Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сардор Али

Шахсиятпарастлик — ошкора ожизликдир.

Ўлимидан кейин дорга осилиб, боши олинган инглиз диктатори Оливер Кромвель

Ўлимидан кейин дорга осилиб, боши олинган инглиз диктатори Оливер Кромвель

1660 йил, орадан 11 йил ўтиб Англияда қирол ҳокимияти қайта тикланди. Қирол Чарлз II тахтни эгаллагач, Оливер Кромвель, Жон Брэдшоу ва Генри Айртоннинг жасадларини суд қилиб, дорга осишга буйруқ берди. 1661 йил 30 январь куни Чарлз I қатл этилганининг 12 йиллиги муносабати билан айбланувчиларнинг жасадлари Лондондан Тайберга олиб борилди.

Жасадларни омма олдида дорга осишди, сўнг айбланувчиларнинг бошлари таналаридан жудо қилиниб, бошлари Вестминстер саройи яқинидаги 6 метрлик устунларга илиб қўйилди. Хўш, қирол нега бир неча йил олдин вафот этган жасадларни қайта дорга остирди? Аслида Оливер Кромвель диктаторми ёки тарихни ўзгартирган шахс? Бугунги мақоламизда, шулар ҳақида сўз юритамиз. 

Инглиз инқилобининг бошланиши

Янги капиталистик муносабатларга асосланган тартибнинг кенг кўламда ёйилиши учун XVII аср ўрталарида юз берган инқилобда инглиз буржуазиясининг ғалабаси катта аҳамият касб этди. 1603 йилда Генри VIIIнинг қизи, 1553 йилда Англия тахтига ўтирган Елизавета I ўзидан ворис қолдирмасдан вафот этди. Шундан сўнг тюдорлар сулоласи ўрнини Шотландиядаги стюартлар сулоласи эгаллади.

1585-1604 йилларда бўлиб ўтган Англия-Испания ўртасидаги денгиз урушида «Енгилмас армада»нинг мағлубиятидан кейин, Англия денгизда ҳукмронликни қўлга киритди. Мамлакатда денгиз савдоси кучайди. Хусусан, Москва, Марокаш, Ост-Индия ва бошқа бир қатор савдо компаниялари Эрондан Шимолий Америкагача, Швейцариядан Ҳиндистон ва Цейлонгача бўлган катта ҳудудда жуда фаол савдо-сотиқни амалга оширди. Стюартлар давридаги монополия тизими натижасида ташқи савдони асосан лондонлик бойлар эгаллаб олди. Бунинг натижасида Лондонда жуда қудратли савдо олигархияси вужудга келди.

Қирол Жеймс I (1566-1625) ва унинг ўғли ҳамда вориси Чарлз I монархияни кучайтириш, парламент таъсирини камайтириш ҳамда иқтисодиёт устидан қирол ва элита назоратини кучайтириш учун Испания ва Франциядагига ўхшаш мутлақ ҳокимият ўрнатиш учун ҳаракат қилди. 1620 йилга келиб қирол Жеймс I ва парламент ўртасидаги зиддият янада кескинлашди. 1625 йилда қирол Жеймс I вафотидан сўнг тахтга унинг ўғли Чарлз I ўтирди. Қирол Чарлз ҳам отасининг йўлидан бориб, ҳокимиятни марказлаштиришга уринди. 1628 йилда бир йўла учта давлат – Франция, Испания ва Австрия билан уруш олиб бораётган Англияда иқтисодий қийинчиликлар бошланди. Бундан парламент унумли фойдаланиб, қиролни «Ҳуқуқлар тўғрисидаги билл» ёки «Ҳуқуқлар тўғрисидаги петиция»ни имзолашга мажбур қилди. Унга кўра, қирол парламентнинг розилигисиз бирорта ҳам солиқ жорий қила олмас, суднинг рухсатисиз ҳар қандай қамоққа олишлар қонунсиз ҳисобланар эди. Бироқ қирол бу ҳужжатни бузди ва 1629 йилдан кейин қирол парламентни чақиришни тўхтатди.

Англияда республика бошқаруви

Қирол Чарлзнинг абсолют ҳокимиятга интилиши ва экстрактив институтларнинг урчиши мамлакатда норозиликни кучайтирди. 1640 йилнинг бошига келиб хазина бўшаб қолди. Мамлакатда очлар қўзғолонлари, Лондонда эса кўча тартибсизликлари авж олди. Ўша йили узоқ танаффусдан кейин парламент илк бор йиғилди. Узоқ муддатли парламент бир қанча муҳим ислоҳотларни амалга оширди. Хусусан, фавқулодда судлар – «Юлдузлар палатаси» билан «Юксак комиссия»ни йўқ қилди, Шимол ва Уэлс ишлари бўйича кенгаш тарқатилди, монополиялар қонундан ташқари деб эълон қилинди, черков судини руҳоний бўлмаган шахсларни жазолаш ҳуқуқидан маҳрум этди, қироллик яширин кенгашининг олий суд вазифасини бажариш ҳуқуқини бекор қилди, қамоқда сақланаётган пуританларни озод қилди, матбуотнинг амалда мустақиллиги ўрнатилди. Ўша вақтда Оливер Кромвель мухолифатчилар орасида эди.

Кўп ўтмасдан қирол билан парламент ўртасида ажралиш юз берди. Чарлз I парламентни жазолашга ва шахсий ҳукми билан мухолифат раҳбарларини қамашга қарор қилди. 1642 йилда қирол ва парламент ўртасида фуқаролар уруши бошланди. Шунда қилиб, Англия икки бир-бирига душман лагерга: қирол тарафдорлари – «кавалерлар» ва парламент тарафдорлари – «юмалоқ бошлилар»га бўлинди. Фуқаролар уруши даврида 43 ёшли Кромвель ўз ҳаётининг янги саҳифасини бошлади. Кромвель ўз атрофига кўнгилларни жалб қилиб, ўзининг отлиқ армиясини шакллантирди.

1645 йил 14 июнь куни Нейзби қишлоғи яқинида қирол ва парламент қўшинлари ўртасида ҳал қилувчи жанг бўлди. Шиддатли жангда парламент тарафдорлари ғалаба қозонди. Қирол ва унинг қўшини қочиб кетади. Парламент ғалабасида Оливер Кромвелнинг ўрни катта бўлди. Парламент тарафдорлари қиролни суд қилиб, 1649 йилда қатл этди. Ўша йилнинг март ойида парламент қарори билан қироллик ҳокимияти «кераксиз, халқ фаровонлиги учун зарарли ва хавфли» деб ҳисобланди. 19 май куни Англия республика деб эълон қилинди. Декларацияда шундай ёзилган эди: «бундан буён Англия парламентдаги халқ вакиллари томонидан бошқарилади». Англияда бир палатали парламент жорий этилиб, аъзолар сони 100 нафар қилиб белгиланди. Бу аслида парламент деб аталган ташкилотнинг қолдиғи эди. Сабаби, ижро ҳокимияти Оливер Кромвель бошчилигидаги ҳарбий мансабдорлар раҳбарлик қилаётган 41 кишилик Давлат кенгашига топширилган эди. Амалда Англияда «республика либосидаги» ҳарбий диктатура ўрнатилди.

Кромвелнинг ҳарбий диктатураси

Республика оммавий ишсизлик ва қимматчиликка қарши курашиш учун ҳеч нарса қила олмади. Мамлакатда парламент ўз таъсирини йўқотди. Бой мулкдорлар тартибсизликларга барҳам бера оладиган кучли якка ҳокимият ўрнатиш керак, деган хулосага келди. Бунинг учун фақат биргина шахс бор эди. У ҳам бўлса Оливер Кромвель эди.

1650 йил 26 июнда Оливер Кромвель парламент томонидан генерал-капитан унвони билан бутун армиянинг бош қўмондони этиб тайинланди. Бунинг эвазига у парламентни тарқатиб юборди. Шундан сўнг Оливер Кромвель «озод давлат Англия, Шотландия ва Ирландиянинг лорд-протектори» бўлди. Иқтидорга келган Кромвель биринчи навбатда Ирландия ва Шотландиядаги қўзғолонларни шафқатсизларча бостирди. 1649 йилда унинг қўшини Ирландияга бостириб кирди ва аҳолини ваҳшийларча қиличдан ўтказди. 1652 йилда парламент томонидан қабул қилинган «Ирландияни тартибга солиш тўғрисида» ги қонунга кўра, маҳаллий мулкдорлар ерларининг катта қисми мусодара қилинди ва инглиз зобитлари ҳамда аскарларига тақсимлаб берилди.

Кромвель диктатурасининг интиҳоси

Оливер Кромвель қирол саройига кўчиб ўтди, у ерда тез-тез қабуллар уюштирар, диний кийиниб олиб, тахтда ўтирарди. У «Худо, қиролни ўзинг асра!» деган дуони «Худо, протекторни ўзинг асра!» дуоси билан алмаштирди. 1655 йилнинг ёзида мамлакат 11 та округга бўлиниб, уларга протектор томонидан тайинланадиган генерал-майорлар бош бўлди. Мамлакатда байрамлар ва кўнгилочар йиғинлар тақиқланди. Ҳар қандай халқ йиғинлари исён деб баҳоланиб, унинг қатнашчилари қамоққа ташланди. Қисқа вақт ичида протекторнинг молиявий аҳволи ҳалокатли даражада етди. Давлатнинг қарзи ошиб, жуда катта миқдор – 2 миллион фунт стерлингни ташкил қилди. Шаҳарликлар Кромвелга арзимаган қарзни ҳам бермай қўйишди. Солиқлар тушуми ҳам тўхтаб қолди.

Бу орада Оливер Кромвель 58 ёшга тўлди, унинг соғлиғи заифлашди, юришидаги дадиллик йўқолди. У ўзини ёлғиз ҳис қилар, ҳеч кимга ишонмасди. 1658 йилнинг ёзида Оливер Кромвель безгак ва тиф касаллигига чалиниб, 3 сентябрь куни вафот этди. У инглиз қиролларининг қадимий мақбараси – Вестминистер аббатлигида дафн этилди. Ҳокимият Кромвелнинг ўғли Ричард Кромвель (1626-1712) га ўтди. Ричард на ақли ва на иқтидори билан эгаллаган лавозимига мос эмасди. Отасининг армияси уни тан олмади. Кечагина отаси олдида тиз чўкиб турган амалдорлар унга бўйсунишни хоҳлашмади. Ричард бир неча ой давлат бошқарувида бўлиб, 1659 йилнинг май ойида истеъфога чиқди.

1660 йилда Англияда монархия қайта тикланди. Тахтга қатл қилинган қирол Чарлз Iнинг ўғли Чарлз II ўтирди. Қирол Оливер Кромвель, Жон Брэдшоу ва Генри Айртоннинг жасадларини суд қилиб, дорга осишни буюрди. 1661 йил 30 январь куни Чарлз I қатл этилганининг 12 йиллиги муносабати билан айбланувчиларнинг жасадлари Лондондан Тайберга олиб борилади. Жасадларни омма олдида дорга осишди, сўнг айбланувчиларнинг бошлари таналаридан жудо қилиниб, бошлари Вестминстер саройи яқинидаги 6 метрлик устунларга илиб қўйилди. Шамоллар, ёмғирлар ва Англиянинг ўзига хос иқлими бошларнини ҳақиқий мумиёга айлантирди.

Бир сафар қаттиқ бўрон пайтида Кромвелнинг боши найзадан учиб кетган  ва саройни қўриқлаётган аскарнинг оёғи остига келиб тушган. Бу солдат нимагадир бошни уйига олиб келган. Лекин эрталаб қилган ишидан қўрқиб кетиб, бошни камин трубасига яшириб қўйган. 1980 йилнинг мартида  Кромвелнинг боши у ердан олинган ва пўлат қутига солиниб университет черковига яширинча дафн қилинган. Лекин аниқ қаерига дафн қилингани ҳалигача номаълум…

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг