Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Афғонистонга қўшни давлатлар вазирлари учрашуви якунлари бўйича ахборот берилди

Афғонистонга қўшни давлатлар вазирлари учрашуви якунлари бўйича ахборот берилди

Ўзбекистон ТИВ ахборот хизмати Афғонистонга қўшни давлатлар вазирларининг тўртинчи учрашуви якунлари тўғрисида ахборот берди.

Кеча, 13 апрел куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон томони раислигида Афғонистонга қўшни давлатлар тўртинчи вазирлар учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон, Эрон, Покистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Хитой ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари иштирок этди.

Форум давомида томонлар Афғонистондаги мавжуд вазият, ушбу мамлакатнинг амалдаги расмийлари томонидан жаҳон ҳамжамиятининг асосий талаблари – инклюзив ҳукумат яратиш, афғонистонлик аёлларнинг меҳнат ва таълим олиш имкониятини ҳамда миллий озчиликларнинг ҳуқуқларини таъминлаш каби асосий талабларнинг бажарилиши муҳокама қилинди.

Афғонистон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш ва мамлакат миллий иқтисодиётини тиклашга қаратилган биргаликдаги ҳаракатлар механизмини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Халқаро терроризм, гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ва уларнинг контрабандасига қарши курашда Афғонистонга қўшни давлатларнинг чора-тадбирларини кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги минтақавий ўзаро боғлиқликнинг асосий омили сифатида Афғонистон салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш муҳимлиги қайд этилди.

Шу нуқтайи назардан, томонлар Афғонистон ҳудудида қўшни давлатлар иштирокида нафақат янги иш ўринлари яратиш, балки бу мамлакатнинг минтақавий иқтисодий жараёнларга янада фаол интеграциялашувга хизмат қилувчи инфратузилма ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш тарафдори эканликларини билдирдилар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг