Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Лайло Ҳайитова

Шиори: Олға ҳаракат қил, ўрган, излан, уриниб кўр, муҳими, тўхтама!

Панжара ортидаги пушаймонлик (видео)

Панжара ортидаги пушаймонлик (видео)

Foto: Xabar.uz

Темир эшикнинг оғир ёпилган овози одамнинг юрагини беихтиёр сиқиб қўяди. Унинг ортида қолган сукут эса янада оғир. Бу ерда ҳар бир дақиқа узун, ҳар бир кун соғинч ва изтироб билан ўралган кўйи ўтади.

Бундан икки йилча илгари Бухоро шаҳридаги ҳибсхоналардан бирида маҳкумлар билан учрашган эдик. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги жазони ижро этиш департаменти олтинчи минтақавий ҳудуд 4-сон тергов ҳибсхонасида кечган маҳкумлар билан навбатдаги учрашувда ҳам ана шундай туйғуни ҳис қилдик.

Учрашув Бухоро вилояти ёшлар ишлари бошқармаси томонидан ташкил этилди. Унда масъуллар томонидан ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, меҳнат қилиши ва жамиятда муносиб ўрин топиши учун яратилаётган имкониятлар таъкидланиб, ҳар бир имкониятдан тўғри фойдаланишга чақирилди.

Бугун ёшлар учун очилаётган эшиклардан фойдаланмай, бир лаҳзалик хатонинг ортидан умрининг энг қимматли йилларини панжара ортида ўтказиш, бу – қайтариб бўлмас йўқотишдир.

Ҳибсхонадаги муҳитни сўз билан ифодалаш қийин. Бу ердаги ҳар бир юзда айтилмаган ҳикоя, ҳар бир нигоҳда пушаймонлик бор. Кечагина ота-онасининг эркатойи, кимнингдир орзуси, севгилиси, кимнингдир фарзанди бўлган йигитлар бугун темир панжаралар ортида. Уларнинг айримлари ҳали ҳаётнинг, ҳатто, ўспирин йигитлик йилларини яшаб улгурмаган. Афсуски, биргина нотўғри қарор, оқибатсиз дўстлар, биргина эҳтиётсиз қадам уларнинг тақдирини ўзгартириб юборган.

Суҳбат давомида маҳкумларнинг кўзларида пушаймонлик фарёд қилди. Афсуски, уларнинг мунг ва аччиқ ёшга тўла кўзларини кўрсата олмаймиз. Юракларни сел қилиб юборадиган бу кўзёшлар бирининг бошини эгди, бирини сўзсиз қолдирди. Бири ота-онасини тилга олганда, овози титради. Яна кимдир фарзандларини соғинганини яшира олмади. Энг оғриқлиси, уларнинг кўпчилиги озодликнинг оддий нарса эмаслигини англаб етган.

Ташқарида биз оддий қабул қиладиган нарсалар бор: эрталаб кўзни очиб, она овозини эшитиш, кўчага бемалол чиқиш, дўстлар билан учрашиш, фарзандларингни бағрингга босиш, истаган жойингга бориш... Бу ерда эса ана шу оддий ҳаётнинг ўзи катта орзуга айланган.

Агар вақтни ортга қайтаришнинг иложи бўлганда эди.., –  деган мазмундаги гаплар суҳбатлар орасида қайта-қайта такрорланди.

Аммо, вақт ортга қайтмайди.  Маҳкумлар қилган ишининг жазосини ўташи мумкин. Лекин, йўқотилган йилларни, ота-онанинг қаришини, фарзандининг улғайиб қолганини ортга қайтариб бўлмайди.

Панжара ортидаги муҳит кишини ўйга толдиради. Бу ерда жазо фақат темир эшиклар ва чекланган ҳаракат эмаслигини англайсиз. Энг оғир жазо – яқинлардан узоқлик, ўз қилмишингиз билан ёлғиз қолишингиз, хатоингизни англашдир.

Такрор айтамизки, маҳкумлар орасида ёшларнинг борлиги яна ва янада оғир таассурот қолдиради. Чунки, ёшлик адашиш учун эмас, орзу қилиш, мақсадлар сари интилиш учун, касб эгаллаш, илм ўрганиш, ҳаёт қуриш учун берилган давр. Бироқ, нотўғри танланган муҳит, назоратсиз қолган истак, ёмон дўст ёки бир лаҳзалик нафс гоҳида инсонни йиллар давомида пушаймон бўлиб яшашга мажбур қилади.

Келинг, яхшиси, уларнинг сўзлари – пушаймонликларини ўзлари билан кечган суҳбатдан эшитайлик.

«Ҳаётимда мен бошқа дўст кўрмадим. У отам»

Мен маҳкум Давронбек Орифжонов, Фарғона вилоятиданман, вақтинчалик жазо муддатимни шу ерда ўтаб келяпман. Менга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 251-моддаси, 5-қисми билан беш йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. Учдан бир қисмини «зона»да ўтказаман, қолгани колонияда. Жараён шундай давом этади. 16 ой ўтди, 4 ойдан кейин колонияга йўл.

– Бу ерда ўтказган вақтингизда сиз ўзингизда нималарни ўзгартирдингиз?

Нималарни ўзгартирдим, нималарни тушуниб етдим? ўйчан сўзлади суҳбатдош, биринчи ўринда, одам «ташқари»да қадрига етмаган нарсаларни қадрига етишни ўрганар экан бу ерда. Нимани хор қилсанг, шунга зор бўласан, деб бежизга айтишмаган экан. Озодликни қадрига етмаган эканмиз. Шароитни ёмон, демайман. Аммо, барибир, озодлик бўлмагач, ҳеч нарса татимайди.

– Сизнинг-ча, жиноятга етакловчи омил нима? Атрофми, нотўғри танланган дўстларми ёхуд пул етишмовчилигими? Нима?

Ён-атроф... нотўғри дўстлар... Сизни шу ергача олиб келар экан. Агар атрофингиздаги дўстлар ёшроқ бўлса, бу сиз қаровсиз қолдингиз, дегани экан. Бу менинг фикрим. Мен шу нарсага ҳаётимда гувоҳ бўлдим. Ўз кўзларим билан кўрдим. Ўз ҳаётимни шундай ўтга ташладим.

– Суҳбат жараёнида кўраяпмизки, сиз уқувли ва илмга чанқоқсиз. Ўқимишлисиз, адашмасам...

Фарғона давлат университетининг иқтисодиёт факультетини тугатганман. Армия хизматини ўтаганман. Футбол бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлганман. Шунча шараф, шунча ҳаракат... интилдим, изландим, қўлдан келганча эришдим... Афсуски, мени шаҳарда тергайдиган ота-онам узоқда бўлганими, шаҳарда бошқа муҳит ичида қолиб кетдим. Бемаъни юришлар, бемаъни вақтичоғликлар... бора-бора хатоларим кўпайиб, гуноҳларим катталашиб бораверди. Қандай муҳитга тушиб қолганимни, ҳатто, ўзим ҳам англаб ололмай қолдим.

– Демак, бу хатоларингиз сизни жиноятга етаклаши мумкинлигини, ҳатто, хаёлингизга ҳам келтирмагансиз...

Одам айби катталашиб борган сари «ўзимники маъқул» деган фикрда тўхтаб қолар экан-да. Мен ўз ҳаракатларимни ўзим учун маъқул, деб кетаверганман. Атрофимдаги яхши одамларнинг огоҳлантиришларига эътибор ҳам қаратмаганман. Яхшилар этагидан тутмаганим, яхши инсонлар даврасидан узоқ юрганим... мана, мени қаергача олиб келди. Худди бу ерда ҳар тонг сизни қуёшсиз осмон қаршилайди, сизни сўнгсиз игнасанчиқ симтўр манзиллар қаршилайди, оғриқ қаршилайди, виждон азоби қаршилайди...

– Бир оила аъзосининг аччиқ қисмати учун куйинадиган ҳам, ачинадиган ҳам биринчи навбатда унинг яқинлари. Жабр кўрадиганлар шулар...

Мен шу ерга келиб билдимки, бу ҳаётда инсоннинг ичидан нима ўтса уни ўзидан ўтказадиган одам битта экан ва дўст ҳам фақатгина у  бўлар экан: тирик бўлса, отангиз! Ҳаётимда мен бошқа дўст кўрмадим. Ҳеч қачон. Шу одам йиқлсам йиқилди, турсам турди. Жони ҳар доим мен учун титраб туради, падарибузрукворимнинг. Япроқдек титраган кўйи тез-тез ҳолим сўраб келади. Қўнғироқ қилади. Оҳ, у қанийди, билсайди, бугунги қамоқхоналар илгариги даврлардаги сингари эмаслигини... Худо хоҳласа, озодликка чиқсам, пойидан сув қуйиб ичаман, отагинамнинг. Ҳар куни узр ва пушаймонликда кечаётган ўғлиннгизни кечиринг, ота...

«Бу кунлар онамга қимматга тушди»

Маҳкум Муҳаммаджон Ортиқов, 20 ёшда. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси, 3-қисми билан айбли, деб топилган. Ҳибсхонада муддатини ўтамоқда. Ҳали мўйлови сабза урмаган йигитнинг қалтироқ қўлларига қараймиз. Ҳатто, бармоқлари-да, озодликка талпинган нозиккина қуш қанотларига ўхшайди. Гўё, улар ҳозиргина панжарани четга суриб, осмон сари учиб кетишни истайди...

Қилган жиноятимдан пушаймонман. Жуда қаттиқ пушаймонман. Ўзбекистон Республикаси Президентидан, халқимиздан, жабрланувчилардан, ота-онамдан, оила аъзоларимдан кечирим сўрайман. Бу йўлга бир адашиб кириб қолдим, – кўзларида ёш лопиллаб, лаблари потирлаб учиб сўзлайди Муҳаммаджон.

У оилада олти фарзанднинг тўнғичи. Ўзининг айтишича, оиладаги оғир шароит, рўзғордаги етишмовчиликлар уни нотўғри йўлга бошлаган. Ота-онасига кўмаклашиш, оиласига даромад олиб кириш истаги уни охир-оқибат тақдирини ўзгартириб юборган қарорга етаклаган.

      – Энди уларнинг кўзларига қандай қарашни билмайман. Ўзимни ҳам, ота-онамни ҳам қўни-қўшнилар, хешу-уруғлар олдида уятли қилиб қўйдим. Тенгқурлармга эса битта нарсани айтган бўлардим: ҳар хил одамларнинг гапларига кирманглар, жаҳлингизга эрк бериб, бир лаҳзалик шошқалоқлик билан бир умр пушаймон бўладиган иш қилиб қўйманглар, – дейди у.

Ёш суҳбатдош болалигидан тадбиркор бўлишни орзу қилган. Унинг кўзларида ҳали сўнмаган орзу, овозида эса йўқотилаётган вақтнинг оғриғи сезилади.

– Бу қилмишим келажакдаги орзуларимга нечоғли тўсиқ қўяди, билмадим. Аммо, озодликка чиққан кунимдан бошлаб, ҳаётимни қайта қуришга ҳаракат қиламан. Аввало, ота-онамнинг ишончини қайтаришни, кейин эса болалигимдан орзу қилган тадбиркорлик билан шуғулланишни истайман.

– Нимага қизиқасиз?

Мусиқага.

– Унда куйлаб беринг!

Овозим унчалик яхши эмас, дейди кўзларида ёш қалқиб турган йигит лабларида табассум билан.

– Борича...

У бир лаҳза сукут сақлади. Гўё, панжара ортида қолган ҳаётидан қайси қўшиқни танлашни билмаётгандек... Бироздан кейин у ҳорғин қўшиқ бошлади.

Қўлимда дастагул,

Қизил, оқ, пушти.

Ифори таралиб,

Оларди ҳушни.

Қувонсин, севинсин,

Онамнинг кўнгли.
Бу кунлар онамга қимматга тушди.

Эй-й, осон бўлмади,
Баланду пасти...

Бу кунлар онамга қимматга тушди...

«Бундай жойларни душманимга ҳам раво кўрмайман»

Темир панжаралар ортидаги кейинги суҳбатдошнинг нигоҳида ҳали 24 ёшга ҳам етмаган умрнинг оғирлиги бор. У бу ерга бир йил аввал келган экан. Ўша бир йил ичида озодликнинг қадрини, ота-онанинг меҳрини ва биргина нотўғри қадам инсон ҳаётини қай даражада ўзгартириб юборишини англаб етган.

– Мен Фарҳод Камолиддинов, Тошкент вилояти, Зангиота туманида туғилиб ўсганман. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси билан беш йилу олти ойга озодликдан маҳрум этилганман.

Фарҳоднинг гапларида ўзини оқлашга уриниш йўқ. Аксинча, ҳар бир сўзида қилган иш учун пушаймонлик сезилади.

Бир йил давомида ўзимга кўп хулосалар чиқардим. Энди бундай жиноятларга яқинлашмасликка, тўғри йўлдан юришга ҳаракат қиламан. Инсон озодликда юрганда, кўп нарсанинг қадрига етмас экан. Кўчага бемалол чиқиш, яқинларинг билан бирга бўлиш, ҳоҳлаган жойинга бориш – буларнинг бари неъмат экан.

Фарҳоднинг айтишича, уни жиноятга олиб борган сабаблардан бири оиладаги етишмовчилик бўлган. У дўкондан телефон ўғирлаган. Бу унинг ҳаётидаги биринчи жиноят эди. Аммо, ўша бир хато уни беш йилдан ортиқ вақтга озодликдан маҳрум қилди.

Оилавий шароит, етишмовчилик таъсир қилдими, йўлдан адашдим. Билиб-билмай... пушаймонлигимни қайндай тушунтиришни ҳам билмайман. Ҳаддан зиёд виждон азобидаман.

У уч нафар фарзанднинг кенжаси. Икки опаси ва ўзи. Ташқарида эса уни яқинлари, жигарлари кутаяпти.

Жазо муддатим тугаганда, тенгдошларимнинг кўпчилиги ҳаётда ўз ўрнини топган бўлади. Кимдир касб эгаллайди, кимдир оила қуради. Яна кимдир катта мақсадлар сари қадам ташлайди. Мен эса ўша пайтда ҳаётимнинг йўқотилган йилларини тўлдиришга уринаман...

Бу гапдан кейин бир зум сукут чўкди. 24 ёш – олдинда ҳали қанча йўл, қанча имконият бор. Аммо, бу имкониятлга етиб бориш учун аввал панжара ортидаги йилларни енгиб ўтиш керак.

Ҳаёт давом этади. Чиққанимдан кейин ўз карьерамни қуришга, яхши ҳаёт кечиришга ҳаракат қиламан. Ватанаимизга манфаат келтирадиган инсон бўлишни хоҳлайман.

Фарҳод тенгдошларига мурожаат қилганда, овози янада жиддийлашди.

Уларга айтадиган гапим шу: бундай ишларга «тушиб» қолманглар, бундай жойларга келманглар. Мен бу ерга келганимдан кейин ўзимга катта хулоса чиқардим. Бундай жойларни душманимга ҳам раво кўрмайман. Балки, ташқарида юрган одам учун озодлик оддий тушунчадир. Аммо, темир эшиклар ортида қолган одам учун бу – энг катта орзу!

Маҳкумлар билан учрашувдан қайтар эканмиз, ортимизга қараймиз: оғир темир эшиклар ёпилди. Аммо, унинг овози узоқ вақт хаёлдан кетмади. Балки, бу учрашувнинг энг катта сабоғи ҳам шудир: ҳар биримиз ўз эркинлигимизнинг қадрини уни йўқотмасдан олдин англашимиз керак. Чунки, баъзан бир лаҳзалик хато учун йиллар тўланади. Ва энг аянчлиси, ўша йиллар орасида инсоннинг умри панжара ортида қолиб кетади.

***

Бу учрашув шунчаки учрашув бўлмади: суҳбатлар, мулоҳазалар, ҳаётий мисоллар ва огоҳлантиришлар маҳкум ёшларни тўғри йўлга қайтиш, ўз хатоларидан хулоса чиқариш ва келажакка умид билан қарашга ундади.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг