АҚШ Исроилнинг яна бир танқидчиси “оғзини юммоқда”

АҚШ ҳукумати БМТнинг Фаластинда инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича махсус маърузачиси Франческа Альбанезени “қора рўйхат”га киритди. Вашингтоннинг ушбу ҳаракати инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан “ҳақиқатни айтиб келаётган инсоннинг оғзини юмишга уриниш” деб баҳоланди.
АҚШ давлат котиби Марко Рубио ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида БМТ махсус маърузачиси Франческа Альбанезега қарши санкция жорий этаётганини маълум қилган. Рубиога кўра, Альбанезе Халқаро жиноят суди томонидан АҚШ, Исроил амалдорлари ҳамда компанияларига нисбатан чоралар кўриш йўлида “ноқонуний ва шармандали ҳаракатлар” содир этилган.
Давлат департаменти тарқатган баёнотда ҳам Франческа Альбанезе “очиқ антисемитизмни намоён этиш”, “терроризмни қўллаб-қувватлаш”, шунингдек, “АҚШ ва Исроилга нафрат”да айбланган.
Жорий йил 1 июль куни АҚШ ҳукумати БМТга мактуб йўллаб, махсус маърузачи Франческа Альбанезени ишдан бўшатишни талаб қилган эди.
Вашингтон томонидан махсус маърузачига санкция жорий этилиши Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг АҚШга сафари пайтига тўғри келди.
Human Rights Watch халқаро ташкилоти БМТ махсус маърузачисига нисбатан жазо чораси қўлланишини қоралади. Ташкилотнинг халқаро адолат бўйича директори Лиз Эвенсоннинг фикрича, АҚШ ҳукуматининг ушбу қарори “Исроилнинг фаластинликларга нисбатан содир этаётган қонунбузарликлари ҳақида ҳақиқатни баралла айтаётган махсус маърузачининг оғзини юмишга қаратилган ҳаракатдир”.
“БМТга аъзо давлатлар ва Халқаро жиноят суди АҚШ ҳукуматининг дунёдаги энг даҳшатли жиноятлар юзасидан адолатни қарор топтиришга қарши қаратилган шармандаларча уринишларига қатъий эътироз билдириши
ҳамда Альбанезега нисбатан асоссиз санкцияни қоралаши лозим”, – дейди HRW вакили Лиз Эвенсон.
АҚШ жорий йил февраль ойида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни Ғазодаги жиноятлари сабаб ҳибсга олишга ордер берган Халқаро жиноят судига қарши санкция жорий қилган эди.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими меъморларидан бири бўлган, сўнгги йилларда ўзини демократия яловбардори дея тамсил этиб келган АҚШнинг бу тариқа ўзи жорий этган тизимга қарши чиқаётгани иккиёқлама стандарт деб баҳоланмоқда.
Маълумот ўрнида: БМТнинг Фаластинда инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича махсус маърузачиси Франческа Альбанезе Исроилни Фаластин ерларида геноцид содир этишда айблаб келади.
Махсус вакилга кўра, айни пайтда нафақат Ғазода, балки Исроил оккупацияси остидаги Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда ҳам фаластинликлар зўравонлик қурбони бўлмоқда. Фаластин ерларида кузатилаётган ҳолат эса этник тозалаш ва айирмачилик сиёсати деб баҳоланмоқда. Шунга кўра у Исроилнинг БМТдаги аъзолигини қайта кўриб чиқиш ёки муваққат равишда тўхтатиб туришни тавсия қилган.
Махсус маърузачи халқаро ҳуқуққа зид ҳаракатларидан кўз юмган ҳолда Исроилни қурол-аслаҳа ва бошқа йўллар билан дастаклаб келаётган Ғарб давлатларини ҳам танқид қилиб келади.
Франческа Альбанезе жорий йил июнь ойида чоп этган ҳисоботида АҚШнинг Microsoft, Alphabet, Amazon, Palantir каби компанияларини Исроилнинг оккупация сиёсатига кўмак кўрсатишда айблаган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter