Акимов номидаги сатирик театрда фаолият кўрсатди. 1996 йилдан эса Санкт-Петербургдаги «Муғомбирлар макони» театрида ишлай бошлади. «Владимир майдони» ва «Антигона» спектаклларида роллар ижро этди. Ижроси яхши бўлса-да, бу театр унча катта эмас, шу боис, кенг омма билавермасди.

Муҳаббат, шахсий ҳаёт

Демьяненко биринчи хотини билан ёшлигида танишган. Биргаликда 16 йил яшашди. Кейин эса у лаш-лушларини олди-ю, уйдан чиқиб кетди. Янги маҳбубаси «Ленфильм» режиссёрининг ёрдамчиси Людмила эди. Актёр у билан дубляжда танишди.

Людмила Акимовна шундай деб эслайди: «Биз ҳеч қачон жанжаллашмаганмиз. Йигирма тўрт йил бирга яшаб, бир мартаям тортишмадик. Негадир бир-биримиздан хижолат тортардик».

Бу Людмила Акимовнанинг ҳам иккинчи никоҳи эди. У биринчи турмушидан қизи Анжеликани тарбияларди (Лика актриса бўлиб етишди, «Итюрак», «Сайёралар тантанаси», «Бахтли кунлар» фильмларида суратга тушди).

Александр Сергеевич ўгай қизи Анжеликага меҳр билан қарарди. Улар бир-бирлари билан мулойим гаплашишган. Демьяненко ўзи хушмуомала инсон эди. Бошқа руслардан фарқли ўлароқ, у ўзининг ота-онасини «сиз»лаб гапирган. Демьяненконинг... ўзининг фарзандлари йўқ эди. Учрашувларда сўраб қолишса, «ўгай қизим бор», дерди. «Ўгай» сўзини ҳурмат билан тилга оларди.

У ҳар доим масъулиятни ҳис қилиб ишларди. Дала-ҳовлини яхши кўрарди. Кўп китоб ўқирди. Ҳаддан зиёд камтар эди. Масалан, йирик автомобиль компанияси машина совға бермоқчи бўлганида рад қилган.

Демьяненко тасодифий танишлар, ортиқча учрашувлардан қочарди. Юрий Никулинни ҳурмат қилса-да, унинг «Оқ тўти» кўрсатувида иштирок этишдан бош тортди. Агар «Заковат» каби интеллектуал кўрсатувларда қатнашганида миллионлаб пулларни ютиб олиши мумкин эди. Чунки Демьяненко тафаккури кенг, ақл-заковатли бўлиб, билими чуқур эди. Айрим актёрлар экранда ақлли инсонларни ўйнашади, ҳаётда эса гўл, калтафаҳм бўладилар. Демьяненкода мутлақо акси эди.

1 сентябрда, таътилдан сўнг!

Александр Демьяненконинг юраги касаллиги, уни операция қилиш кераклигини ҳеч ким билмаган. Бу хасталик Казаков театри бош режиссёри барча халқ артистларини чақириб, гаплашганидан сўнг бошланган. Аёл Демьяненкога шундай деган: «Мен сизни театр артисти сифатида билмайман, кинода кўрганман, холос». Бу гап Демьяненконинг иззат-нафсига тегди: «Тушунарли, раҳмат. Демак, мен ишдан бўшатилдим». Унинг юзи оқариб чиқди: «Мен ҳеч кимга керак эмасман. Мени танишмайди ҳам...»

Уни кинога жуда кам таклиф қилишарди. Демьяненко «Қулупнайжон» сериалида ўйнашга мажбур бўлиб, бу тижорий лойиҳани жонлантириб юборди. Ҳар куни сериалнинг янги қисми суратга олинарди. Демьяненко аввал Москвадаги меҳмонхонада, сўнг ижара уйда яшашга мажбур бўлди. Уйига фақат якшанба кунлари келарди. Бир кун ҳам ижодий гуруҳ ишини барбод қилмасди.

«Қулупнайжон»ни суратга олаётганларида Демьяненконинг ўнг кўзи кўрмай қолди. Москвада операция қилинди. Бу актёрнинг биринчи наркози бўлиб, уни жуда оғир ўтказди. Натижада танасида яшириниб ётган жароҳатлар бош кўтарди. Врачлар, язва — ярали касаллик, дейишди. Актёрнинг аҳволи оғирлашгач, бу язва эмаслиги, балки иккинчи инфаркт рўй бергани аён бўлди. Ваҳоланки, Демьяненко инфарктнинг биринчисини ҳам хаёлига келтирмаганди. Зудликда операция қилиш керак эди.

1999 йил ёзида даҳшатли жазирама бошланди. Шифокорлар кўрсатмасига кўра, Александр Сергеевич коронарографияга тайёрланди. Уни операция қилиш шифокорлар таътилдан қайтадиган ва салқин бошланадиган 1 сентябрь кунига белгиланди. Бироқ...

Александр Демьяненко 22 август куни ҳаётдан кўз юмди... «Операция «Ы» қаҳрамони ижрочисини операция қилишга кечиккан эдилар...

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг