Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

«Қум қизиган, ётинг, кўмиб қўяман» – аномал иссиқ қизиган қумга кўмилишни яхши кўрадиганларни йўлдан қайтаролмайди

«Қум қизиган, ётинг, кўмиб қўяман» –  аномал иссиқ қизиган қумга кўмилишни яхши кўрадиганларни йўлдан қайтаролмайди

Фото: Xabar.uz

Иссиқнинг зўридан қўшни давлат хариталари қизил ранг олди. Қуёшнинг тафти Ўзбекистонда ҳам бу йил ўзгача. Зарурат бўлмаганда уйдан чиқмаслик тавсия қилинаяпти. Аммо, айни кунларда боссангиз оёғингиз куядиган қумда ўзларини кўмдираётганлар оз эмас. «Бу ҳам зарурат, бир ойгина саратон ўтиб кетади, йиллик ҳаловат имкони бу» дейишади улар.  Жомбой туманидаги Иброҳим ота зиёратгоҳи ҳудудидаги қумлоқда самарқандликлар қаторида Тошкент, Сирдарё, Жиззахдан атайлаб шифо излаб келганлар бор.  

«Мана шу ерда авлиё отанинг қабрлари бор. Маккадан келган зот эканлар. Туяларга ортиб қум олиб келиб иккита жойга тўкиб, бир  аёлларга, бошқаси эркакларга деб айтган экан. Бу бир ривоятдир. Бироқ, Аллоҳ мана шу дунёни раҳматга тўлдириб қўйгани рост».

Ҳовуз бўйидаги сўрида ўтирган Бозорбой Ҳакимов ривоятни шу ерда танишган отахонлардан эшитганман дейди. «Анчадан буён, 25 йилча бўлдими, ҳар йили даволангани шу ерга келаман. Оёғим оғрийди, белим оғрийди. Оёғимнинг таги михча ургандек, боссам зириллаб оғрийди.  Бурунлари елкагача кўмдирардим. 2-3 йилдан бери юрагим суст ишлайди, энди белимгача кўмдираман.  Шу бир йиллик ҳаловатимга  етади. Духтурга борсангиз, яна 6 ойда боришингиз керак. Яна укол-дори оласиз, бунга укол-дори керак эмас. Ургут узоқ эмас, лекин узоқлардан ҳам келишяпти».

Отахон билан гурунглашиб ўтирган Нормуҳаммад Эшбеков 64 ёшда. У Жиззахнинг Ғаллаоролидан келган. Далада ишлаган, «пахтага сув қўйганмиз» дейди, 600 минг сўм пенсия олади. «Илгари отамиз, энамиз келарди. Энди ўзимизга навбат етди. Оёқ қақшаб оғрийди, зах олган-да. Тиззадан пасти оғрийди. Бир тушганда 3 кун кетма-кет тушасиз.  Юракка қараб 10-15 дақиқа ётасиз, кейин сояга чиқиб иссиқ чой ичиб дам олиб ўтирасиз. Ярим соат, бир соатдан кейин яна тушамиз. Бир кунда 4 марта тушасиз, бўлди. Фақат юракни кўммайди, юрак очиқ туради, қолган бутун тана кўмилади». 

Нормуҳаммад Эшбеков

Нормуҳаммад ака бир неча кунга қолиш учун шароит муҳайё ва арзон эканлигини таъкидлайди. Қанглилик узоқда ишлаётган йигитлар ҳомийлигида ўзига хос меҳмонхона қурилган экан. Чиройли гиламлар, тоза озода кўрпача ва ёстиқлар кўзга ташланади.

Даргоҳни ўрганишни бошлайман. Ўртада масжид. Масжиднинг рўпарасида ҳовуз, сал нарироқда Иброҳим отанинг қабри. Масжиднинг орқа томонида аёллар учун қумлоқ, олд томонида дарахтлар билан тўсилган жойда эркаклар учун қумлоқ.

Оққол Маъмирова Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманидан келган. Аёл 67 ёшда. Уни ҳам кўпчилик айтаётган бел, оёқ оғриқлари безовта қиларкан.  «Уч кун тушиб кетардик ҳар келганимизда. Бу гал беш кун тушамиз, деяпмиз.  Врачга борсангиз гормон-пормон қилиб ташлайди. Икки-уч ой яхши юрасиз, кейин яна бошланади. 

Оққол Маъмирова.

Гулистонлик Гулчеҳра Искандарова (48 ёшда) ҳикояси: «Биринчи марта келишим. Ўтириб, кейин юрсам оёғимни босолмасдим-да, беш-олти қадам чўлоқлаб юриб кейин юриб кетардим. Автобусдан тушганимда ҳам шундай бўларди. Бозорда гўжа тайёрлаб сотаман. Иссиқ совуқда у ёқдан бу ёққа юрамиз, шамоллатганман-да. Тинимсиз юргандан кейин оёқ кийимларимиз терлайди, уйга келиб алмаштиргунча шамоллаган, деб ўйлайман. Таги, товони оғрийди. Қумнинг фойдасини келган куним сезмадим. Иккинчи куни озроқ билинди. Мана учинчи куни сезяпман, ўтириб турганимдан кейин бемалол юриб кетяпман.

–  Врачга борганмисиз?

– Йўқ борганим йўқ. Рўзғор, уй деймиз-да, уч ойми бўляпти оғриганига, опамлар қумни тавсия қилганди, қўшнилар билан келдик. 

Гулчеҳра Искандарова.

Соат 10 лардан ошар экан, энди айримлар аста-секинлик билан футбол майдонича келадиган қумликка кира бошлайдилар. Одатда аёлларнинг қўлларида соябон, термос, ўзларини ўзлари кўмадиган бўлса кетмончаси. Лекин кўп ҳолатда хотин-қизларни кўмиш учун махсус ишга келадиган аёлларнинг кетмонлари ишга тушади.

Қумликнинг ўзида суҳбатга чорлаш учун аёллар томон қадам қўяман. Оҳ, оёқ куйди! Қарасам, ҳамма пайпоқда экан.

Бу ерда ҳам суҳбатдошлар бир-бирини такрорлаётгандек гапиради. Оёқ, қўл, бел, буйрак...

Ангрендан келган Шоҳсанам Кубаеванинг икки ўғли врач экан. У оёғи оғриганда санаторийга ётганида варикозлари кенгайиб пойафзаллари оёғига сиғмай қолганини эслайди. Санаторийда даволовчи врачи унга қуруқ ванна кераклигини айтган. Шундан буён ҳар саратонда қумга кўмилиб даво топаркан. Жомбойдаги қумлоқ бошқа ҳудудлардагидан фарқ қилади дейди у: «Водийга борасиз, тошли қум-да, шиғирлайди, баданингиз тез куяди. Шу ерда аста-секин куясиз, таъсириям жуда кучли».  Шоҳсанам пандемия туфайли қумга тушиш имкони бўлмаганида қиши билан қийналиб чиқдим, дейди. У яна тиззаларини бўка олаётганидан намозини канда қилмаётганини ҳам қувониб гапирди.  

Ҳимматой ая Жиззахнинг Ўсматидан келганлар. Улар авваллари қумда бемалол ярим соатгача ёта олгани, ҳозир эса юраги дош беролмай дарров чиққанини айтди.

– Иссиқ-ку, аяжони, – дейман аёлга

– Барибир ёқади, дардингизни сим-сим тортиб олаётганини ҳис қиласан, – дейди Ҳимматой ая. 

Қумдан чиқиб тутлар соясида, девор панасида тин олаётганлар орасида кимдир чой ичар, кимдир чўзилиб ухлаб қолар, бир давралар эса ҳангомаю ҳазил-ҳузулдан бўшамасди. Аёллар қумлоғида ёш болалар ҳам кам эмас эди. Улар катталарга чой олиб бориб берар, атрофда айланиб, ўзлари ҳам яйрашар, турли қилиқлари билан катталар эътиборини тортишга ҳаракат қилишарди.

                                                            

Вақт пешинга яқинлашар экан, қумлоққа кирувчилар кўпаяверади. Қумнинг яхшилаб қизишини кутиб турган Оққол опа ва Гулчеҳралар даврасидаги кабилар ҳам Шоҳсанам каби 35 даражадан бошлаб баданини қумга мослаштириб, аллақачон бир икки-марта қумга кириб чиққанлар ҳам аралашиб кетишади. Қумлик соябонлар кўргазмасига айланади гўё.

Сояга ўтганларга бўғирсоқ, гўжа ва чой таклиф этилади. Ўзи билан егулигини олиб келганлар аста дастурхончаларини ёзишади. Шунда ҳам қумлоққа кирди-чиқди камаймайди.

Қумлоқда 5 нафар хотин-қиз мижозларни кўмиш ва очиш билан банд. Улар меҳнатлари эвазига хизмат кўрсатган аёл кўнглидан чиқариб берган пул билан кифояланадлар. «30-40 минг топаман» дейди қизалоғини аравачада ухлатиб қўйиб ишлаётган Ойгул...  

«Касбимизнинг номи йўқ, лекин гўрковга ўхшашроқ» деб ҳазиллашган Хуршида 100 минг сўм билан уйга қайтишни айтади. 

Қум ихлосмандлари сояга ўтибоқ эгниларига қалин кийимларини кийишларига эътибор бераман. (Кейин, айтишларича, қумдан чиққан одам бир-икки кун сувга тушиши мумкин эмас.)  Эркаклар ҳудудига ўтиладиган йўлакда учратганим профессор Собир Раҳмонов ҳам қишки тўн ва қалпоқда эди. Умр бўйи Гулистон Давлат университетида ишлаб пенсияга чиққан олим ҳозирда 75 ёшда. Қизиғи, у ҳеч қаери оғримаслигини таъкидлайди.   

«Қум иммунитетни кўтаради, шамоллаш нималигини билмайсиз, деб маслаҳат беришган. Ҳеч қаерим оғримайди, лекин келаман. Ҳар йили уч кун шу ерда қумга тушаман. Биринчи кун, қум қизитиб теридаги тешикчаларни очар экан, иккинчи кун, ўша тешикчалардан бадандаги туз, нима ортиқча бўлса чиқиб кетаркан. Учинчи куни бу қумнинг таркибида бир қанча микроэлементлар бор экан, автоматик тарзда ўзи тортиб олар экан», деб тушунтиради у ўз ташрифини.

Кейин ёшроқ бир йигитга эркаклар ҳудудидан суратлар олиши учун телефонимни бериб юбордим. 

Шоира Ўролова асли касби шифокор эканлигини айтади. Лекин анчадан буён расман ишламайди, мана шу даргоҳга боғланиб қолган. У аёлларга маслаҳат бериш билан бирга ўзи ҳам кетмонни олиб уларни кўмиб қўяди. Қон босимини туширадиган, бош оғриғига қарши ва ҳоказо дориларни олиб келиб қўйган. «Лекин дори ҳеч қачон керак бўлмаган. Ёши улуғ онахоналарни,  сурункали касаллиги бўлган аёлларни қумдан 10-15 дақиқада чиқараман» дейди Шоира. Унинг айтишича, қумнинг таркибини текширтирган. «Кальций ва бошқа микроэлементлар аниқланди. Биринчи навбатда, ревмотик полиартиртларга, артиртларга, эндомитридларга, бачадонида эрозияси бўлганларга, (лекин миомаси борларга эмас), невритларга, гинекологик жиҳатдан шамоллаши бўлганларга тавсия қилинади. Шунингдек, суякларда синиш ва чиқишлар даволаниб бўлгандан сўнгги тикланишда фойдаси катта», дейди Шоира. 

Кейин қумликдаги бир-икки ёшроқ жувонларга эътиборни қаратади. «Шу қум иссиғи туфайли шамоллаши даволаниб, болали бўлиб кетганлар ҳам бор!»

Саот 15 дан ўтар экан, ҳамон қўлида сумкаси балан қумлоқ томон келаётганларни учратиш мумкин бўлди.  Узоқдан Шоиранинг «еримиз бугун юмшоқ, маза қиласизлар, кеча оқшом ҳайдалди, керосин қиммат бўлган,  тракторчига 120 минг беришимиз керак, Кўнгилдан чиқариб икки мингми, уч мингми ташлаб кетинглар» деган гапи эшитилади. Дарвоза олдидаги машиналар эса ҳамон тизилишиб турарди... 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг