«7 йилда 1 миллиард доллар!» – иқтисодчи маблағ сарфини очиқлашни талаб қилди
Ўзбекистонга жорий йилнинг 6 ойида 123,3 миллион долларлик гуманитар ёрдам келган. Унинг энг кўп қисми (94,2 миллион доллар) дори-дармон шаклида йўлланган. Ярим йилда 703,6 миллион долларлик тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотлари импорт қилингани инобатга олинса, ҳар 7 долларлик импорт дори ёнида камида яна 1 долларлик гуманитар ёрдам тарзида келаётган дори-дармон бор.
Иқтисодчи ва блогер Отабек Бакиров ушбу рақамларни келтирар экан, бирор таниши гуманитар кўмакдан фойдаланганига гувоҳ бўлмаганини қайд этади.
«Охирги 7 йилда Ўзбекистонга келган тиббий гуманитар ёрдам 1 миллиард доллардан ошиб кетган. Бошқаларни билмадим, лекин шу охирги 7 йилда мен билган, таниган, кўрган, эшитган биронта бемор гуманитар ёрдам орқали келган дори-дармондан фойдаланганига гувоҳ бўлмадим, эшитганим йўқ («Cотиш учун эмас» деб муҳр босилган қиммат дориларга кўзингиз тушганми?). Қурби етгани ўзи, кимдир дўстлардан ёрдам сўраган, кимдир қариндошлардан, тармоқдан пул йиққан», – деб ёзади у.
Иқтисодчи ижтимоий тармоқлар орқали буйрак, жигар етишмовчилиги, онкологик касалликлар билан оғриётган беморлар, айниқса, болаларга кўмак сўраб қилинаётган мурожаатларни ёдга олади. Беморларнинг касали, оғриғи, даволамайдиган ўзбек тиббиётининг ўзи бир дунё муаммо экани, анқонинг уруғи бўлган дориларни қидириб топиш ва харид қилиш ундан-да катта муаммо эканини урғулайди.
Шунга кўра, блогер хориждан Ўзбекистонга йўлланган гуманитар кўмак, хусусан, дори-дармон қандай сарфланаётганини савол остига олган.
«Табиийки, савол туғилади, шунча гуманитар ёрдам қаерга кетяпти, қандай тақсимланяпти? Ҳисоби, ҳисоботи, назорати борми? Рақамлашишга миллиардлаб пул сарфланаётган медицинамизда гуманитар ёрдамнинг ҳудудлар, шифохоналар, беморлар, дори-дармонлар қирқимидаги маълумотлар базаси борми? Беморлар қайсидир базага кириб ўзлари излаётган дори-дармонни Ўзбекистонга юборилган гуманитар ёрдам рўйхатида бор ё йўқлигини билишга нега ҳақли эмас? Балки шаффофликка, очиқликка ўтиш вақти келгандир?» – дея оғриқли саволларни қўяди О.Бакиров.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter