Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Лутфулло Турсунов

Ҳар бир машаққат ортида имконият ётади.

АҚШдаги воқеалар Қозоғистондаги истеъфоларга сабаб бўлдими?

АҚШдаги воқеалар Қозоғистондаги истеъфоларга сабаб бўлдими?

БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси доирасидаги Шавкат Мирзиёев ва Дональд Трампнинг самимий учрашуви, амалий ташриф давомида умумий қиймати 105 миллиард долларлик келишувлар ва лойиҳалар шакллангани нафақат Ўзбекистон–АҚШ муносабатларида, балки бутун минтақамиз дипломатик муҳитида янги саҳифа очди.

АҚШ президенти Дональд Трампнинг “Президент Мирзиёев – бир сўзли инсон” деган таърифи ва юзлаб янги йирик лойиҳалар амалга оширилиши Ўзбекистоннинг халқаро майдонда янада кучли ва ишончли ҳамкорга айланаётганидан далолат беради.

Шунингдек, Трампнинг Мирзиёевни “узоқ йиллардан буён халқ ишончини қозониб келаётган, прогрессив раҳбар” сифатида баҳолаши ташқи сиёсатимизга берилаётган халқаро эътирофдир.

Ўз навбатида, Шавкат Мирзиёев Трамп билан суҳбати ҳақида гапираркан, «Ўзбек халқи айтади ва қилади. Шунга биз ишонтирдик», деди.

Қозоғистондаги сиёсий ўзгаришлар

Айни шу воқеалар фонида қўшни Қозоғистон ташқи сиёсати соҳасида жиддий кадрлар алмашинуви юз берди.

Мурат Нуртлеу ташқи ишлар вазири лавозимидан олиниб, унинг ўрнига Ермек Кошербаев тайинланди. Шунингдек, Ержан Ашикбаев Қозоғистоннинг АҚШдаги элчиси лавозимидан, Ерлан Алимбаев Қозоғистоннинг Женевадаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий вакили лавозимидан, Зульфия Сулейменова президент маслаҳатчиси - Қозоғистон президентининг халқаро экологик ҳамкорлик бўйича махсус вакили лавозимидан озод қилинди.

Чапдан ўнгга: Мурат Нуртлеу, Ержан Ашикбаев ва Ерлан Алимбаев.

Албатта, бу Қозоғистон ташқи сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш йўлидаги одатий жараён сифатида баҳоланиши мумкин. Бироқ бу ўзгаришларнинг АҚШга ташриф билан боғлиқ ҳолда содир бўлиши айрим мулоҳазаларни юритишимизга асос бўлади.

Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга амалий ташрифи кутилганидан ҳам юқорироқ натижа келтиргани бизга рақобат кўзи билан қаралишига сабаб бўлмаётганмикин? “Айбдорлар” шу зайлда жазоланмадимикин?!

Бир жиҳатдан бу ҳам Ўзбекистоннинг дипломатик салоҳияти ва халқаро нуфузи ошиб бораётганини кўрсатади. Қолаверса, бундай шубҳага боришимиз ҳам бежиз эмас. Эътибор берсангиз, спортчиларимизнинг ўзаро баҳсларида ҳам қўшни мамлакат ОАВлари “Қозоғистон Ўзбекистонни тор-мор қилди” қабилидаги сарлавҳаларни, таъкидларни жуда кўп ишлатишади.

Бундай чиқишлар Ўзбекистон ОАВларида деярли кузатилмайди, нари борса “дерби” сифатида изоҳланади. Яъни, бизда қўшниларимизни ашаддий рақиб сифатида кўриш ҳисси кучли эмас ва бундай бўлишини истамаймиз ҳам.

Биз рақиб эмас, яқин шериклармиз

Президент Шавкат Мирзиёев БМТ минбарида: “...Бундан 8 йил муқаддам биз ушбу юксак минбардан туриб, Марказий Осиёни тинчлик, яхши қўшничилик ва шериклик маконига айлантиришга қатъий қарор қилганимизни эълон қилган эдик. Бугун чуқур мамнуният билан таъкидлаш мумкин: биз бу стратегик мақсадга эришдик. Ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган баҳс ва низолар даври тарихда қолди”, деб бежизга алоҳида таъкидлаб ўтмади.

Марказий Осиё давлатлари учун энг асосий ғоя шундаки: бизлар ўзаро рақиб эмас, балки бир-биримизни янада кучлироқ қила оладиган шериклармиз. Халқаро сиёсатда ҳар биримизнинг муваффақиятимиз бутун минтақа обрўсига хизмат қилади.

Ўзбекистон АҚШ билан миллиардлаб долларлик шартномаларга эришар экан, бу қўшни давлатлар учун ҳам катта имкониятлар беради. Чунки ривожланаётган минтақавий бозор, кучайиб бораётган ҳамкорлик лойиҳалари ҳамма учун фойда келтиради.

Аввалги чиқишларимизда айтиб ўтган эдик, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон ташқи сиёсатда мутлақо янги йўналишни танлаган: дунё билан фаол ва очиқ мулоқот қилиш. Бу бағрикенг, фаол ва мувозанатлашган сиёсат сўнгги йилларда ўзини тўла оқлаганини кўриш мумкин. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан узоқ йиллар музлаб қолган, чегаралар ёпилган, ҳатто ҳарбий можаролар ёқасига келиб қолган муносабатларимиз қайта тикланди. Мавжуд зиддиятлар йўққа чиқарилибгина қолмай, энг яқин ҳамкорларга айландик.

Ташқи сиёсатдаги ўзгаришлар фақат сиёсий тус билан чекланиб қолмади, иқтисодий нуқтаи назардан ҳам ривожланди. Илгари 30-35 миллион аҳоли билан чекланган ички бозоримизни дунёнинг йирик компаниялари ўзларига эп кўрмасди. Энди эса бутун Марказий Осиёни бирлаштириш орқали 80 миллионлик катта бозор таклиф этмоқдамиз.

Шундан келиб чиқиб, “қўшма инвестиция жамғармалари, чегара ҳудудларида савдо ва саноат зоналарини ташкил қиляпмиз, йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширмоқдамиз.

Минтақамиз ўзининг ҳамжиҳатлиги, барқарорлиги, ўзига хослиги билан халқаро муносабатлар тизимида алоҳида субъект сифатида тобора мустаҳкам ўрин эгалламоқда”.

Бизга қўшнилар билан муносабатларда энг муҳими — рақобат эмас, ўзаро қўллаб-қувватлаш, халқаро майдонда таянч, тиргак бўлиш. Чунки дунё саҳнасидаги катта ғалабалар яқин ҳамкорлигимиз ва бирдамлигимиз орқали қўлга киритилади. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг