111 ёшли ёзувчи асосан нима истеъмол қилишини ошкор этди
Энг кекса австралиялик Декстер Крюгер узоқ умр кўриш учун кутилмаган маҳсулотни маълум қилди. The Independent унинг сўзларини чоп этди.
Квинсленд штати Ром шаҳридаги қариялар уйида яшовчи 111 ёшли австралиялик бошқа омиллар қатори ўзига хос деликатесни мунтазам истеъмол қилиш узоқ умр кўришнинг гарови эканлигини айтмоқда.
«Бу товуқ мияси. Маълумки, товуқларнинг боши бор. Унинг ичида мияси бор. Ана шу жуда мазали егулик», — деди Крюгер журналистлар билан суҳбатда.
Шунингдек, у ҳар куни ўнталаб қисқичбақа истеъмол қилади, кўп куйлайди ёки ҳуштак чалади.
«Нафас олишдан тўхтаманг, кунига уч марта овқатланинг, шунда вақт ўз-ўзидан ўтиб кетади», — дея у узоқ умрни кўриш истагида бўлганларга маслаҳат берди.
Aвстралияликнинг таъкидлашича, гарчи иккита жаҳон уруши, Буюк Депрессия ва кўплаб қурғоқчиликларни бошидан ўтказган бўлса ҳам, унинг ҳаётида ёмон кунлардан кўра яхши кунлар кўп бўлган. У инсоният COVID-19 пандемиясини енгишига ишонади.
«Меҳнат фаолиятим давомида йирик шохли қорамоллар билан ишлаганман. Вакциналар ёрдамида кўплаб жиддий муаммоларни ҳал қилдик. Бунда ҳам шундай бўлади», — деди Крюгер.
У бир умр фермерлик билан шуғулланган. 86 ёшида эса, рафиқаси вафот этгач, китоб ва шеърлар ёза бошлаган. Шу вақтга қадар Крюгер 300 дан ортиқ ҳикоялар ёзган. Узоқ умр кўрувчи рекордчи 12 та китоб чиқарди, улардан охиргиси 109 ёшида эълон қилинди. Aйни пайтда австралиялик ёзувчи автобиография устида ишламоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter