1 млн долларлик танлов ва бошқалар — Президент янги қарорни имзолади
Ўзбекистон Республикаси Президенти «2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Ҳужжат билан:
- 2022-2023 йилларда соҳани ривожлантиришнинг асосий вазифалари белгиланди. Мисол учун, 2022 йил якунига қадар аҳоли яшаш масканларини кенг полосали мобил алоқа тармоғи билан қамраб олиш даражаси 98 фоизга, халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўллари бўйлаб юқори тезликдаги мобил интернет қамрови 60 фоизга етказилади;
- 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида АКТни қўллаш орқали масофавий хизматларни экспорт қилиш марказлари босқичма-босқич ташкил этилади;
- 2022 йил 1 ноябрдан мобил алоқа операторлари, тижорат банклари ҳамда тўлов тизимлари операторларига ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда, ўзларининг мобил иловалари орқали Ягона порталдаги электрон давлат хизматларини кўрсатишга рухсат берилади;
-2023 йилдан бошлаб ҳар йили ёшларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги стартап лойиҳаларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан умумий мукофот жамғармаси 1 миллион доллар бўлган Президент соврини учун танлов ўтказилади;
- 2022 йил 1 октябрдан бошлаб АКТ соҳасида IT-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш ҳамда экспортга йўналтириш бўйича стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун ИТСВ ҳузуридаги Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов асосида 1 миллиард сўмгача бўлган грантлар ажратиш тартиби жорий қилинади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter