Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Адолатсизлик тўхтамаяпти» – Кушербаев ноткоин сотган йигитнинг қамалишидан норози

«Адолатсизлик тўхтамаяпти» – Кушербаев ноткоин сотган йигитнинг қамалишидан норози

Жорий йил 23 июл куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди навоийлик 21 ёшли Ғ.Ё.ни МЖтК 155-4-моддаси (Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбли деб топиб, унга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади. Суд, бундан ташқари,  Ғ.Ё.га тегишли телефон қурилмасини ҳам «тегишли тартибда йўқ қилиш»га қарор қилган.

Гап шундаки, Навоий вилояти Кармана туманида яшовчи ҳуқуқбузар Ғ.Ё., ўзига тегишли телефон ва пластик картадан крипто-активларнинг фаолияти билан шуғулланиб келган.

Суд мажлисида сўралган Ғ.Ё. юқорида кўрсатиб ўтилган ҳолат бўйича айбини тан олиб, крипто-активни телеграмм ижтимоий тармоғида йиғганлигини, 20 минг дона «NOTCOIN» крипто-активини 150 АҚШ доллари эвазига сотганлигини, бунинг ноқонуний эканлигини билмаганлигини, бошқа бундай ҳолат такрорланмаслигини маълум қилиб, енгиллик беришни сўраган.

Суд, Ғ.Ё.нинг айби ишдаги билдирги, тушунтириш хатлари ва иш бўйича тўпланган бошқа далиллар билан исботланган ҳамда унинг ҳаракати МЖтК 155-4-моддасининг 1-қисми билан тўғри квалификация қилинган деб ҳисоблаган ва юқоридаги қарорини ўқиб эшиттиради.

Ўз навбатида, мазкур суд ишига эътибор қаратган ижтимоий фаол Расул Кушербаев ҳолатни «адолатсизлик» дея таърифламоқда.

«Афсуски янгиликлар доим хавф сифатида қабул қилинган. Бу ривожланишдан, дунёдан орқада қолишдан бўлак нарса эмас. Крипто активларни сотиш орқали қамалаётган бугунги ёшлар вақти келиб қаҳрамонга айланишади. Бу вақт масаласи холос», – дейди Кушербаев.

У, шунингдек, бундай қарорлар фонида минглаб IT бўйича мутахассис бўлган ёшларнинг мамлакатдан чиқиб кетишидан хавотирини билдирган.

«Мана бу ҳақиқий фожиамиз бўлади.

Унгача ривожланишдан ортда қолаётган «коммунист калла» масъуллар раҳбарларимизга соғлом ақл бериб қолишига умид қиламиз», – деб ёзади Расул Кушербаев. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Термиз давлат университетининг 24 ёшли битирувчиси ҳам ноткоин сотгани учун 10 суткага қамалган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг