Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шуҳрат Нормуродов

Брежневнинг телпаги, «ёшлик элексири» ва «Ferrari»да ҳам қўй ташийдиган ёмғирсеварлар ҳаётига назар

Брежневнинг телпаги, «ёшлик элексири» ва «Ferrari»да ҳам қўй ташийдиган ёмғирсеварлар ҳаётига назар

Нурота туманига бўлган бу галги сафаримиз баҳорнинг серёғин кунларга тўғри келди. Сафардан мақсад — чўпонлар, уларнинг турмуш тарзи ҳақида мақола тайёрлаш эди.

Ҳаво илиқ, майин ёмғир ёғар, мезбонларнинг махсус машинаси «Нива» эски бўлса-да, лойли унқур-чунқир йўллардан, қир ёнбағирларидан илдам кетиб борарди. Тошли сой йўллардан, кўлмаклардан чайқалиб-чайқалиб кетаётган машинадан хавотирланиб, «балки унча узоққа бормасмиз, бирон жойда ботиб қолсак-чи», дийман ҳадик билан нуроталик чорвашунос Яҳё акага.

— Сизга айтсам, чўпонларни йўқлаш учун энг ажойиб вақт бу ёмғир ёғаётган пайт. Биз чорвадорларда, «ёмғир ёғса — чўпон уйқусида ҳам кулиб ухлайди», деган гап бор. Ишонсангиз баҳор нафаси келганданоқ нигоҳимиз кўкка қадалади. Осмондан ёмғир тушарканми деб кутамиз. Ёмғир ёғса, даштлар кўклайди. Чорва тўқ бўлади. Ризқимиз шу об-ҳавога, инжиқ табиатга боғлиқ. Ўтган йили қўрғоқчилик бўлиб, жудаям қийналдик. Кўп чорвамиздан айрилдик. Шунинг учун чўпонникига ёмғир пайти борган инсон — энг азиз меҳмон ҳисобланади, — дейди тажрибали чорвадор Яҳё ака. Ёмғир кучаяр, биз нотекис йўллар, сув йиғилаётган сойлардан кечиб кетардик. Йўлнинг эса охири кўринай демасди.

— Қайтишимизгача сел тошқини келиб қолмасмикан, — деб сўрайман хавотирли оҳангда.

«Сел келиб қолса, бир икки кун қоларсиз меҳмон бўлиб, отарлар кенг», дейди ҳазиломуз табассум билан Яҳё ака. Шу тоб кўз олдимдан деворлари тошдан, томи лойга янтоқ қўшиб сувоқ қилинган отарлар ўта бошлади. Ўша электрсиз, интернет йўқ, ёқилғиси янтоқ, иситиш мосламаси сандалдан иборат, атрофларда бўри, шоқоллар изғиб юрадиган ғарибона қўналғада тунаш...

Ҳаёлимда Жек Лондоннинг «Бир кунлик қўналға» асари воқеликлари гавдаланди. Тўғри бу ерларда тун, Юкон дарёси бўйидагидек изғиринли, у қадар даҳшатли бўлмаса-да, барибир чўл шароити... У ерда бир кеча — минг кечадек туюлиши аниқ. Ҳаёлчан кетаётган эдик, сал нарироқда саксовулларни паналаб кетаётган юнгдор бир нарса кўринди. «Ана тулки», деди ҳамроҳим ўша томонни кўрсатиб. Йўлимизда унгача юмронқозиғу, эчкиэмарларлардан бошқа жонивор кўринмаётган эди.

«Бу атрофда бўрилар бўлмайдими? Чўпонларда милтиқ борми, бўрилардан қандай ҳимояланади?» сўрайман акадан.

«Бу жойларда тулки, шоқоллар кўп, бўри фақат қиш пайтлари бўлиши мумкин. Қайтишимизда кечга қолсак,балки шоқолларни ҳам кўрсатарман», дейди ҳамроҳим жилмайиб ва бу гап менга қандай таъсир қилишини зимдан кузатиб. Шу ўринда Яҳё ака ҳақида қисқача: У қотмадан келган, чаққонгина, хушфеъл инсон экан. Кўринишидан уни ҳеч ҳам 60 дан ошган деб бўлмайди. Хушчақчақ, сертабассум бу инсоннинг навқиронлиги сири, аввало, унинг ижобий аурасида ва даштдаги «ёшлик элексири» ҳисобланган чўл эчкиси қатиғида бўлса керак. Айтишларича, чўл эчкиси даштдаги дармондори ўтлардан истеъмол қилгани сабаб, унинг қатиғи жудаям фойдали. Ҳаттоки, ўша қатиқнинг зардоби ҳам кони фойда. Қанд касалида, ичак микрофлорасини тиклашда, юз тиниқлигида ва яна бошқаларда жудаям фойдали экан.

Биз йўлда давом этардик, машина ойнасига урилаётган ёмғирга бепарво ҳамроҳим хотиржам машинани бошқарар, мени ўша олис ҳудудга олиб боришни, чўпонларнинг чин ҳаёти билан таништиришга астойдил киришган эди. Қирлар ям-яшилликка бурканган, шувоқлар, саксовуллар, турфа хил гуллар, ёввойи арчалару яна қанақадир ўсимликлар учрарди. Баланд қир устидан қаралганда, бу тасаввур этиб бўлмас гўзаллик касб этар эди.

Ора-чорада, бир-бир қўй-қўзилар кўрина бошлади. Ҳайрон қоларлиси улар ҳеч бир қаровчисиз эмин-эркин ўтлаб юрарди. Ниҳоят яна бир тепалик ошганимиздан сўнг эшшак минган чўпонга кўзимиз тушди. Қозоқча қалпоқ кийган чўпон биз томонга келиб, «хўш келибсизлар, қадамларингиз ҳайрли экан, барака келтирдингиз», дея сўраша бошлади.

«Ўзимиз билан ёмғир олиб келдик, бу киши меҳмон», деб таништириши билан чўпон акамиз бизни отарга, уйига бошлади. Нуротадан чиқишда чашма сувидан олволиб, ҳозиргача шуни ичиб келаётган эдим. Узоқ манзил юрдик, соат иккидан ошиб кетган бўлса-да, чашманинг шифобахш ноёб суви мени тўқ тутаётганди. Маълумотларга кўра, ушбу чашма суви тоғ тошлари орасидан, кимёвий бирикмаларни, элементларни ўзи билан олиб чиқадиган минераллашган ичимлик суви экан.

Чўпоннинг уйида дарров тайёргарликлар бошланиб кетди.Қуналға мен тасавур этгандек ғарибона эмас экан. Ҳартигул уй томи шиферланган, ёнида «Кобальт» атомобили турибди, энг асосийси, мўъжазгина қуёш батареяси ҳам борлиги мени ажаблантирди. «Кобальт» ичига бир назар ташлаш билан, унда қўй ташилишини билиш қийин эмас эди.

— Чўпонга «Ferrari» машинасини берсангиз ҳам унда қўй ташийди, улар учун бу ҳаракат-тирикчилик воситаси, таъриф беради Яҳё ака.

Қўналғада дастурхонга ҳажми жуда катта нонлар қўйилган эди. Кейин эчки сути қатиғи, исмалоқли сомса, тўрт беш бош барра пиёз келтиришди. Чўпон акамиз бош бармоғи ва жимжилоғини уйғунлаштириб, имо билан «Яҳё ака бундан кетадими», деганди, ака кескин бош чайқади. Бу сирли ишорани нималигини билсам-да, сезмасликка олиб қўяқолдим. Бироз муддат ўтгач биз кутган «барра» келди. Ўчоқда, пиёз билан оби-тобида қовурилган барра гўштидан, ажиб бир ҳид тараларди. Энди қўл чўзгандим, чўпон акамиз «йўқ аввал буни бошлаб беринг», деб ликобчада ниманидир узатди. Қарасам қўйнинг мияси.

Яҳё аканинг айтишича қўй мияси энг ноёб емак бўлиб, у азиз меҳмонларгагина тақдим этилар экан. Энг қизиғи, ўша инсон уни ўзи бўлаклаши ва бошқаларга ҳам улашиши лозим экан. Мен бу «муҳим» вазифани Яҳё акага бағишлаб қўя қолдим.

«Биз қозоқларда шундай одат бор. Қўй мияси энг азиз меҳмонга тортиқ қилинади. Шуни қўймасангиз баъзи меҳмонлар аразлаб кетиб қолиши мумкин», дейди чўпон акамиз. Менга барибир бу «ноёб тортиқ» унча мақул бўлмади, лекин барра гўшти умуман ўзгача эди. Кафеларда буюртма қилиб, еганимиз «барра» билан, чўпон овулида, учоқда пиширилган «барра» жудаям фарқ қиларкан. Бу борада чўпон акамизнинг аёлини пазандалигига ҳар қандай уста ошпаз ҳам тан бериши аниқ.

Чўпон акамизнинг айтишича, ҳозир уларда қўйлар кўпаядиган «тўл» мавсуми экан, авваллари қоракўл терига талаб кўчли бўлганидан, қўзичоқлар тўғилгандан сўйилиб териси олинар экан. Ҳозир эса, қўзичоқларнинг 90 фоизи ўстиришга қолдирилар, фақатгина онаси касал бўлганларигина сўйилар экан.

— Cобиқ СССР даврида давлат раҳбарларининг кўпчилиги, ҳатто Брежнев ҳам биз етиштирадиган қоракўл теридан телпак киярди, дейди чўпон акамиз ўзгача ғурур билан. — Шу сабаб, у пайтлар бу терига талаб жуда кўчли эди, ҳозир замон ўзгарган, теримизга талаб аввалгидек эмас.

Яйловларни айланарканмиз, жажжи қўзичоқларнинг териси, нафис, бежирим жудаям чиройли эди. Лекин шу тери деб, уларга тўғилгандаёқ пичоқ тортилиши нечоғли шафқатсизлик... Бир томондан уларни энди ўстиришга қолдирилаётгани яхши бўлипти, ўз-ўзидан кўпаяверади.

Суҳбат анча давом этди, отарларни айландик, қош қорая бошлагач, мезбон бизга бир кеча меҳмон бўлишни таклиф этса-да, қайтишга чоғландик. Бахтимизга ёмғир шашти сал пасайган эди. Фақат ортга қайтадиган йўлимиз хавфсиз бўлсинда. Йўқса... Биз таваккал қилиб йўлга чиқдик. Чўпонлар манзилидан олислай туриб, шу шароитни ўзи учун кўникма ҳаёт, тақдир деб билган бу одамларга яна бир бор қойил қолдим.

Биз бирровга фақат баҳор вақтлари бориб, «экзотика» деб билувчи гўзал чўл табиатининг шу қадар инжиқликлари борки, бу манзилда яшовчиларга қор-қировли қишда ҳам, жазирама саратонда ҳам ҳамроҳ — сабот, қанот — умид бўлади.

Теварак атроф қум, ёлғиз қўналға, қўни-қўшни йўқ, дардкашингиз фақат қўй-қўзилар. Қишда бу қўрага баъзан бўри «меҳмон» бўлса, ёзда чаён ва соя излаган илонлар ўзини ўтовга уради. Биз бир кечага қолишни ваҳима деб билган бу шароитда улар бахтдан масрур яшашмоқда. Балки улар бу бахтни — ҳашаматдан эмас, оддийликдан, шу ҳаловатдан топган бўлса не ажаб.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг