Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шаҳноза Соатова

Ки ҳар не олами суғрода мавжуд, Бори бу олами куброда мавжуд. (Алишер Навоий)

Адлия вазирлиги давлат бошқарув органлари орасида биринчи бўлиб ISO 37001:2016 сертификатини олди: бунга қандай эришди?

Адлия вазирлиги давлат бошқарув органлари орасида биринчи бўлиб ISO 37001:2016 сертификатини олди: бунга қандай эришди?

Коррупция нима учун ёмон?

У давлат органлари фаолиятига салбий таъсир кўрсатади, рақобат муҳитини сўндиради, тараққиётга тўғаноқ бўлади, адолат мезонларини бузиб, инсон ҳуқуқларига дахл қилади, камбағалликни кўпайтиришга сабаб бўлади, фуқароларнинг давлат институтлари ишончига путур етказади ва ҳоказо.

Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашиш учун жиддий сабаблари ва катта эҳтиёжи бор. Шундан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш бўйича бир қанча қонун ҳужжатлари, Давлат дастури қабул қилинган, турли тизимлар, ташкилотлар фаолияти йўлга қўйилган. Улардан энг сўнггиси ва коррупцияга қарши кураш йўлида жиддий қадам дея баҳоланаётгани — Коррупцияга қарши кураш агентлигининг ташкил этилиши бўлди.

Бироқ коррупция муаммосини бартараф этишда қонунларнинг ўзи етарли эмас. Ҳар бир ташкилот ўзининг коррупцияга қарши курашга қўшадиган ҳиссаси бор ва шу ҳиссани бажариш учун масъулдир. Бу эса коррупцияга қарши кураш тизимини самарали бошқариш масаласини кун тартибига қўяди.

Ушбу масъулиятни ташкилотларнинг раҳбарияти даражасида зиммага олиниши ва уларни амалга ошириш учун самарали чора-тадбирларни амалга оширишга ирода кўрсатиш — коррупцияга қарши кураш менежментининг асоси саналади.

Яхши бошқариладиган ташкилотда коррупцияга қарши яхши кураш тизими ҳам яратилган бўлади одатда. Ушбу тизим коррупцияга қарши самарали курашибгина қолмай, бу йўлда ресурсларни мақсадли сарфлаш, харажатларни ва камайтириш, айни дамда юқори самарага эришишга олиб келади.

Халқаро майдонда коррупцияга қарши кураш менежментини тасдиқловчи махсус сертификат мавжуд, бу — ISO 37001:2016(E) сертификати.

Ушбу сертификатга йирик корхоналар (корпорациялар), ўрта ва кичик бизнес, жамоатчилик уюшмалари ва нотижорат ташкилотлари эгалик қилиши мумкин.

Куни кеча Адлия вазирлигига «CERT INTERNATIONAL» халқаро ташкилоти (Словакия) томонидан Ўзбекистоннинг давлат органлари ичида биринчи бўлиб ушбу сертификатга топширилди. Яъни вазирликда коррупцияга қарши кураш тизими менежменти ушбу халқаро стандарт талабларига жавоб беради деб топилди.

Бунга қандай эришилди?

  1. Сиёсат. Адлия вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш сиёсати ишлаб чиқилди. Сиёсатда вазирликнинг коррупцияга қарши курашишга қаратилган асосий йўналишлари ва коррупциявий фаолиятга аралашиб қолишга қарши курашиш бўйича фаолиятига бўлган ёндашув ифодаланган. Ушбу сиёсат талабларидан келиб чиқиб адлия вазирининг тизимда коррупцияга қарши курашни ташкил этишга доир 5 та буйруғи чиқарилди.
  2. Комплеанс назорат. БМТ Тараққиёт дастури кўмагида «KPMG» компанияси билан ҳамкорликда вазирлик фаолиятида коррупцияга қарши курашишнинг «комплаенс-назорат» тизимини жорий этиш бўйича ишлар олиб борилди.

Маълумот учун: 1) «антикоррупциявий комплаенс — бу коррупцияга оид хатарларни камайтирувчи профилактик чора-тадбирлар ва ҳаракатлар мажмуи; 2) «KPMG» компанияси аудиторлик ва конслатинг хизматлари кўрсатиш бўйича дунёдаги кучли тўртликка (Big4) киради.

Тизим доирасида, аввало, вазирлик ва унинг муассасаларига юклатилган функцияларни амалга оширишдаги коррупциявий хатарлар (492 та) баҳолаб олинди, улар хавфлилик даражасига кўра таснифланди. Уларнинг таъсирини камайтириш бўйича ҳуқуқий ва ташкилий чоралар кўрилди.

Жумладан, вазирликнинг соҳага оид 10 дан ортиқ ички ҳужжатлари («Коррупцияга қарши кураш сиёсати», коррупцияга оид хабарлар билан ишлаш регламентлари, хатарларни баҳолашнинг методик асослари) тубдан янгиланди, вазирлик тизимида коррупцияга қарши кураш бўлими тузилди.

  1. Кадрлар. 2019 йил вазирликда шартли равишда кадрлар ва коррупцияга қарши кураш йили деб эълон қилинди. Кадрлар билан ишлаш бўйича дастур ва Коррупцияга қарши кураш бўйича махсус дастур тасдиқланди ҳамда амалиётга жорий этилди. Адлия тизимидаги ҳар бир ходимга муҳим сигнални етказилди: ходим ким бўлишидан, лавозимидан, ўтмишдаги хизматларидан қатъи назар, ҳалол бўлмаса, у ходимдан воз кечилади.

Бундан ташқари:

  • ходимларни коррупцияга қарши курашиш бўйича даврий ва тизимли ўқитиш жорий этилди, ходимларда коррупцияга қарши кураш кўникмаларини шакллантириш учун янги e-study.adliya.uz платформаси ишга туширилди;

юқори ва ўрта даражадаги раҳбарлар таркибининг коррупцияга қарши кураш соҳасида фаолиятини баҳолаш бўйича самарадорлик кўрсаткичлари ишлаб чиқилиб, ҳар йили баҳолаб борилади;

— ходимларнинг коррупциявий ҳуқуқбузарликлар, жумладан корррупциявий жиноятлар содир этилиши минимумга туширилди.

Аниқ рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак 2016 йилда адлия органларининг 50 та ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилган, шундан 8 таси коррупция билан боғлиқ жиноятлар бўлган, 2019 йилда бу кўрсатгич 6/4 ни ташкил қилган, 2020 йилнинг I ярим йиллигида умуман жиноят содир этилмаган;

— ходимлар фаолиятида манфаатлар тўқнашувини тартибга солишнинг амалий тизими татбиқ этилмоқда. Тизимдаги барча 6,1 минг нафар ходимнинг манфаатлар тўқнашуви бўйича декларациялари базаси шакллантирилади;

— ходимлар томонидан фуқаролардан, бошқа ташкилотлар ходимларидан, шу жумладан маҳаллий ва хорижий хизмат сафарлари давомида шахсан совға олиши тақиқланди. Ходимлар ўзаро бир-бирларига фақатгина шахсий байрам ва айрим умумхалқ байрамлари муносабати билан базавий ҳисоблаш миқдорининг
5 баробаридан кўп бўлмаган миқдордаги қийматга эга совғаларни
3 нафар ходим гувоҳлигида олишлари мумкин, хорижий сафарларда олинган совғалар вазирлик ихтиёрига топширилади.

  1. Очиқлик. Ушбу дастурларнинг бажарилишини реал таъминлаш учун очиқлик ва шаффофлик лозим эди. 2018 йилда Адлия вазирлиги давлат органлари ўртасидаги танловда энг очиқ давлат органи деб топилиши ортидан, 2019 йилнинг февраль ойида бу борадаги энг илғор тажрибалар асосида «Очиқ адлия» — «Open Justice» дастури ишлаб чиқилди ва дастурдаги вазифалар бекам ва бехато тарзда амалга ошириб келинмоқда.
  2. Жамоатчилик назорати. Фуқароларга адлия органларида фото, видео ва аудио қайд этишга рухсат берилди. Адлия органлари ва муассасаларидаги коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақидаги хабарларни дарҳол ва ўз вақтида етказилишини таъминлашга қўшимча имконият яратиш мақсадида телеграм ижтимоий тармоғида «@antikorbot» номли махсус бот яратилди. Нотариуслик лавозимига танлов жараёнини интернетда онлайн трансляция қилиш бошланди. Бу билан иккита муҳим натижага эришилди. Биринчидан, танлов жараёнининг максимал шаффолиги таъминлаган бўлса, иккинчидан, нотариус лавозимига нопок шахсларнинг ўтиб қолишини олди олинди.

Маълумот учун: шу кунгача жамоатчиликнинг онлайн кузатувида ўтказилган ишга қабул қилиш ва лавозимларга тайинлаш учун танловларда жами 3,9 минг нафар номзод иштирок этиб, 1,3 минг киши турли лавозимларга тайинланди, ходимлар самарадорлигини баҳолаш жараёни автоматлаштирилди ва кадрларни бошқаришнинг электрон тизими ишлаб чиқилди. Натижада 2020 йилнинг 6 ойида ходимларни ишга қабул қилиш, лавозимини ўзгартириш билан боғлиқ ҳолатларига оид шикоятлар сони 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 41 тадан 11 тага тушиб, 4 баробарга камайди.

  1. Давлат харидлари соҳасида контрагентларни текшириш амалиёти йўлга қўйилди, тузилаётган шартномаларга коррупцияга оид шартлар мажбурий киритилиши белгиланди.

Бу бизга нима беради?

Машина ҳаракатланиши учун унинг эҳтиёт қисмлари бут бўлиши керак. Ҳайдовчилар яхши билишади: бирон эҳтиёт қисм алмаштирилса, автоуловнинг ишлашига ижобий таъсири сезилади. Коррупцияга қарши кураш тизимининг самарадорлиги бевосита ушбу тизимнинг қай даражада тўғри ташкил этилгани ва самарали бошқарилаётганига боғлиқ. Демак, ушбу сертификатни коррупцияга қарши кураш машинасининг муҳим эҳтиёт қисмларидан бири сифатида қараш мумкин.

Бевосита амалий натижаларга келсак, аввало сертификат талабларини бажариш асносида тизимда коррупцияга қарши жиддий ислоҳотлар амалга оширилади ва натижалар «ёнга қолади».

Масалан, адлия тизимида амалга оширилган чора-тадбирларнинг амалий натижасини сифатида ходимларнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб қилинган шикоятлар сони кескин қисқарганлигини кўрсатиш мумкин. 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида шундай шикоятлар 1119 тани ташкил этган бўлса, жорий йилнинг шу даврида ушбу кўрсаткич 672 тага тушди.

Қолаверса, ушбу сертификат мамлакатимизнинг халқаро майдондаги имижи ва рейтингларига ҳам, бевосита бўлмаса-да, билвосита таъсир ўтказади. Сабаби, сертификат талаблари айнан амалий, натижадор чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутади. Бу эса мамлакатда коррупцияга қарши олиб борилаёган сиёсатнинг иродали, ортга қайтмас ва мақсадли эканидан жаҳон ҳамжамиятига муҳим сигнал етказади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг