Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нурбек Алимов

Оз нарсани қурбон қилган одам, оз нарсага эришади. Кўп нарсани хоҳлаган одам эса кўпроқ нарсадан воз кечиши кераклигини билади.

Бой қўшни обрўйингизни белгилайдими?

Бой қўшни обрўйингизни белгилайдими?

Фото: «Repost.uz»

Мана шу сиз суратда кўриб турган реклама баннерида жуда бир нозик ишора бор! Айни бизнинг менталитетимизга мос реклама. Бизда бировдан: «Қаерда турасан?» — деб сўралса, маҳалла номини айтади-да: «Фалончи бойнинг кўчасида» ёки «Бирбалонинг бошлиғи, директори, раисининг кўчасида», деб қўшиб қўяди. Бу реклама қайси компанияга тегишли эканини билдингиз.

Бой қўшнилар билан бирга яшаш инсон учун обрўми? Бу унга нима беради? Шу бойнинг маҳалласида яшасанг, гўёки сен ҳам ўша бойга алоқадорлик ҳиссини туясан. Лекин у сени танимайди. Биров манзилини сўраса, «Абдусамад тракторчининг маҳалласида тураман», демайди.

Бу нима? Йўқчиликдан фарзандини даволатишга пул топа олмай, зорланиб юрган инсонларнинг ёки уйда нонни ҳам тақсимлаб ейдиган оилалар болаларининг устидан кулишми? Сурбетлик чегарадан чиқиб кетяпти.

Лекин, хулоса қилишга шошилманг. Энг қизиғи шундаки, реклама баннерида катта шрифтларда “Бой қўшнилар” деб ёзилган сўзларнинг устида ма-а-айда ҳарфларда ёзилган сўз бор, расмда уни ўқиб бўлмайди. Биласизми, у ерда нима деб ёзилган?

Тайёр туринг: Би-и-ир... Ик-к-ки... У-у-у-уч! Кичик ҳарфларда «маънавий» деб ёзилган!

Англаганингиздек, бу ерда гўёки «Маънавий бой қўшнилар», деган мазмун келиб чиқади. Савол: нима учун бу ерда «маънавий» сўзи кичик ҳарфларда ёзилган? Чунки капитализм даврида пул ва моддият маънавиятдан устун бўлади, деб субъектив фикр чиқардим.

Капиталистлар келиб устимдан мағзава тўкишларига тайёрман. Ўзим ҳам капиталист инсонларнинг фарзандиман. Лекин мен социалистман. Инсонларнинг устидан бу тахлит кулиш яхшиликка олиб келмаса керак.

Оч-наҳор болаларнинг олдига келиб, оғзидан сўлагини оқизиб, мазза қилиб гўшт еяётган Эшматни тасаввур қилинг! Бу вазиятда очлар тўқларга нисбатан нафрат билан ўсиши мумкинми? Албатта!
Эҳ, маънавият... Ўша мен севган буюк маънавият «бой» сўзининг соясида қолиб, майда ҳарфларга айланиб кетибди. Бора-бора йўқ бўлиб кетмасанг эди, маънавиятжон!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг