Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сардор Али

Шахсиятпарастлик — ошкора ожизликдир.

«Украинадаги уруш режаси» ёхуд АҚШ «ўйин»ларини ошкор этган асар ҳақида

 «Украинасиз Россия Евросиё империяси бўлишни тўхтатади. Украинасиз Россия ҳали ҳам императорлик мақоми учун кураша олади, аммо у кейин асосан Осиёнинг император давлатига айланади ва катта эҳтимол билан ривожланаётган Марказий Осиё билан заифлашувчи можароларга аралашади, агар бу амалга ошса, ўз кучини йўқотганидан афсусланган бўларди». Бу сўзлар 1977-1981 йилларда АҚШ президенти Жимми Картернинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида фаолият юритган Збигнев Бжезинскийнинг «Буюк шахмат тахтаси» асаридан парча эди. Ушбу китобни мутолаа қилар экансиз, бугунги кундаги дунё геосиёсат кўз олдингизда гавдаланади.

Xabar.uz бугун китобни ўзбек тилига таржима қилинишида ғоя муаллифи сиёсатшунос Суҳроб Бўронов билан «Буюк шахмат тахтаси» асари ҳақида суҳбатлашади.

– Збигнев Бжезинскийнинг «Буюк шахмат тахтаси» асарни биринчи марта ўқиб чиққанингизда қандай таассуротлар олгансиз?

– Китобни биринчи марта ўқиб чиққаним кечагидек эсимда. У пайтда талаба эдим. Асарни илк бор инглиз тилида мутолаа қилганимдан сўнг, бу китобни ўзбек тилига таржима қилиш керак, деган хулосага келганман. Бунга тахминан 25 йил бўлиб қолди. Геосиёсатга оид китоблар орасида энг ёрқини «Буюк шахмат тахтаси» асари ҳисобланади. Бу асарда айтилган фикрлар ҳали ҳам долзарб! Ҳатто, айрим гипотезалар одамни анча мушоҳадага чорлайди.

– «Буюк шахмат тахтаси» асарида нималар ҳақида сўз кетади?

– Ушбу асарнинг асосий ғояси Евросиё геосиёсатига бағишланади. Унда Евросиё қитъасида ким ҳукмрон бўлса, ўша бутун дунёни бошқаради, деган ғоя бор. Яъни, бу ерда АҚШнинг қандай роль ўйнаши, қайси шахмат доналари билан мулоқот юритиши ва минтақадаги душманларига қарши қандай сиёсат юритиши очиқ баён этилган.

Збигнев Бжезинский Евросиё қитъасини дунёдаги энг стратегик аҳамиятга эга бўлган ҳудуд сифатида тасвирлайди. Евросиё минтақаси шу даражада кенг, уни битта давлат назорат қила олмайди. Лекин асар муаллифининг фикрича, бу ҳудудни бошқаришга муносиб номзод – фақат АҚШ.

 – Ҳозир геосиёсат ва геостратегия деган сўзларни ишлатдингиз. Ўзи геосиёсат нима? Геостратегия нима?

– Геосиёсат ибораси биринчи бўлиб швед олими Рудольф Челлен томонидан ишлатилган. Геосиёсатга таърифлар жуда кўп. Маълум бир ҳудудни таъсир доирага олиш, назорат қилиш ёки босиб олишга қаратилган сиёсат – геосиёсат дейилади.

Геостратегия – бир ҳудудни ҳарбий йўл билан қўлга олиш. Вақт ўтгани сайин геосиёсат ва геостратегиянинг мезонлари ўзгариб борди. Шу нуқтаи назардан таҳлил қиладиган бўлсак, ҳозирги даврда маълум ҳудудни эгаллаш учун қурол ишлатиш шарт бўлмай қолди. Буни бошқа воситалари вужудга келди. Бу илмий тилда замонавий геосиёсатнинг парадигмалари, дейилади. Геоиқтисод, геоахборот, геоцивилизация замонавий геосиёсатнинг муҳим унсурлари ҳисобланади.

– Бизда ҳам «Буюк шахмат тахтаси»га ўхшаш геосиёсий асарлар борми?

– Мен бу сингари истиқболни кўзлаб ёзилган асарларни учратмадим. Украина билан боғлиқ воқеалар шу асарда анча йиллар олдин ёзиб кетилган.

– Украина воқеалари бундан 25 йил олдин чизиб кетилганми?

– Балки ундан олдинроқ чизилгандир!? Китоб 1998 йилда нашр этилган бўлса-да, Америка сиёсий арбоблари бу нарсадан анча олдин хабардор бўлишган, деб ўйлайман.

– Демак, Украинани Россия таъсир доирасидан чиқариб олиш анча олдин режа қилинган?

– Бу режада бўлган. Мен Путиннинг Украинага уруш бошлашини, СССРнинг Афғонистонга киришига ўхшатаман. Нега? СССР Афғонистонга киришидан олдин, АҚШ аллақачон Афғонистон бўйича турли хил геосиёсий лойиҳаларни ишлаб чиққан эди. Совет иттифоқи Афғонистонга қўшин киритишидан олдин Эрон элчихонасидан махфий ёзув остида маълумот чиқади. Ушбу маълумотда АҚШ тез орада Афғонистонга ўз ҳарбийларини киритиши айтилган. Бу атайин тарқатилган эди! Маълумот совет раҳбарларининг қўлига тушиб қолгач, улар СССР чегаралари яқинида АҚШ таъсир доираси кенгайиб кетишидан хавотирланиб қолишган ва Афғонистонга қўшин киритишга қарор қилишган.

Збигнев Бжезинский француз мухбирига интервью берганида, бу ишларни ўзи режалаштирганини тан олган. Мухбир унга «сиз афсусланмайсизми» деб савол берганида, у «махфий ғоя ажойиб бўлган эди. Натижада Совет иттифоқи Афғонистон тузоғига тушди», дея жавоб берган. Мухбир яна унга «сиз бўлажак террорчиларни қўллаб-қувватлаганингизга ҳам афсусланмайсизми», деб савол берганида, у «нимадан афсусланай? Жаҳон тарихи нуқтаи назаридан СССРнинг қулаши муҳимроқми ёки Толибларми», деган.

Совет қўшинларининг Афғонистонга кириши оқибатида СССР парчаланди. Энди бу воқеаларни Украинага боғлашимизнинг сабаби, менимча, Путин Россияси Американинг Украинада қўйган тузоғига тушди. Украинанинг НАТОга қабул қилиниши ҳақидаги турли хил хабарлар Кремль сиёсатчиларини Украинага уруш очишга мажбур қилди. Энди бу урушнинг бадали қанча бўлиши бироз номаълум.

– Украина урушидан кейинг Россия Бжезинский ёзганидек 3 конфедерацияга бўлиниб кетиши мумкинми?

– Евросиёнинг сарҳадлари улкан ва бу қитъада энг катта ҳудудга эга бўлган давлат – Россия. Юқорида айтганимиздек, ҳозирги воқеликлар аввалдан режалаштирилган сценарий асосида бўлмоқда. Путиннинг ҳам хатоси шунда. У Украинага қуролли босқин қилиш орқали бу масалаларни чигаллаштириб юборди. Лекин режага кўра, Украина АҚШ учун бир восита холос! Американинг мақсади – Россияни парчалаш. Агар Россия турли ҳудудларга бўлиниб кетса, у заифлашади. Збигнев Бжезинскийнинг фикрига кўра, агар Украина Россиянинг қўлидан кетса, Россия оддийгина Осиё давлати бўлиб қолади. Лекин Украинани асл ҳолатига қайтариб олиш режаси барибир рус сиёсатчиларининг хаёлидан кетмайди. У бу фикрларни 1998 йилда нашр этилган «Буюк шахмат тахтаси» асарида ёзган. Хулоса қилганда, Американинг асосий мақсади Россияни турли ҳудудларга бўлиб юбориш бўлиши мумкин.

– Украина Россия таъсир доирасидан чиқиб кетгач, Россия бор эътиборини Марказий Осиёга қаратмоқдами?

– Бу табиий ҳолат. Чунки бугунги воқеалар ривожи ҳам шуни кўрсатиб турибди. Збигнев Бжезинскийнинг фикрларида ўзига хос бир жиҳат бор. У «АҚШ Шимолий Европада Украина, Кавказда Озарбайжон, Марказий Осиёда Ўзбекистон билан яқин ҳамкорлик қилиши керак. Чунки бу давлатлар Россиядан мустақил геосиёсат юритишга кўпроқ ҳаракат қилади», деган ғояни илгари суради.

Бугунги кунда Украинадаги ҳолатни кўриб турибмиз. Кавказда Тоғли Қорабоғ уруши натижасида Арманистон мағлубиятга учради. Озарбайжон ва Арманистонни келиштиришга қаратилган Россия сиёсати таназзулга юз тутди. Ҳозир Арманистон Россия билан эмас, Ғарб давлатлари билан яқинлашмоқда. Яъни, Кавказда ҳам Россиянинг мавқеи пасайиб кетди. Энди Марказий Осиёдаги калит давлатларга бўлган эътибор борган сари кучайиб бораверади.

Яқинда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташриф буюрди. У нималарни сўраган бўлиши мумкин?

– Энтони Блинкеннинг бу галдаги ташрифи аввалги ташрифлардан тубдан фарқ қилади. Блинкеннинг бу Марказий Осиёга давлат котиби сифатидаги ва Россия-Украина урушидан кейинги биринчи ташрифи ҳисобланади. Мана шу жиҳатдан бу ташриф долзарб. АҚШ ҳам кузатиб турибдики, Марказий Осиё энди геосиёсий муносабатларнинг муҳим бир объектига айланмоқда. Мана шундай шароитда бу давлатлар Марказий Осиёни кўпроқ ўз таъсир доирасига олишга интилади. Блинкен ташрифи шундан иборат. Муҳокама қилинган масалалар матбуотда эълон қилинди. Лекин нима бўлганда ҳам, Марказий Осиё давлатларининг асосий танлови геосиёсий плюрализм ғояси бўлиши зарур. Яъни, қайсидир томонга тўлиқ ён босишдан йироқ бўлиши керак.

– Бу сизнинг шахсий фикрингизми?

– Ҳа, Марказий Осиёда ташқи кучлар мувозанати бўлиши керак. Агар ҳозир битта мамлакатда мувозанат бузилса, Марказий Осиёдаги беқарорликлар ниҳоятда кучаяди.

– Збигнев Бжезинский «Буюк шахмат тахтаси» асарида Марказий Осиёга таъсир ўтказмоқчи бўлган куч марказларини санаб ўтади, лекин булар орасига Хитойни киритмайди. Бугун кундаги Хитой ва Туркиянинг Марказий Осиёга таъсирини қандай баҳолайсиз?

– Тарихдан Марказий Осиё империяларнинг қизиқиш маркази бўлиб келган. Бу келажакда ҳам давом этади. Ҳозир бу нарса борган сари кучайиб бормоқда. Менимча, бу вазиятда Марказий Осиё давлатларига хавф билан бирга бир имконият ҳам шаклланмоқда. Яъни, Марказий Осиё мамлакатларининг интеграцияси учун ҳам бир шароит вужудга келмоқда.

– Марказий Осиё мамлакатларининг бирлашишини истамайдиган куч марказлари ҳам бўлиши мумкинми?

– Марказий Осиёни кўпроқ бирлашишидан кўра, уни бўлинишини истайдиганлар куч марказлари кўп.

суҳбатлашди Сардор Али

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг