Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Турсунали Акбаров

Йиғлаб борма, ҳўнграб чиқади!

Айб фақат адашгандами?

Айб фақат адашгандами?

Фото: «Advantour»

Эътиқод — ўта ҳассос, ўта нозик туйғу. Дунёни қаранг: шўрлик заминнинг қайси нуқтасида урушу муҳораба кетаётган бўлса, аксариятининг туб замирида эътиқод омили ётибди. Турли низо, нотинчликдан манфаатдор кучлар айни омилдан усталик билан фойдаланмоқдаки, оқибатини кўриб турибмиз: бузғунчи, мутаассиб оқимлар сафи-ю таъсири кенгайиб бормоқда. Энг ёмони, бу фитналарнинг аксарияти исломга қаратилаётир: қотил ҳам мусулмон, мақтул ҳам мусулмон...

Диёримизда динлараро низо ҳам, миллатлараро низо ҳам йўқ, шукур. Бу ўз вақтида кўрилган чора-тадбирларнинг ҳосиласи, албатта. Бироқ юртдошларимиз орасида турли бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолган, ҳатто қўли қонга ботганлари ҳам учраётган экан, демак, бу борадаги ишлар сифати барибир мақтанишга изн бермайди. Мамлакатимизда диний маърифатга берилаётган юксак эътибор, амалга оширилаётган кўпдан-кўп хайрли ишларни пеш қилиб, ёқадан олишга шошманг, оғайни. Ушбу ёзувларда на хайрли ишлардан кўз юмиш, на ўтган кунга тош отиш мақсади бор. Куни кеча эртакдек туюладиган ишлар бугун реал воқеликка айланганидан ақл шошаётир ҳатто: ҳазор-ҳазор шукурлар бўлсин...

Шунга қарамай хайрли ишлар сифати ва самарадорлигига соя солаётган маълум ҳолатлар борки, улар хусусида ожизона мулоҳаза айтиш айб бўлмас.

Диний мазмундаги китоблар чоп этилиши билан боғлиқ ғурбатлардан кўпларнинг хабари бўлмаса керак. Асосий гапга ўтишдан бурун тегишли ҳуқуқий ҳужжат ҳақида тассаввур олсак.

Маълумки, Вазирлар Маҳакамасининг 10-қарори (2014 йил 20 январь) билан тасдиқланган низомга кўра: «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш фақат давлат диншунослик экспертизаси ўтказилганидан кейин амалга оширилади». Тўғри талаб, ўринли тартиб. Чунки турли оқим ва фирқалар ўз ғояларини тиқиштириб ётган бугунги замонда диний мазмундаги материаллар чоп этиш, тарқатиш ишлари ўта ҳушёрлигу нуктадонликни талаб этади. Бундай ваколат Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитага берилган. Бу ваколат пировард мақсадга нечоғли хизмат қилаяпти?

Гапни аниқ мисол билан давом эттирсак.

Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф(раҳимаҳуллоҳ)нинг асарларига наинки юртимизда, балки МДҲда ҳам эҳтиёж катта экани инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Ҳатто россиялик экспертлар ҳам бу борада бонг урмоқда. Тўғри, ҳазратнинг китоблари чиқиб турибди, бироқ қанча ададда? Дейлик, «Дин — насиҳатдир» китоби, янглишмасам, икки марта, беш минг нусхадан, жами ўн минг дона чоп этилди. Турли  фирқаларнинг фитнакор ғояларига кучли раддия бўлган бу асарнинг ўн минг дона чоп этилиши туяни чўмич билан суғоришдек гап аслида. Ҳажми ўн босма табоққа етиб-етмайдиган мазкур асар тартибга кўра диншунослик экспертизасидан ўтиши керак. Ваколатли орган – Дин ишлари бўйича қўмитанинг диний материал учун берадиган хулосаси текин эмас. Ҳар босма табоқ учун энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдорида пул тўланади. Бугунги кунда ўн босма табоқ китобнинг экспертиза хулосаси — бир миллион етти юз йигирма икки минг тўрт юз сўмга тушади (172240х10=1722400). Бу ҳали ҳаммаси эмас. Қўшимчасига қўмитанинг ўзидан ҳар дона китоб учун махсус голограмма сотиб олиниши лозим. Бир дона голограмма нархи – 185 сўм, буни беш мингга (китоб адади) зарб этсак, миқдор 925 минг сўм бўлади. Энди 1722400 ни 925 мингга қўшамиз: 2 миллон 647 минг 400 сўм! Бу ҳали босмахонага етмаёқ тахтакачдан ҳам юпқароқ бўлган китобга «минаётган» харажат. Ҳали олдинда муҳарриру мусаҳҳиҳ, босмахона чиқимлари турибди...

Бу жараённинг тасаввурга сиғмас «қоидаси» шуки, китоб ададини (!) ҳам қўмита экспертлари белгилайди?! Тегишли хулоса четида «келишилган адад фалонча» деган ёзув зикр этиладики, «келишув»да муаллифнинг (ноширнинг, нашрга тайёрловчининг, таржимоннинг) ихтиёри йўқ. Демак, «келишув»нинг маъноси шундай: хоҳласанг – шу, йўқса, ка-атта кўча...

Аксарият диний мавзудаги китоб адади беш мингтадан ошмайди, нари борса, 8 минг дона бўлиши мумкин, илло ундан ортиқ эмас (ҳатто шайх ҳазратларининг китоби бўлса ҳам!).

Хўп, қайта нашр этиш мумкинми?

Албатта мумкин. Бунинг учун баён қилинган босқичларни қайта босиб ўтишга асаб ва маблағингиз етса бас. Шу жараёнда яна бир тасаввурга сиғмас ҳолатга дуч келасиз: битта номдаги китоб неча марта чоп этишга эҳтиёж туғилса, унга шунча марта (!) эксперт хулосаси олиниши керак (тағинам эндиликда қўмитанинг муҳтарам мутасаддиларига «инсоф» кириб қолган: чамаси, уч-тўрт йиллар бурун эксперт хулосаси олинган китоб олти ой муддат ичида чоп этилмаса, уни (эксперт хулосасини) бошқатдан олиш шарт эди! Албатта, белгиланган харажат эвазига)!

Ажабланарлиси, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг юқорида эслатилган қарори билан тасдиқланган низомда эксперт хулосаси учун харажатлар меъёри белгиланмаган. Дин ишлари бўйича қўмитанинг ўз низомида ҳам бу ҳақда очиқ гап йўқ. Фақат 4-моддасида шундай дейилган: «Қўмита фаолиятини молиялаштириш... Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади». Демак, диний материаллар экспертизаси учун олинадиган маблағни «қонун ҳужжатларида тақиқланмаган манба» деб тушунишдан бошқа чора йўқ. Қизиғ-а, битта маҳсулотни битта одамга мантиқсиз талаблар билан қайта-қайта сотиш, жуда юмшоқ айтганда, қароқчиликдан бошқа нарса эмас. Аммо давлатнинг ваколатли органидан битта китоб учун мазмуни ўзгармайдиган эксперт хулосасини қайта-қайта олишга мажбур қилиниш қонун билан тақиқланмаган ҳолат гўё... Мазкур «тартиб»нинг ҳуқуқий қуввати ҳақида баҳслашмаймиз. Биринчи нашрдаёқ мазмуни маълум бўлган эксперт хулосасини қайта олиш учун кетадиган ойлаб вақт исрофи хусусида ҳам гапирмадик ҳали... Оғриқли нуқта шундаки, эҳтиёж катта, бироқ «экспертиза»да ойлаб «дам еб», ижозат бўлган тақдирда ҳам адади чекланган китоб, хоҳлайсизми-йўқми, қимматлашиб кетади. Натижада ҳамманинг ҳам сотиб олишга қурби етмайди. Баски, бундай «тартиб» пировардида диний маърифат тарқатишдек эзгу ишларга катта тўғаноқ бўлаётганини англаш учун катта ақл шарт эмас. «Ёшларимизни интернет орқали тарқатилаётган турли бузғунчи ғоялардан асрайлик!» дея айюҳаннос солиш нимаси-ю, ўша ғояларга қалқон бўладиган диний материаллар тарқатиш жараёнида бу каби ақлга сиғмас тартибларни «кашф этиш» нимаси? Шу каби омиллар сабаб «Жаҳолатга қарши – маърифат!» деган эзгу ҳикмат қуруқ шиорга айланиб қолмаяптими? Беихтиёр раҳматли Ҳожибой қизиқ айтган ҳангома — боласи иссиқ печка томон эмаклаб (гўдак печка иссиқлигини қаердан билсин?) кетаётганини кузатиб турган бепарво онанинг гаплари эсга келаверади: «Борма-а, куясан... Ҳооой, куясан... Ана, куйди-и-инг!..».

Воқеликни кузатиб, Дин ишлари бўйича қўмитанинг бу «тартиби» ҳаммага эмас чоғи деган хаёлга борасан киши. Ҳилол Насимов деган «валломат» режиссёр бор. Шу «доно» (сценарий муаллифи ҳам, режиссёр ҳам, ҳатто бош рол ижрочиларидан бири ҳам ўзи!) диний экстремизм, мутаассиб кимсалар ҳақида бир-иккита кино олгани-ю бузғунчилар қолиб, исломнинг ўзини салкам «олабўжи» қилиб юбораёзгани жамоатчиликнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлгани маълум. Давлатнинг миллион-миллион пуллари исроф қилинган бу кинолар хусусида, неча марта эфирга кетмасин, қўмита экспертлари лом-лим деганини шу чоққача биров эшитгани йўқ. Ёки «Ислом ва ақидапарастлик оқимлари», «ИШИД фитнаси» номли «ҳашар» китобларни олайлик. Йўлига «яшил чироқ» ёқилган бу китоблар бир неча ўн минглаб нусхада қайта-қайта чоп этилди, махсус «воизлар» ёрдамида армонсиз тарғиб этилди. Аммо самара-чи? Икки-уч йил аввал чиққан мазкур китобларни бугун ким ўқияпти? Ким эслаяпти? Исломдан тасаввури бўлганларнинггина аранг тиши ўтади бу китобларга. Уларда кўтарилган мавзулар оммага содда услуб, ширали тил, жонли баёнлар орқали тушунтирилсагина кутилган самара бериши мумкинлиги донишмад экспертларнинг хаёлига келмаганидан ажабланасан. Икки ўртада дин соҳасига етти ёт бегона бўлган инсондан «қўлбола исломшунос» ясалгани қолди, холос. Бундан кўра раҳматли шайх ҳазратларининг юзлаб бебаҳо асарлари нашрига кенгроқ имконият берилганда натижа кутилганидек бўлмасмиди? Мамлакат раҳбари ҳазратнинг шахси ва фаолиятини эътироф этиб, хотирасига юксак эҳтиром кўрсатганидан кейингина, мана энди маърифатга ташна кўнгиллар ул зотнинг ўлмас асарларидан кенгроқ баҳраманд бўлиш имкониятига эга бўлаётир...

Мавзу юзасидан кўп ва хўп гапириш мумкин. Улар орасида айтиб бўлмайдиган, ёзиб бўлмайдиганлари ҳам борки, майли, яхши гумонда бўлаверамиз. Буёғига, Президент таъкидлаганидек, «Ислом фақат нурли ҳаётга, илму маърифатга, яхши ҳаётга ундаши» тараннум этилган маърифат булоқларидан қониб-қониб ичсак, бас. Зеро, ташна одам улкан булоқларнинг «қулоғини бураб», жилдиратибгина чиқарилаётган сувга қониқмаслиги аён. Булоқ бошидагилар буни яхши билади. Билишиям керак!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг