Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Агент 007» ҳар нуқтада: Дунёнинг энг машҳур махсус хизматлари

«Агент 007» ҳар нуқтада: Дунёнинг энг машҳур махсус хизматлари

Жосуслар ҳақидаги фильмлар ҳамиша машҳур бўлган. Барча давлатлар киносаноатида бундай асарларнинг ўрни бор. Лекин ҳақиқий махсус хизматлар агентлари кинолардагидек кўркам ва кўзга ташланувчан бўлиб эмас, имкон қадар эътибор тортмай юришга ҳаракат қилишади.

Дунёнинг энг кучли махсус хизмати қайси давлатга тегишли, деган савол ортидан келиб чиқадиган баҳслар азалдан бор ва улар давом этаверади. Чунки ҳаммаси ҳам ўзига хос услубда ва турли вазифаларни бажариш учун ишлайди ҳамда уларни солиштиришнинг аниқ мезонлари йўқ. Лекин шунга қарамай ўз қамрови, бажарган операциялари ва энг муҳими – эришган натижалари бўйича анча илгарилаб кетган қатор махсус хизматлар борки, уларнинг рўйхати кўпчилик учун қизиқарли.

Германия федерал разведка хизмати, BND

Немис тилидаги номи анча узун – Bundesnachrichtendienst, кўпчилик қисқа қилиб BND дейдиган бу хизмат 1956 йилда ташкил этилган ва Германиянинг расмий энг йирик федерал ташкилоти ҳисобланади. 7 минг кишилик штатга эга BND ходимларининг камида 2 минг нафари бевосита ташқи разведка билан шуғулланади. Улар дунёнинг барча давлатларида бор, деб бемалол айтиш мумкин. Германия суверенитетини сақлаш ва мустаҳкамлаш йўлида сўнгги йилларда асосан терроризмга оид маълумот тўплаш ҳамда таҳлил қилиш билан шуғулланмоқда.

Ташқи хавфсизлик бўйича бош директорат, Франция

Қисқача номи DGSE бўлган бу ташкилот 1982 йилда тузилган ва 5 минг нафарга яқин ходимларга эга. Асосий вазифаси Франция миллий хавфсизлигини ҳимоялаш, бунинг учун ҳатто хорижда ҳам ҳарбий ва контрразведка операциялар бажаришига рухсат берилади. Бош офиси Парижнинг 20-округида жойлашган бу махсус хизматнинг асосий операциялари албатта сир тутилади.

Давлат хавфсизлик вазирлиги, Хитой

Бу вазирлик Хитойнинг ичида шу қадар катта кучга ва тизимга эгаки, хорижий разведка вакиллари иши бу давлатда жуда қийинлашиб кетган. Улкан мамлакатнинг бирор нуқтаси назоратсиз қолдирилмаган ва ахборот тўплаш аъло даражада. Шунингдек, хакерлар гуруҳлари ҳам борки, бу билан саноат жосуслиги бўйича қатор ютуқларга эришилган.

Расман бу вазирлик ходимлари мамлакат социалистик тузумини ағдаришга қаратилган контрреволюционерлик ҳаракатлари, душман жосуслари ва ёмон ниятли хорижий агентларга қарши курашади.

МИ6 – «Агент 007» эгаси

Буюк Британиянинг МИ6 разведка хизмати асосан Жеймс Бонд образи орқали жуда машҳур. Фильмга қаралса, агентлар энг замонавий қуроллардан, турли ускуналар ва автомобиллардан фойдаланишади. Энг гўзал қизлар МИ6да хизмат қилишади, унинг қудрати шу даражадаки, энг даҳшатли жиноятчиларни йўқ қила олади.

Қизиғи, ўз жосуслари ҳақида шундай тасаввур яратган Буюк Британия 1949 йилга қадар ҳам Махфий разведка хизмати борлигини рад этиб келган.

Моссад, Исроил

Душманлари жуда кўп бўлган давлатнинг махсус хизмати бўлмаслиги ҳам мумкин эмас. Кўпчилик экпертлар Моссад агентларининг тайёргарлигини АҚШ ва Россия жосусларидан ҳам баланд қўядилар. Ҳудудий яхлитлиги бир неча карра ўзгарган ва бир нечта урушларни бошдан кечирган Исроил Моссадни мунтазам кучайтириб боради.

1951 йилда тузилган ташкилотда бор-йўғи тахминан 1200 киши ишлаши жуда қизиқ. Моссаднинг энг машҳур операциялари нацист Адольф Эйхманнинг ўғирлаб кетилиши ва 1972 йилдаги Мюнхен олимпиадасида яҳудий спортчиларга нисбатан уюштирилган хунрезлик иштирокчиларини дунёнинг турли нуқталаридан топиб йўқ қилиниши ҳисобланади.

 

Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати (КГБнинг меросхўри ФСБ)

Иттифоқ КГБси жуда кўп йўналишларда довруғ қозонган ва ҳанузгача кўпчилик ФСБни КГБ дейди. 1995 йилда ташкил этилган ва Москванинг Лубянка майдонида жойлашган. Шу боис ҳам бу давлатда «Лубянкага олиб кетилди» дейиш жуда жиддий вазиятни англатади. ФСБ разведка, контрразведка каби анъанавий вазифалардан ташқари коррупция ва ўзига хос жиноятларга қарши курашади.


Покистон разведкаси, ISI

Кўпчилик бу рўйхатда Покистон разведка ташкилотини кўриб ҳайрон қолиши мумкин. Лекин 1948 йилда тузилган бу ташкилот ниҳоятда қудратли, яхши таъминланган ва катта штат бирлигига эга бўлган тузилма ҳисобланади. Турли манбаларга кўра ISI 10 минг кишилик таркибга эга ва улар дунёнинг турли нуқталарида иш олиб борадилар. Покистон ичида ундан фахрланувчилар ҳам, давлат ичида давлат шаклига кириб қолган дея норози бўлувчилар ҳам талайгина.

 

Марказий Разведка бошқармаси, АҚШ

Энг қудратли давлатда энг кенг тармоқли ва яхши қуролланган агентлик хизмати бўлиши тайин. АҚШнинг МРБ бошқармасини биз асосан рус тилидаги ЦРУ атамаси орқали биламиз. Кўпчилик МРБ(ЦРУ)ни ФҚБ(ФБР) билан адаштиради. ФҚБ ўз фаолиятини мамлакат ичкарисида олиб борса, МРБ асосан ташқи разведка билан шуғулланади. 1947 йилда ташкил этилган бошқарма Виргиния штатининг Лэнгли ҳудудида жойлашган. Узоқ йиллар ЦРУ КГБ билан кескин рақобат қилган ва бу ҳақда юзлаб асарлар, фильмлар яратилган.

Аброр Зоҳидов тайёрлади

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг