Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШни ихтиёрий тарк этган ноқонуний муҳожирларга 3 минг доллардан пул берилади

АҚШни ихтиёрий тарк этган ноқонуний муҳожирларга 3 минг доллардан пул берилади

Фото: AP

АҚШ ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм яқин соатларда ноқонуний муҳожирларни мамлакатни дарҳол тарк этишга чақирувчи умуммиллий ва халқаро миқёсдаги кўп миллион долларлик реклама кампанияси бошланишини эълон қилди.

Вазир Ноэмнинг маълум қилишича, йил охиригача «CBP Home» иловаси орқали мамлакатдан ўз ихтиёри билан чиқиб кетган ноқонуний муҳожирлар 3000 доллар миқдорида бонус олишлари мумкин.

«Улар бу «совға»дан фойдаланиб, Қўшма Штатларни ихтиёрий равишда тарк этишлари керак, акс ҳолда биз уларни топамиз, ҳибсга оламиз ва уларни бир умрга депортация қиламиз», – деб ёзади Ноэм.

Қўшимча қилинишича, махсус операция доирасида сўнгги икки ҳафта ичида мингдан ортиқ ноқонуний муҳожир-жиноятчи ҳибсга олинган. Кристи Ноэм уларни «аввалги маъмурият даврида АҚШ ҳудудида қўйиб юборилган миллионлаб ноқонуний муҳожир-жиноятчилар» эканини айтиб, ҳозирги маъмурият уларни ҳибсга олиш ва мамлакатдан чиқариб юбориш ваколатини берганини таъкидлайди.

Айрим таҳлилчилар вазир Ноэмнинг мамлакатдан ихтиёрий чиқиб кетиш бонусини 3000 долларгача ошириш таклифини маъқуллаб, бу ихтиёрий кетишни тезлаштиришини ва бир вақтнинг ўзида қонун ижроси харажатларини кескин камайтиришини айтмоқда. Қайд этилишича, мажбурий депортация ўртача ҳар бир киши учун 17 121 долларга тушади. «CBP Home» орқали ўз ихтиёри билан чиқиб кетиш эса бу суммани 70 фоизга қисқартиради. Бу маблағлар эса ICE ресурсларини энг устувор таҳдидларга қарши курашишга йўналтириш имконини беради.

«Бу амнистия эмас — бу қонунга риоя қилишни рағбатлантирувчи ва бўйсунмасликни тийиб турувчи стратегик самарадорликдир. Бу таклифни инкор этганларни муросасиз таъқиб кутади: иккинчи имконият ҳам, қайтиш ҳам бўлмайди. Натижада солиқ тўловчилар ютади, мамлакат суверенитети мустаҳкамланади», – дея қўшимча қилади таҳлилчилар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг