АИ-80 бензинини АИ-92 деб сотган «заправка»лар аниқланди
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида ёқилғи қуйиш шохобчаларида АИ-80 маркали бензинни АИ-91 ёки АИ-92 маркаси остида сотиш ҳолатлари аниқланган.
Қўмита мамлакатимизнинг турли ҳудудларида хусусий корхоналарга қарашли 23 та ёнилғи қуйиш шохобчаларида сотилаётган ёнилғи сифатини аниқлаш мақсадида назорат харидлари ўтказган, шунингдек, белгиланган ҳажмдан кам ҳажмларда бензин маҳсулотини қуйиб бериш ҳолатлари ҳам ўрганилди.
Қонунбузарликлар Самарқанд вилоятидаги «Triada ekspress servis» МЧЖ, «Turop Godir» МЧЖ ва «Muxammad neft oil» МЧЖ каби ёнилғи қуйиш шохобчаларида аниқланди.
Сирдарё вилоятидаги «SAID AGSM TEX SERVIS», «Bekzod-5», «Murod Maqsad Trans» ва «LUX PETROL» МЧЖларга қарашли ёнилғи қуйиш ва бошқа шу каби шохобчаларда ҳам шундай ҳолатлар кузатилган.
Ёнилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини ўрганиш натижаларига кўра, бензинни нотўғри сотиш, шунингдек,истеъмолчиларга тўлиқ ҳажмларда қуйиб бермаслик натижасида етказилган зарар миқдори қарийб 489 миллион сўмни ташкил этди.
Айни пайтда Қўмита томонидан истеъмолчиларга етказилган зарарни қоплаш ва қайта ҳисоб-китоб қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Қўмита томонидан биржа аукционларида харид қилинган ва ёнилғи қуйиш шохобчалари орқали сотилаётган АИ-80 маркали бензин сотилишини тизимли ўрганиб чиқилаётганини ҳам маълум қилинган.
Шу тариқа, йил бошидан буён биржа савдолари орқали ўртача 20 тонна, жами 5,2 минг тонна нефть маҳсулотлари харид қилинганига қарамай, 241 та ёнилғи қуйиш шохобчаларида истеъмолчиларга бензин сотилмагани аниқланди, яъни сунъий ажиотаж ҳолати вужудга келтирилмоқда.
Ўрганишлар натижалари бўйича материаллар зарур чоралар кўрилиши учун Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига тақдим этилган.
Аввалроқ энергетика вазирлиги республика бўйича 109 та тадбиркорлик субъектларига тегишли хусусий АЁҚШларда бир қатор қоидабузарликларга йўл қўйилганлигини (нархни асоссиз равишда ошириб сотиш, камомадга йўл қўйиш, сифатсиз маҳсулот тарқатиш, кам қуйиш ва бошқа ҳолатлар) аниқлаганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter