Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Адлия вазирлиги Гулнора Каримова иши бўйича қўшимча маълумот берди

Адлия вазирлиги Гулнора Каримова иши бўйича қўшимча маълумот берди

Ўзбекистон Адлия вазирлиги Гулнора Каримованинг пуллари мусодара қилингани ҳақидаги Швейцария суди баёнотига оид қўшимча маълумотларни очиқлади.

Маълум қилинишича, 22 декабрда эълон қилинган баёнотда Швейцария суди Г.Каримова ва унинг шерикларини ноқонуний маблағларни оғирлаштирувчи ҳолатларда легаллаштиришда айбдор деб тан олгани ва шу сабаб 293 млн. долларидан ортиқ маблағ мусодара қилингани ҳақида хабар берди.

Бу Швейцария ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари учун муҳим ғалаба ҳисобланади, чунки у маблағларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича кейинги музокаралар учун имконият очади, дейилади Адлия вазирлиги хабарида.

Шу билан бирга, суд қарорига кўра 70 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар процессуал харажатлар чиқариб ташланганидан сўнг Takilant Ltd. компаниясига қайтарилиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, Швейцария федерал жиноят судининг 2021 йил 17 декабрдаги қарори ҳали якуний қарор эмас. Ҳусусан, Швейцария ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари суднинг ушбу қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Бундан ташқари, ушбу маблағларга нисбатан Америка Қўшма Штатларининг ваколатли органлари томонидан уларни ҳибсга олиш тўғрисида даъво ва ордер ҳам мавжуд, бу эса Швейцария судининг кўрсатилган қарори кучга кирган тақдирда ҳам ушбу маблағларни компанияга қайтариш имконини бермайди.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикасининг давлат органлари Швейцария ва АҚШ расмийлари билан Г. Каримова ва унинг шерикларининг жиноий фаолият натижасида орттирилган активларини қайтариш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Чунки ушбу жиноятлардан Ўзбекистон давлати ва халқи ҳам жабр кўргани айтилади.

Эслатиб ўтамиз, 2012 йилда Швейцария Федерал прокуратураси Гулнора Каримова ва унга алоқадор шахсларга нисбатан жиноий маблағларни легаллаштириш ва қалбакилаштириш бўйича кенг кўламли тергов бошлаган эди. Гап Ўзбекистон бозорига кириш ва тўсиқсиз ишлаш эвазига хорижий телекоммуникация компанияларидан ноқонуний йўл билан олинган йирик маблағларни легаллаштириш ҳақида кетмоқда.

Швейцария ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан олиб борилган жиноий тергов ишлари доирасида Швейцария Федерал прокуратураси томонидан ушбу давлат банкларида жойлашган Takilant Ltd. компаниясига тегишли 350 млн. АҚШ долларидан ортиқ маблағлар мусодара қилинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг