Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шуҳрат Нормуродов

Сайёҳга нос пуркаган таксичи, ҳожатхона вазифасини ўтовчи қамишзор: туризм соҳаси муаммоларига назар

Сайёҳга нос пуркаган таксичи, ҳожатхона вазифасини ўтовчи қамишзор: туризм соҳаси муаммоларига назар

Бугун жаҳонда туризм саноати глобал иқтисодиётнинг муҳим секторига айланди. Ҳаттоки баъзи давлатларда сайёҳлик — мамлакатнинг драйвери, яъни ривожланиш кучига айланган. Биз ҳам шу йўлдан кетаётган ва  имкониятлари юқори бўлган ҳудудларданмиз.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 3 июнь куни ҳудудларда туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини кўпайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда таъкидланишича, дунёда иқтисодий вазият қийинлашган ҳозирги шароитда кўпроқ иш ўрни яратадиган, сармоя ва экспортни кўпайтирадиган соҳаларни қўллаб-қувватлаш зарур. Туризмда бундай салоҳият катта. Бу соҳага йўналтириладиган ҳар бир доллар келгусида 3-4 баробар даромад келтиради. Ҳар бир янги иш ўрни бошқа тармоқларда яна 2 та иш жойи ҳосил қилади.Мамлакатимизда тарихий, маданий ва хушманзара гўшалар кўп. Уларнинг негизида туризм масканлари, меҳмонхоналар барпо этилди. Тартиб-таомиллар соддалаштирилиб, сайёҳлик бизнесига қулайлик яратилди. Сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида туризм полицияси ташкил этилди.

Албатта, йиғилишда юқоридаги каби эришилган натижалар ва кутилаётган лойиҳалар билан бир қаторда танқидий фикрлар ҳам янгради. Дарҳақиқат, мазкур соҳанинг ривожланишида ушбу сектордаги ҳар бир элемент ҳисобга олиниши ва параллел тарзда юритилиши тақозо этилади. Авваламбор, биз сайёҳларга хизмат кўрсатишда, уларга бир марталик мижоз сифатида қарамаслигимиз керак. Афсуски, кейинги пайтларда уларга хизмат кўрсатувчи ҳар бир соҳа вакилида, аввало уларни «чўнтагини қоқиш» мақсади устувор. Шунингдек, бугун соҳа ривожида энг оғриқли нуқталаримиз, ислоҳотга муҳтож йўналишлар кўп, шулардан бири — логистика хизмати. Маълумки, сайёҳлар Ўзбекистонга келгандан кейин биргина шаҳар ёки бир манзилга эмас, биратўла бир нечта нуқталарга боришни режалаштиради. Бунда эса шаҳарлараро логистика масаласи энг муаммоли жиҳатлардан биридир. Туристлар ҳар доим ҳам гуруҳ-гуруҳ бўлиб, поездда, автобусда саёҳат қилмайди ва кўпинча хусусий таксиларга чиқишга мажбур бўлади.

Бир сафар Бухоро шаҳридан Самарқандга россиялик турист билан ҳамроҳ бўлиб келган эдим. Таксичи маҳаллий мижозларга алоҳида, меҳмонга алоҳида нарх белгилади. Бу борада у анча тажрибали экан. Хуллас, ундан йўл ҳақини икки баравар ундирадиган бўлди. Сал ҳаракатлангач сайёҳ ҳайдовчидан кондиционерни ишлатишини суради. У эса бунга жавобан: «мана кондиционер», деб иккита ойнани бараварига очиб юборди. Камига нос капалаб, кафтини ўз одатига кўра, машина салони бўйлаб пуфлаб юборди. Нос зарраларига тўйинган сайёҳда аллергия бор чоғи, кета-кетгунча йўталиб кетди.

Ҳайдовчи йўл-йўлакай метан газ шохобчасига ҳеч гап сўзсиз  машинани тўғриладию, индамай тушиб кетди. Хорижлик йўловчи ҳайрон бўлиб, «нима бўлди, биз манзилга етиб келдикми», деб сўради. Йўл-йўлакай ҳайдовчи манёврлар қилар ва бошқа «маҳоратлари»ни намойиш этар, айниқса, машина қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётганда меҳмон сесканиб кетиб, ҳайдовчидан бир неча марта секин юришини илтимос қилди. Авантюрист таксичи қани энди ўз билганидан қолса. Шубҳасиз, сайёҳ машинадан анча кўнгли хира тортиб тушди. Турист билан хайрлаша туриб, кейинги режалари билан қизиқдим, у аввало йўл давомидаги стрессни бартараф этиб, эртага Самарқанддан тўғри Тожикистонга ўтиб кетишини билдирди. Мен унга Самарқанддан  Шаҳрисабзга ёки Зоминга ўтишини маслаҳат бердим. У эса нимтабассум ҳолда бош чайқаб қўя қолди.

Яна бир ҳолатда эса Тошкентдан Самарқандга жўнаётган таксида бир йигит италиялик туристни «Самарқанд Плаза» меҳмонхонасига боришини билдириб, кузатиб юборди. Сайёҳ учун тўланган йўлкира одатдагидан сал ортиқроқ бўлса-да, таксичи норозилик билдириб, кузатувчи йўл ҳақидан ўзига «уриб қолгани»ни айтиб нолиб қолди. Шу норозилик кайфиятида келиб, гўё кузатувчидан ёки бу жараёнда айбсиз сайёҳдан ўч олмоқчи бўлди чоғи, хорижлик йўловчини «Самарқанд Плаза»га эмас, бошқа йўналишдаги эски «Самарқанд» меҳмонхонасига ташлаб кетмоқчи бўлди. Биз йўловчиларнинг аралашишимиз билан таксичи уни зўрға тегишли манзилга олиб боришга кўнди. Акс ҳолда бегона шаҳарда манзилга боролмаган сайёҳ қанчалар абгор бўлар эди.

Биз аҳамият бермайдиган бу каби кичик жиҳатлар ҳудуд туризми имижига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Шунинг учун ҳар битта туристик агентлик, меҳмонхона қошида сайёҳлар учун махсус такси хизмати йўлга қўйилса яхши бўларди. Таксилар сифати, нархи талаб даражасида бўлса, кондиционер ишласа, уларга малакали ҳайдовчилар жалб қилиниб, шошилмай меъёрий тезликда ҳаракатланса, сайёҳлардаги стресслар ўрнини ўзгача таассуротлар эгаллармиди. 

Ушбу сектордаги яна бир муаммо — меҳмонхоналар. Уларнинг камлиги ёки шарт-шароитлар етишмаслиги. Меҳмонхоналар водий вилоятлари, Самарқанд ва Жиззах шаҳрида бироз қаноатли бўлса, Қарши, Бухоро шаҳарларида уларнинг сони камроқ ёки сифатига қараганда нархи қиммат. Қарши шаҳрида бир нечта уч юлдузли меҳмонхонада санузел яхши ишламаслиги ёки ётоқ жилдлари ғижим бўлиши, сочиқлар доғ, ҳатто йиртиқ бўлишини ҳам кузатиш мумкин. Шунингдек, номерлардаги дераза пардалари эскилиги, кондиционер, музлаткич ёки телевизор ва бошқа жиҳозларининг рисоладагидек эмаслиги сайёҳлар кўнглини хижил қилиши аниқ. Шу масалада «юлдуз» нишонини жорий этиш тамойили ўзи бизда қандай? Бу соҳа қайси мезон асосида ва ким томонидан баҳоланади? Менимча, бу юлдузлар меҳмонхоналар томонидан ўз-ўзига жорий этилса керак. Акс ҳолда юқоридаги ҳолатлар учрамас эди.

Навоий шаҳридаги меҳмонхоналарда хизмат сифати яхши йўлга қўйилган бўлса-да, у ердаги  меҳмонхоналарнинг сони кам, етарли эмас. Бухородаги баъзи меҳмонхоналарда эса қиш палласи иситиш тизими яхши ишламайди. Шунингдек, нонуштага кечаги овқатни, бир кун аввалги десертни тортишади. Дарвоқе, меҳмонхоналардаги нонушта ҳақида. Улар ҳеч қачон мижозлар талабига кўра эмас, балки меҳмонхона маъмурияти таъбига кўра, имкон қадар арзон масаллиқлар ҳисобига тортиқ қилинади. Бу жараёнда ҳам сайёҳларнинг талаб ва истаклари инобатга  олинса ўринли бўлар эди.

Туризм ривожидаги яна муаммоли йўналиш бу — санузеллар масаласи. Йўл бўйларида, ҳатто шаҳар марказларида ҳам бу масала оғриқли бўлиб қолмоқда. Йўлда кетаётиб аксарият сайёҳлар ёки йўловчилар бу эҳтиёжини ёқилғи қуйиш шохобчаларида қондириши мумкиндир. Ёқилғи шохобчалари учрамаса-чи? Янтоқ панасида енгиллайдими ёки қамиш ортида? Ҳатто катта шаҳарларда ҳам бу эҳтиёж туғилса ё бозорлар атрофида ёки бирор кафедаги ҳожатхонага кирилмаса, бошқа алоҳида хизмат йўлга қўйилмаган.

Албатта, биз туризм соҳасини ривожлантиришни истасак, аввало юқоридаги каби муаммоларни бартараф этишимиз ва бу борада муваффақиятга эришган давлатлар амалиётини, трендларини қўллашимиз тақозо этилади. Шундагина туризм соҳаси барқарор даромад келтирувчи драйвер соҳалардан бирига айланиши мумкин.  

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг