Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШда чўчқанинг юраги трансплантация қилинган бемор вафот этди

АҚШда чўчқанинг юраги трансплантация қилинган бемор вафот этди

Гени ўзгартирилган чўчқа юраги экспериментал трансплантация қилинган Лорнес Фосетт операциядан олти ҳафта ўтиб вафот этди. У 58 ёшда эди.

У юрак касаллиги ва бошқа олдиндан мавжуд бўлган ҳолатлар туфайли инсон юрагини қабул қила олмади. Шундан сўнг, Мериленд университети тиббиёт марказида унга чўчқанинг юрагини кўчириб ўтказиш бўйича экспериментал операция ўтказилди.

Трансплантация қилинганидан бир ой ўтгач, шифокорлар эркакнинг аҳволи яхши эканини, сезиларли ривожланиш белгиларини кўрсатганини, оиласи билан вақт ўтказиб, физиотерапия курсларини олаётганини айтишганди.

Шифокорлар унинг юраги аъло даражада ишлаётгани учун одатда қўлланиладиган дори-дармонларни тўхтатишган. Дастлаб инфекция ёки бошқа белгилар топилмаган. Бироқ, трансплантациянинг рад этиши белгилари Фосеттнинг ўлимидан олдинги сўнгги кунларда пайдо бўлган.

Шифокорларнинг таъкидлашича, аъзоларнинг рад этиши анъанавий инсон аъзолари трансплантациясидаги энг жиддий муаммо ва ҳайвонлардан одамга трансплантация қилишда бу янада долзарблик касб этади.

2022 йилда Мериленд университетида биринчи гени ўзгартирилган чўчқа юрак трансплантацияси амалга оширилган. 57 ёшли Девид Беннет экспериментал амалиётдан икки ой ўтиб вафот этган.

Расмий маълумотларга кўра, 113 мингдан ортиқ америкалик орган трансплантацияси рўйхатида туради, улардан 3,3 мингдан ортиғи юрагини алмаштиришга муҳтож. Donate Life America гуруҳининг айтишича, ҳар куни 17 киши донорлик аъзосини кутиб ҳалок бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг