АҚШ Ўзбекистонга тақдим этган озиқ-овқат маҳсулотлари кимларга аталган?

АҚШ ҳукумати Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Ўзбекистонга қиймати қарийб 400 минг долларлик 131 320 кг озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берди. Бу ҳақда АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур ёрдам 144 дан ортиқ соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя муассасалари орқали 35 мингдан зиёд эҳтиёжманд ўзбекистонликка етказилади.
Витамин ва минераллар билан бойитилиб қуритилган сабзавотлар ва дуккакли маҳсулотлардан иборат мазкур ёрдам коронавирус билан боғлиқ карантин хизматлари кўрсатаётган, сил билан оғриган беморларга ғамхўрлик қилаётган муассасалар, шунингдек, меҳрибонлик уйлари ва руҳий касалликлар шифохоналарига аталган.
Маълумотларга қараганда, 2009 йилдан буён USAID халқаро озиқ-овқат дастури доирасида Ўзбекистонга қиймати 3,2 миллион доллардан ортиқ бўлган 1163 тонна озиқ-овқат тақдим этган. Инсонпарварлик ёрдамининг навбатдаги партияси эса соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирган 122 миллион долларлик узоқ муддатли сармоя ҳамда сўнгги 20 йил ичида кўрсатилган бир миллиарддан ортиқ умумий ёрдамга асосланиб ташкиллаштирилди.
Қайд этилишича, ушбу кўмак «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси ва Американинг «Resource and Policy Exchange, Inc. (RPX)» нодавлат-нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда тарқатилади.
Эслатиб ўтамиз, яқинда АҚШ ҳукумати Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Ўзбекистоннинг коронавирусга қарши саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшимча кўмак ажратишини эълон қилган эди.
Жорий йил 26 март куни Давлат котиби Майк Помпео Қўшма Штатлар коронавирус пандемияси хавф солаётган 64 мамлакатни қўллаб-қувватлаш учун фавқулодда вазиятда инсонпарварлик ёрдами сифатида 274 миллион доллар сафарбар этилганини маълум қилган.
Ушбу ёрдам доирасида USAID Ўзбекистонда кенг кўламли тест учун лаборатория тизимларини тайёрлаш, соғлиқни сақлаш муассасаларида инфекция тарқалишининг олдини олиш ва назорат қилиш, коронавирус назорати ва унга тезкор жавобни кучайтириш борасида маблағ ажратади.
АҚШнинг юртимиздаги элчиси Дэниел Розенблюм озиқ-овқат маҳсулотларини топширмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter