Гўштни биз кўп емаяпмиз, ейдиганлар — бошқалар
Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Ҳайитов гўшт нархининг ошишига гўштни кўп истеъмол қилишимиз ва озуқа етишмаслигини асосий сабаб сифатида айтиб ўтган фикри ижтимоий тармоқларда жиддий муҳокамаларга мавзу бўлди. Аслида одамларда гўшт истеъмол қилишга эҳтиёж ортаётган экан, бундан хавотирланиш эмас, аксинча, аҳолининг кўп гўшт истеъмол қилишга қурби етаётганидан хурсанд бўлишимиз керак.
Актам Ҳайитов томонидан айтиб ўтилган иккинчи сабаб – озуқа нархининг кўтарилиб кетиши ҳам айни ҳақиқат. Озуқанинг нархи нима сабабдан кўтарилиб кетмоқда, бунга асосий омиллар нима? Бу саволга аниқ жавоб топилса, муаммонинг ечими ҳам кўрина бошлайди. Аслида биз қанча гўшт ейишимизни эмас, шу муаммонинг келиб чиқиш сабабларини излашимиз керак.
Озуқа нархининг кўтарилиб кетишига туртки бўлган иккита сабабни мисол келтириб ўтаман. Бу икки сабаб ҳам туман раҳбарларига бориб тақалади.
Касбим тақозоси билан жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганишим натижасида шу нарсага гувоҳ бўлдимки, бугунги ислоҳотлар даврида саллани сўрашса, калла билан бирга кўтариб келадиганлар кўпайиб кетган.
Мисол учун, шу йил бошида «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида ҳовлиларда бўш ётган ерларга мева-сабзавот экиш тарғиботи ўтказилди. Бу масалага ҳаттоки ҳокимликлар томонидан махсус ишчи гуруҳ тузилиб ҳар бир хонадонга кириб чиқиш топширилди. Ишчи гуруҳ эса бўш ётган ерларга ҳеч бўлмаса ўзлари истеъмол қилиши учун сабзавот экишни тарғиб қилилиши лозим эди. Бу масалада маълум бир натижага ҳам эришилди ҳам. Бундай тарғибот-ташвиқот ишлари кўпгина вилоятларимизда анча самара берди. Бироқ бунда шунчаки «протокол» учун қилинган ишлар ҳам кузатилди.
Хайрли қарорнинг таг замирини тушунмасдан амалга оширилган ҳолатлар сифатида республикамизнинг жануб томонлари – Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларидаги аҳволни мисол қилиш мумкин. Асосан чорвачилик учун мўлжалланган ҳудудларда ҳар бир хонадонда чорва моллари сақланади (ўзлари учун етишитириб, ортганини пойтахт томон жўнатади).
Ҳокимликлар томонидан тузилган ишчи гуруҳлар хонадонларга кириб, экиб қўйилган беда майдонларини буздириб, ўрнига сабзавот экинларини эктириб чиқишди. Мисол учун, гўш етиштириш бўйича республикамизда юқори ўринларда турадиган Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида ҳам беда экилган майдонлар тортиб олиб қўйиш билан қўрқитилиб, сабзавот маҳсулотлари эктирилди. Натижада мажбуран сабзавот эккан аҳоли оч-наҳор қолган молларини озғинлигича сотиб юборишга мажбур бўлди. Баъзилар эса ўзларидан ҳам ортган картошка, пиёзларни сув-текин нархга сота олмай, молларига едиришди. Ўзингиз мантиқан ўйлаб кўринг, нега озуқа сабзавотлардан икки баробар қиммат? Одам ейдиган мева-сабзавот мол ейдиган озуқадан арзон?! Сабаби битта – салла билан калланинг фарқига бормайдиган, қарор ва фармонларнинг мақсад вазифасини тушунмасдан кўр-кўрона бажараётган маҳаллий раҳбарларнинг дастидан бу.
Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтиш жоизки, бузилган ўша беда экини гўшт учун боқилувчи уй ҳайвонлари учун жуда фойдали озуқа ҳисобланади. У бир йилда 4 маротаба ўриб олинади. Баъзилар ҳаттоки, 5 маротаба ҳам ўриб олишади. Бир экилса, 7-8 йил ўсади. Беданинг қуритиб қўйилгани қишда қорамоллар учун энг фойдали озуқа ҳисобланади. Беда бўлмаса уйда қорамол боқиб семиртириш қийин масала. Бу – гўшт нархининг ошиб кетишига таъсирини кўрсатган бир омил, холос. Аммо унинг ҳам қанчалик таъсир қилганини ўзингиз сездингиз.
Мен билган иккинчи муаммо: катта-катта ер эгалари бўлмиш фермерлар туманда ҳоким алмашиб қолса оёғи куйган товуқдай типирчилашни бошлайди. «Энди еримни тортиб олмасмикан, янги ҳокимнинг кўнглини қандай олсам экан, унга қандай таниш топсам экан» деган хаёллар билан кун санашади.
Ваҳоланки, янги бўлган ҳоким ҳам келганидан бошлаб бозорга, кейин ер эгаларига «тармашади». Гарчи қонунан 49 йилга олган бўлса-да ўзига хизмат қиладиган қонунларни топиб ишга солади, ҳеч бўлмаса йиллик режани бажармадинг деган ёки бажарган бўлса «инвестор олиб келмадинг», ёки «бу ер 2030 йилга бузилишга киритилган» деган баҳоналар билан тортиб олиб қўяди. Негадир шу жойда қонунлар ҳам ҳокимлар фойдасига ишлаб кетади.
Бир мисол, Тошкент вилояти Зангиота туманидаги насилчиликка ихтисослашган сут ва гўшт ишлаб чиқарувчи «MILK AND MEAT AGRO» МЧЖнинг сўнгги йиллардаги тақдирини олайлик.
Бугунги кунда ушбу МЧЖга қарашли чорвачилик фермасида жами 700 га яқин қорамол мавжуд. Ушбу МЧЖда қорамоллар сонини кўпайтириш мақсадида Зангиота тумани ҳокимининг 2014 йил 01 июлдаги 639-сонли қарорига кўра озуқа экинлари етиштириш учун жамиятга жами 192,08 гектар ер майдони 30 йилга ер ижараси шартлари асосида фойдаланиш учун ажратиб берилган.
Туманга янги ҳоким С.Шерматов (собиқ) келгандан сўнг 2017 йилнинг бошида 1978 йил қурилган шийпонни «сен қургансан» деган сохта айблов билан тортиб олади. Ва бошқа 11 нафар шахсга бўлиб беради. Натижада эса пойтахтга маълум миқдорда гўшт етказиб берувчи бир МЧЖ фаолияти касод ёқасига яқинлашиб қолмоқда. Мулк эгалари эса икки йилдан буён сарсон-саргардонликда бормаган ташкилоти қолмади.
Бу биргина мисол эди. Бундай юрагини ҳовучлаб ҳоким буванинг қош-қовоғига қараб юрадиган фермерлар ҳар қадамда учрайди. Фақат уларнинг дардини эшитадиган юқори ташкилот топилмайди. Кўп нарсадан қуруқ қолаётган ҳокимларнинг ўзбошимчалиги ортидан гўшт етказиб беришга ихтисошлашган МЧЖлар касодга учраб бормоқда. Гўшт ва озуқанинг қимматлашиб кетишини қанча ейишимиздан эмас, аслида унга сабаб бўлаётган шундай омиллардан излашимиз керак эмасми? Гарчи бу нарса қийин бўлса-да, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши фермерларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, ҳокимлар билан талашиб тортишиши лозим эди.
Аслида энг катта иллат айрим раҳбарларнинг «дарахт эксаму, бу дарахт ҳосил бергунча мен қаерда бўламан» деган савол қийнашида. Бундай ҳолатда улар нафақат ўзи бошқараётган ташкилот, соҳаси ёки ҳудуди «кўкаришига» хизмат қилади, булки бунга қўшиб қанча-қанча инсонлар тақдирини оғир синовлар остида қолдиради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter