Абдусатторов ва Синдоров Ўзбекистон шарафини жамоавий ЖЧда ҳимоя қилади
Ўзбекистон шахмат терма жамоаси 16–22 июн кунлари Гонконгда бўлиб ўтадиган жамоавий жаҳон чемпионатида кучли таркиб билан иштирок этади. Бу ҳақда FIDE маълум қилди.
Ўзбекистон терма жамоаси таркибидан дунёнинг етакчи шахматчиларидан бири Нодирбек Абдусатторов, жаҳон тожи учун даъвогар Жавоҳир Синдоров, шунингдек Нодирбек Якуббоев ва Шамсиддин Воҳидовлар ўрин олган.
Шу билан бирга, собиқ жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов ҳам жамоа сафида дона суради.
Турнирда жами 43 та жамоа ва 300 дан ортиқ шахматчи қатнашади. Асосий фаворитлар қаторида WR Chess ва Хитойнинг Dragon Chilling жамоалари ҳам бор.
WR Chess жамоаси сафида жаҳоннинг собиқ чемпиони Магнус Карлсен иштирок этади. Шунингдек, Фабиано Каруана, Максим Ваше-Лаграв, Ян-Кшиштоф Дуда, Хоу Ифан ва Александра Костенюк ҳам мазкур жамоа таркибида ўйнайди.
Dragon Chilling жамоаси эса Дин Лижэнь, Вэй И, Юй Яни, Жюй Вэнжюн ва Лэй Тинже каби юлдуз шахматчиларни жамлаган.
Мусобақанинг умумий мукофот жамғармаси 500 минг еврога тенг. Шундан 310 минг евро рапид, 190 минг евро эса блиц баҳсларида ғолиблар ўртасида тақсимланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter