Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бобур Наби

Фиқрачилар фирқасиданман!

Барибир фойдаси йўқ!

Барибир фойдаси йўқ!

Фото: «Championat Asia»

Бир фермер бўлган экан (ҳозир ҳам бор). Унинг ўн гектар ери бўлган экан (ҳозир ҳам бор). Ўша ўн гектар ерига пахта экиб, ҳосилини хирмон қилган экан (ҳозир йўқ лекин). Яна у фермер футбол мухлиси ҳам экан, миллий терма жамоа ўйинини кўриш, қўллаб-қувватлаш учун ҳар нарсага тайёр экан.

Кунлардан бир кун, яъни Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2018 саралашида Жанубий Корея термасига қарши тушиб қолибди. Лекин айни ҳосил пайти бўлгани учун Тошкентдаги ўйинга боролмайдиган бўлибди. Шундай бўлса-да, барча ишини ўйин пайтигача битириб, телевизорда кўриш учун тайёргарлик қила бошлади. Ёлғиз ўзи кўргиси келмай, ҳунарманд ошнасини ҳам чақирди. Аммо дўсти унинг ҳафсаласини пир қилди.

— Қўйсанг-чи, барибир фойдаси йўқ, асабларим ўзимга керак, — деди ҳунарманд қўл силтаб.

— Нега ундай дейсан? Жамоамизга ишонишимиз керак, албатта ғалаба қозонамиз! — деди бўш келмай фермер.

Хуллас, иккиси келишолмади. Ҳунарманд «кўраман» деганча ишига берилди. Фермер эса дўконга кирди. Икки шиша пиво, 4-5 дона қурут, ош учун масаллиқлар сотиб олди. У азалдан шундай, жамоа ютқазганда ҳам, барча ўйинларга шу тахлит иштиёқ билан тайёргарлик кўради. Уйига етиб келиб, хотинига бир кўз қисиб, масаллиқларни берди.

— Қалайсиз, хотинжон! Бугун бир ош қилинг, маза қилиб футбол кўрайлик.

Хотин ҳам бу ҳолатга кўникиб қолган. Ишқилиб ютсин-да, деб минғирлаганча ошхонага кириб кетди. Орадан ярим соатлар вақт ўтди ҳамки, ҳунарманд ошнасидан дарак йўқ. Дарров телефонини олиб, унга қўнғироқ қилди:

— Қайдасан-е? Ке энди, ҳозир футбол бошланади. Унгача майдалаб ўтирамиз.

Телефон аппаратидан овоз келди:

— Э ошна, барибир фойдаси йўқ, вақтимни олмагин. Яхшиси, сен ҳам кўрма, менга раҳмат айтасан.

Фермер қўярда-қўймай алоқани узди. Бир шиша пивони очиб, ўзи «майдалаш»га тушди. Телевизорни «Спорт» каналига созлади, ана, футбол бошланай дебди. Ёнига икки ўғли ҳам келди. У секин пивони яширди. Ҳунармандга яна бир марта телефон қилиб, эслатиб кўрсин-чи, зора, келиб қолса. Лекин яна ўша гапни эшитди: «Барибир фойдаси йўқ, ишингни қилсанг-чи».

— Э нима, сен фолбинмидинг? Қаердан биласан, балки ютармиз, тўртта гол урармиз! — деганча қолди фермер...

Ўйин бошланди. Бизникилар дарров ҳужумлар ёмғирини ёғдиришга тушишди. Фермер бақириб, ҳайқириб, «ур, сол, бўш келма!» деб кўрар, унга қўшилиб, ўғиллари ҳам қийқиришарди. Ўйин қизигандан-қизиб борарди. Лекин шу пайт лип этиб чироқ ўчиб қолди...

Фермер бир муддат жим бўлди. Оғзида қурут, қўли мушт, тепага кўтарилганча қотиб турарди. Ҳозир унинг ҳолатини, ичидан нима ўтаётганини сўз билан изоҳлаш қийин эди. Сукунатни телефонининг овози бузди. У беихтиёр гўшакни кўтарди.

— Мен сенга нима дегандим, ошна, барибир фойдаси йўқ. Энди нима бўлади? Биринчи ўринда телевизор учади, кейин хотин балогардон, охирида тошойнага ҳам ҳожат қолмайди, — деди-ю ҳунарманд ҳиринглаганча алоқани узди.

Унинг жиғибийрони чиқиб, фиғони фалакка кўтарилди. Қизариб, бўзариб, ичидан алами келиб, бор кучини овозига кўчирди:

— Хотин!!!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг