20 йил ўтиб... Бухорода 13 ёшли она
Бундай хабар ҳар қандай кишини саросимага солмай қўймайди. Оғриқлиси, орадан 20 йил вақт ўтибди. Лекин, саҳифалардаги сарлавҳалар ўзгармади. Фақат рақамлар «ёшарди»: 15 эмас, 13… Бу шунчаки статистика эмас, бу - болаликнинг барвақт якунланиши...
2005 йилда «Туркистон» (ҳозирги «Ёшлар овози») газетаси мухбири вазифасида ишлардим. Газета сонларидан бирида «15 ёшли она» сарлавҳаси остида ёритилган мақола шов-шувларга сабаб бўлди. Ушбу мақола қаттиқ қарама-қаршиликлар билан қаршиланди. Мақола эълон қилиниши ҳамона бош муҳаррир айрим бухоролик мансабдорларнинг турли босимли қўнғироқлари қуршовида қолди. Бироқ, манбаанинг тўғрилиги, прокуратура терговчиси тақдим этган асосли маълумот бундай қўнғироқларнинг ҳақиқатан ҳам босим эканини ошкор қилиб қўйди. Шунда ўз давридаги вилоят раҳбари томонидан «хотин-қизлар қўмитаси» оёққа турғазилиб, ўсмир қизларнинг ҳар бири учун жавобгар ва масъул бўлиши қатъий талаб остига қўйилган эди.
Бугун негадир, «Туркистон»нинг ўтган йиллар саҳифаларини шунчаки варақладим. «15 ёшли она» сарлавҳали мақолага кўзим тушиб, беихтиёр шу воқеалар кўз олдимдан ўтиб турганди. Мақолага кўра, шофирконлик 15 ёшли қиз қонуний никоҳдан ўтмай туриб, 23 ёшли йигитга турмушга чиққан. Ҳали на жисмонан, на маънан оналикка тайёр бўлмаган қиз 16 ёшида фарзанд кўргандан кейингина «ФХДЁ» уни қонуний никоҳдан ўтказган. Ҳолатга эса маҳалла-кўй, хотин-қизлар кенгашлари томошабин бўлиб тураверган.
20 йил аввалги воқеаларни бир-бир хаёлдан ўтказиб турганимда, қўнғироқ бўлиб қолди. «Ғиждувон туманидан 13 ёшли қиз она бўлибди. Ҳали тасдиқланмаган маълумотларга кўра, бола қизнинг ўгай отасидан эмиш...»
Манбаага янаям ойдинлик киритиш учун Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили билан боғландик. Вакил бу ҳақда «Xabar.uz»га маълум қилар экан, ҳолат ўтган йил содир этилганини, вояга етмаган қизга нисбатан содир этилган жинсий зўравонликка оид дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини, ҳеч бир жиноят жазосиз қолдирилмаслигини билдирди.
Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Шукруллаевнинг билдиришича, Бухоро вилоятида вояга етмаган қизга жинсий зўравонлик содир этилиши ҳолати бўйича 2025 йилнинг ноябрь ойида Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда, терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Унинг айтишича, ДНК тести (генетик тест) ўтказилиб, оталикни исботлаш ва суд-тиббий экспертизаси қўлланилади. Ва ДНК тести натижаларига кўра, айбдор қилмишига яраша жавобгарликка тортилади.
Айни пайтда, жиноят содир этишда айбланаётган шахс эса процессуал тартибда ушланиб, унга тегишли тартибда қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Асли ғиждувонлик бўлган, 2013 йилда туғилган М.Р. жорий йилнинг 23 февралида Республика она ва бола илмий-амалий тиббиёт маркази Бухоро филиалига қабул қилинган. Туғруқ натижасида М.Р. вазни 2900 грамм бўлган ўғил фарзандни дунёга келтирган. Бизни эса, айнан, шу - 13 ёшли «она» ва унинг дунёга келган боласининг саломатлиги ташвишлантирарди. Шу юзасидан Бухоро вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Элёр Олтиевга мурожаат қилдик.
«Боланинг ҳам, онанинг ҳам саломатлиги назоратда. Шифокорлар қараяпти. Аҳволи яхши. Барча шароитлар яратиб берилган. Жиноят билан боғлиқ масалалар тергов органлари томонидан амалга оширилади. Биз, тиббиёт ходимларининг вазифамиз эса ҳар қандай вазиятда ҳам инсон саломатлигини сақлаш бўйича масъулият билан ёндошиш. Унинг келиб чиқиши ёки бошқа жиҳатларига эътибор бермаймиз. Биз ёш она-бола ҳаётини сақлаб қолдик, биз учун шуниси муҳим. Чунки, бу ёшда улар ҳаётини сақлаб қолиш жуда қалтис ва нозик»,-деди Элёр Олтиев.
***
13 ёшли она... Ўзи ҳали қўғирчоқ ёшидан чиқмаган. Ҳали орзу-ҳаваслари, мактаб дафтари, синфдошлари билан болалик шўхлиги бўлиши керак эди. Аммо, у она бўлди. Қандай шароитда, қандай оғриқларда ва қандай руҳий изтиробларда... жавобдан кўра, саволлар оғирроқ.
Тўғри, шифокорлар она ва бола ҳаётини қийин вазиятларда, сонияларда сақлаб қолишган. Бу жуда катта жасорат.
Аммо, жамиятнинг бепарволиги яна бир 13 ёшли боланинг болалигини сақлаб қола олмади. Тергов ўз ишини қилади. Қонун ишлайди. Жиноятчи жазосини олади. Аммо, маҳалла-кўй, оиласи, атрофдагилар, қўни-қўшнилар, мактаб... Бир боланинг тақдирини сақлаб қолиш учун нега эътиборсизлик қилишган?
Ўзига ўзи суяна олмайдиган ёшда қўлида гўдаги бор гўдакни яна қандай синовлар кутмоқда? Бу ерда гап фақат битта 13 ёшли қиз ҳақида эмас, болалик ҳақида. Болаларининг болалигини асрай олмаган жамият уларнинг келажагини қандай асрайди? Шунинг учун бу воқеа фақат бир ҳудуд ёки бир оиланинг дарди эмас. Бу барчамизнинг дардимиз. Болаликни асрашга қодир бўлган жамиятгина ўз келажагини мустаҳкам қила олади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter