Шакар таъминоти бу – озиқ-овқат хавфсизлиги. У билан ҳазиллашиб бўлмайди
Айни кунларда ижтимоий тармоқлар орқали «Шакар заводлари бизга керакми?» қабилидаги хабарлар тарқалмоқда. Бу одатий ҳолга айланган. Маҳаллий шакар ишлаб чиқарувчиларимизга рақобатчи бўлган импортёрлар ҳар икки йилда бир ички бозоримизга ҳужум уюштириб туради.
Аввалги ҳаракатлар 2018 ва 2020 йилларда содир бўлган эди.
2018 йилда ҳам Ўзбекистонда шакар таъминоти импортёрлар қўлига ўтгандан кейин шакар нархлари мисли кўрилмаган даражада кўтарилиб кетган эди. Ундан сўнг 2020 йилдаги карантин вақтида ҳам Ўзбекистонда шакар муаммоси бошланди. Ҳар иккисида ҳам Ўзбекистондаги мавжуд иккита шакар заводлари фаолияти «синдирилган»дан сўнг импортёрлар томонидан содир этилган. Муаммонинг таг замирига қарайдиган бўлсак, 2020 йил бошидан 31 декабрга қадар шакар импортига 20 фоизлик бож ҳамда 20 фоизлик акциз солиғи худди шу йилнинг 3 апрелидаги қарорга мувофиқ, бекор қилинган эди.
Импортёрларга барча имтиёз берилди. Аммо имтиёз фақат Россиядан кириб келадиган шакар учун қўлланилди. Мисол учун, Покистон маҳсулоти бундай имтиёзлардан заррача ҳам фойдалана олмади. «Покистон шакари сифатсиз» деган важ билан Ўзбекистонга киришига барьер (тўсиқ) қўйилди.
Импортёрлар учун яна бир катта имтиёз шуки, улар тўғридан-тўғри истеъмолчилар қўлига етиб боради. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар эса фақат ва фақат биржа орқали бозорга чиқаришга мажбур. Шу ўринда рақамларга мурожаат қиламиз. Ўзбекистон бозорини импортёрлар эгаллаган вақтда, яъни 2020 йили нарх 29,1 фоизга кўтарилган. Энг қизиғи шуки, импортёрлар биржасиз бозорга тўғри кириб боришига қарамай, нархни бир йил давомида шунча кўтаришга эришган. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар Ўзбекистон бозорида ўз мавқеини қайта эгаллаган даврда, яъни 2021 йилда нарх 13,3 фоизга ошган.
Албатта, Ўзбекистонда шакар нархининг кўтарилишига ҳаққи бор. Бизда нарх-наво, ойлик иш ҳақи, нафақалар ҳам доимий равишда кўтарилиб туради. Биргина Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 2020 йилда 679 330 сўм бўлган бўлса, айни кунда 822 000 этиб белгиланган. Яъни, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 22,5 фоизга ошган. Ўзбекистонда маош, нафақа ва барча нарсанинг нархи кўтарилаётган вақтда шакар нархини кўтармасдан ушлаб туришнинг умуман имкони йўқ. Хом-ашё ҳам текин келмайди. Сўнгги икки йил ичида бутун дунё бўйича шакар хом-ашёси 40 фоизга кўтарилган. «Антипротекционист»лар шакар нархини ҳисоблаётганда мана шу жиҳатларни ҳам ҳисобга олишса адолатдан бўлар эди...
Протекционизм ҳақида гапирадиган бўлсак, бу — стратегик озиқ-овқатларга жуда зарур. Мисол учун Россия тадбиркорларини жуда қаттиқ ҳимоя қилади. Биргина шакарни олайлик, Россиядан шакар олиб келинса, тоннасига 80 доллар солиқ қўяди. Аммо Россиянинг ҳудудидан олиб ўтилган шакар хом-ашёсининг тоннасига 180 доллар солиқ тўлаттиради. Аслида шакар борасида, Россия манфаатларидан келиб чиқиб биздан протекционизм талаб қилинмаяптимикин?
Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни назорат қилиш мумкин. Аммо хориждан шакар келтираётган импортёрларга илтимос ҳам қилиб бўлмайди.
Бу борада импортёрларни ҳам қоралаб бўлмайди. Уларни ҳам тушуниш керак. Чунки Ўзбекистондаги шакар заводларини синдириб, маҳаллий бозорларни эгаллашнинг ўзи осон иш эмас. Тадбиркорлар ҳам кетган харажатини 10 баробар, 20 баробар қилиб чиқариб олишни истайди. Ахир бу бизнес.
Ўзбекистондаги шакар заводларини йўқотиш давосини илгари сураётган фикрларда Россиядаги шакар нархлари бўйича рақамлар ҳам келтирилган. Яъни, Россияда шакар 2020 йилда 64,5 фоизга, 2021 йилда эса бор-йўғи 4 фоизга қимматлашган дейилади. Бу рақамлар Россия ҳукумати шакар назоратини ўз қўлига олганлиги билан боғланади. Аслида эса инкор этиб бўлмас фактларга асосланадиган бўлсак, 2020 йилда Марказий Осиёдаги давлатларнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчилари синдирилгандан сўнг Россиянинг ўзида ҳам нархлар кескин даражада кўтарилиб кетган эди. Қозоғистон бу жиддий муаммони эртароқ бартараф этишга улгурди. Энг катта истеъмолчилардан бири бўлган Ўзбекистон эса 2020 йилнинг охирига келиб маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилишни бошлади.
Ўзбекистондаги шакар нархларидан хавотир олаётган иқтисодчилар аввало ёғ нархлари ҳақида ўйласа яхши бўларди. Ёғ масаласида маҳаллий аҳолининг куни фақат импортёрларга қолганлигини Ўзбекистондаги ёғлар нархидаги беқарорликдан англаш қийин эмас. Бутун дунёда стратегик озиқ-овқат бўлмиш – шакарнинг Ўзбекистондаги таъминоти бир тадбиркор қўлига ўтгандан кейинги сценарий қандай бўлишини 2018 ва 2020 йилларда кўриб бўлдик.
Халқ ҳам ўша вақтлардаги шакар муаммосини маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан кўрган эди. Бу борада улар ҳақ. Чунки Ўзбекистондаги ҳар қандай шакар муаммосига маҳаллий ишлаб чиқарувчилар жавобгар ҳисобланади. Ваҳоланки, асл ҳақиқат бошқа. Яъни, импортёрларга барча имтиёз ва ваколатлар берилган ҳолда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўйиндан сиқиб чиқарилганини улар билишмайди. Ҳар икки қалтис вазиятда ҳам Президентимизнинг шахсан ўзи аралашгандан кейин муаммо бартараф этилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter