Экстремистик оқимнинг «қўлбола» аъзолари
Бу жиноятнинг фош этилиши кўплаб ҳисоботларга безак бўлгани, айбдорларни ушлаб, гўёки жазо муқаррарлигини таъминлаган шоввозлар рағбатларга кўмилганининг эҳтимоли катта. Ахир номининг ўзиёқ хунук бўлган диний оқимга аъзо нақ ўн уч нафар кишидан иборат жиноий гуруҳнинг қилмишларини аниқлаш ҳазилакам ишми? Фош этилган жиноят суддан силлиқина ўтиб, айбдорлар турли жазоларга мустаҳиқ этилдики, бу энди ортиқча баҳс-мунозарага ўрин қолдирмайди одатда.
Бироқ ҳукм қатъий эмас, шикоятга ўрин бор: бугунга келиб маҳкумлар миқ этмай жазони ўтаб улгурган бўлишса ҳам! Зотан, ўтган вақт давомида кўп қорлар ёққанига қарамай излар кўмилиб кетмади: «мана ман!» деб турибди.
Бу излар аввало суд ҳужжатларида кўринади. Чунки «жиноят»ни (шу сўзни қўштирноққа олиш фурсати етди) фош этишга туман суди шароит яратиб берган бўлса, унга «қонуний нуқта»ни вилоят суди қўйди гўё...
Савол туғилиши мумкин: жиноятлар фош этилишига судларнинг кўпам дахли йўқ, улар тайёр «иш»ни кўриб, ҳукм чиқаради, баски, судьяларга писанда қилишнинг боиси не?
Жавобни ёйиброқ баён қилишга тўғри келади.
Амалиётда қўллаб келинган «ажойиб» тажриба бор: бирор оғирроқ жиноятда гумонланаётган шахс аввалига 10-15 сутка маъмурий қамоққа олинади. Негаки, 48 соатда (илгари 72 соат эди) гумонни исботлаш анча мушкул иш, бу муддатдан кўп ушлаб туришга қонун изн бермайди. «Ичкари»да кўпроқ ушлаб туриш учун қонуний асос лозим. Бундай қонуний асос маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш «ясаш» билан юзага келтирилади. Ички ишлар идораларига ёрдам бериб юрадиган «кўнгиллилар» кам эмас. Одатда ўша «кўнгиллилар»дан бири ариза ёзадики, фалончи мени ҳақоратлади (урди, сўкди, тегинди ва ҳ.) деб... Ариза бор экан, маъмурий «дело» ясаш чўт бўптими? Муҳими – «жабрланувчи» нақд, кўпинча ҳатто гувоҳ ҳам шарт эмас. Негаки, бунақанги «ишлар» суддан ўтиши тайин-да: аввалдан судьяга «тайинлаб» қўйилади!
Алқисса, юмалоқ-ёстиқ «маъмурий иш» юзасидан судья фалончига камида 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлайди (баъзи ҳолатларда фалончилар жазо олганини билмай ҳам қолади).
Маъмурий қамоқ жазосини ўташ жараёнида гумон исботланиши ҳам мумкин. Мабодо, акси бўлса, муаммо йўқ: фалончи асоссиз «ўтирмади», берилган жазони ўтади, вассалом! Бундай бедодликдан кейинроқ арз қилиш мумкинми? Йўғ-а, аксарият фалончи арз қилиш тугул, «меҳмондорчилик»дан қутулганига шукур қилади, «мезбонлар» ҳаққига дуо қилишиям ҳеч гапмас. Иродаси бўшроқлар-ку, очилмай ётган бирорта енгилроқ, жазоси жаримадан нарига бормайдиган жиноятни бўйнига олишиям мумкин: калтак еяверганидан кўра шуниси маъқул-да. Қарабсизки, икки томон ҳам мамнун: «гумондор» осон қутулганидан, «оперлар» муаллақ жиноятлардан биттаси «очилганидан»...
Бундай «самарадорликка» маъмурий қамоқ жазоси тайинлашга «сахий» судьяларсиз эришиб бўладими?
...Нишон туманида ҳам шу «тажриба» қўллангану, аммо уюм-уюм «қовун» туширилган кўринади. Бироқ вилоят судининг судланувчиларга нисбатан айблов ҳукми чиқариши ёпиқ қозон шундоғлигича қолишига олиб келди...
Гап шундаки, 2010 йилнинг сентябрь ойи ўрталарида Қашқадарё вилояти Нишон тумани «Каптарли» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 18 нафар фуқаро бирин-кетин 10 суткадан (ҳар бири) маъмурий қамоқ жазосига мустаҳиқ этилади. Эмишки, уларнинг аксарияти деярли бир кунда Нишон тумани Нуристон шаҳарчасида истиқомат қилувчи Азиза Авазова деган аёлга «тегажоғлик» қилибди?! Яна қаерда денг, Қарши тумани ИИБ биноси олдида?! Ҳайратда қолмай илож йўқ: Азиза Авазова қандай «ҳурилиқо» эканки, ИИБга чақирилгани сабабини билолмай гангиб турган кап-катта одамларнинг ташвиши эсдан чиқиб, тилидан тушов тушаверса-я?! Шунинг ўзиёқ ақлга сиғмайди. «Ҳуқуқбузарлар» орасида бири ҳожилик мақомига эришган фермер, бири қишлоқ имоми, яна бири Тошкент ислом институти талабаси бўлган уч ака-уканинг борлигига нима дейсиз?! Суд қарорларига кўра, Абдухалил Тошпўлатов (1965 й.т.) 2010 йилнинг 15 сентябрь куни кундуз соат 14.00 атрофида, укаси Абдумажид Тошпўлатов (1969 й.т.) шу куни соат 16.00 атрофида, орадан ўн кун ўтиб, 25 сентябрь куни кундуз соат 11.00 атрофида эса Абдужаббор Тошпўлатов (1977 й.т.) Азиза Авазовага «тегажоғлик» қилгани учун 10 суткадан жазо олишибди! Тавбангдан кетай, ҳуру ғилмонларда ҳам бунчалар кўп «ошиқ» бўлмас, а?.. (айтганча, 18 нафар «ҳуқуқбузарлар» орасида Азиза Авазова «тегажоғлик» қилишга улгурмаганларнинг «айби»ни Зилола Ҳамроева деган яна бир «кўнгилли» фош этади!)
Курак тугул, тувакда турмайдиган бунақа айблов жиноят ишлари бўйича Қарши туман суди раиси Р.Тулаевда шубҳа уйғотмагани-чи?
Судьянинг «шилқимлар»га нисбатан ёппасига 10 суткалик маъмурий қамоқ жазоси белгилаши натижа бермай қолмади. Натижаки, жазо муддати тугаб-тугамай 18 нафар «ҳуқуқбузар»нинг 13 нафари қандайдир диний оқим аъзосига, қолган 5 нафари эса уларнинг жинояти гувоҳига «айланишди»...
Бу гаплар айтишгагина осон, ёзишгагина осон...
«Ҳуқуқбузар»лар «ичкарида» қандай азобларга гирифтор этилганини баён қилмоққа ҳожат бормикан? Ўҳ, тасаввур қилмоқнинг ўзи даҳшат! Азоблар дастидан улар диний оқимга аъзолик не, керак бўлса, АҚШнинг мақтул президенти Жон Кеннеди қотиллигини ҳам бўйнига олвориши ҳеч гап эмас. Бўлди, бошқача қиёс ортиқча.
Айбдорлар ўз қилмишини «тан олиши», бунга «гувоҳ»лар ҳам топилгани, токи далил йўқ экан, жиноят тўла-тўкис фош этилганини англатмайди. Шунча ишни уддалаган шоввозлар учун далил топиш муаммоси йўқ. Айбланувчиларнинг уйи тинтув қилинса, керакли далиллар «ажи-и» деб ўз оёғи билан чиқиши мумкин. Шундай бўлди ҳам: улар хонадони тит-пити чиқарилганда «араб ёзувида ёзилган (ҳукмда шундай ёзилган – муаллиф) қатор китоблар, яктак(!), тасбеҳ(?!), турли хил доривор ўсимликлар(?!), «Зикр аҳлидан сўранг» китоби, Қуръони карим, бир қанча ДВД дисклар...» топилдики, бири бўлмаса, бошқаси «далил»га яраб қолар?
Ўзбекстон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита экспертлари «далиллар» орасидан фақат битта — «Мурожаат» деган фильмда, мухтасар айтганда, бузғунчи ғоялар мавжуд маъносида хулоса берди. Бу хулосадан бошқа «далиллар»да мутаассиблик аломатлари ҳам, жиноятга алоқадорлик даражаси ҳам йўқ деган маънони уқиш мумкин.
Ўша фильмни кўрган ҳамма бир думалаб мутаассибга айланиб қоладими?
Бу энди ҳамон очиқ турган катта савол.
Шунга қарамай шугина далил жиноят ишида катта тош босса денг?!
Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди судьяси Р.Бекназаров раислиги ўтган суд мажлисида, турган гапки, судланувчиларнинг бирортаси айбини тан олгани йўқ. Уларга қўшилиб гувоҳлар(!) ҳам тергов пайтида барча кўрсатмалар жисмоний қийноқ эвазига олинганини билдиришди. Судланувчиларнинг айбловни инкор этиши, гувоҳлар ҳам уларга қарши берган кўрсатмаларини тасдиқламаслиги, боз далилнинг ғариблиги «жиноят иши» чок-чокидан сўкилганини англатади аслида... Бироқ судья бунга ишонса қани?! Унинг наздида қийноқ эвазига кўрсатма олиниши «ишончга сазовор эмас», аксинча, терговда жараёнидаги «иқрорномалар» ўта ишончли экан?!
Қашқадарёнинг айрим судьялари бошқа сайёрадан тушганми деворасан-да. Уларнинг наздида «қўлбола» маъмурий ишлардаги «шилқимлик»лар – ишончли; маъмурий жазолар эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинишга ҳалқа мисол уланиб кетганида ҳам ҳеч қандай ғаритабиийлик йўқ. Аммо ўн саккиз нафар судланувчи-ю гувоҳнинг қийноққа солингани ҳақидаги бир хил мазмундаги кўрсатмалари «ишончга сазовор эмас»?! Буниси ҳолва, судланувчилару гувоҳларга ёпиштирилган ўнлаб маъмурий ҳуқуқбузарликка оид «иш»да биттагина аёл «жабрланувчи» бўлаётгани, ўша «офатижон»лар айрим судланувчилар хонадони тинтув қилинганда «холис» тариқасида иштирок этишига(!), жилла қурса, энсаси қотмайди ҳатто!..
«Дод!» девормоққа шу манзаралар кифоя эмасми?
Шу тариқа судланувчилар олти йилдан тўққиз йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилинди!..
Зуваласи зулм лойига қорилган «жиноят иши»ни баён қилиб ўтирмадик, зеро, қилмишларини «...дастлаб ўз оила аъзолари, яқин қариндошларини ислом динига киритиб(?!)... ўтказилаётган тўйлар, ҳар хил маросимларни бидъат ҳисоблаб(!), асрлар давомида шаклланиб келган урф-одатларимизни писанд қилмай... аёлларини ҳижобда юришга мажбур қилиб... тўйларда ароқ ичмаслик...»ка даъват қилишдан «бошлаган» шўрликларнинг «жиҳодчига» айланмаслиги табиийдек гўё...
Дарвоқе, суд ҳукмида судланувчилар, хоссатан, ака-ука Тошпўлатовлар «бирор-бир фойдали меҳнат билан шуғулланмаганликлари» таъкидланади. Аслида Абдухалил Тошпўлатов тумандаги «Ҳожи ота» фермер хўжалиги раҳбари, укаси шу хўжаликда ишлаши баробарида Каптарли қишлоғининг расмий имоми, кенжа Абдужаббор эса, юқорида айтдик, Тошкент ислом институтининг иккинчи босқич талабаси эди. Кўринадики, қамоққа олинишидан аввал оға-инилар ўз иш ўринларига эга бўлишса, мана энди «ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланмай» ҳалак. Негаки, жиноий жавобгарликка тортилиши ҳамоно фермер хўжалиги (ҳар йили давлат мажбуриятларини ортиғи билан бажарганига қарамай!) тугатилган, уч оиланинг иқтисодий аҳволи танг. Ўзларидан ташқари қариндош-уруғлари тортган изтироблар натижасида кўплари хасталикка чалинишган ҳам. Не умидлар билан ислом институтида таҳсил олаётган кенжа Тошпўлатов ўқишга тикланиш орзусида юрибди...
Хўш, энди дўппини ёнга қўйиб, тафаккур қилайлик: ўн саккиз нафар инсоннинг «қўлбола» айбловлар билан жавобгарликка тортилишидан ким фойда топди? ИИБ изқуварларими? Терговчи ёки айблов хулосасини гажакдор имзоси билан тасдиқлаган прокурорми? Кўзни «чирт юмиб» ҳукм ўқиган судьяларми?
Жамият-чи?
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter