АҚШ элчиси Россия ТИВга чақирилди ва қаттиқ огоҳлантирилди
АҚШнинг Россиядаги элчиси Лин Трейсига Россияда номақбул деб тан олинган Американинг учта нотижорат ташкилотига ҳар қандай ёрдамни тўхтатиш талаб қилинган нота топширилди. Бу ҳақда Россия ТИВ хабарида айтилади.
Америка дипломатик миссияси раҳбари пайшанба куни Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Унга АҚШнинг учта нодавлат нотижорат ташкилоти Россия Федерациясида номақбул деб эътироф этилгани ҳақида маълум қилинди. Булар — элчихона кўмагида амалга оширилаётган «Халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари», «Маданий истиқболлар» ва «Халқаро таълим институти».
«Элчига ушбу нотижорат ташкилотлари фаолиятига ҳар қандай ёрдамни тўхтатиш талаби билан расмий нота топширилди, агар бу давом этса, Россия қонунчилигининг бузилиши деб ҳисобланади. Шунингдек, дипломатик миссиянинг расмий веб-сайтидан ва ижтимоий тармоқларидан уларнинг материалларини олиб ташлаш талаб қилинади», — дейилади вазирлик хабарида.
Ташқи ишлар вазирлиги Трейсини, шунингдек, Россия Федерациясининг ички ишларига аралашишга уринган Америка элчихонаси ходимларини «persona non grata» сифатида мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақида огоҳлантирган.
«Россия Федерациясининг ички ишларига аралашишга уринишлар, жумладан, сайловлар ва махсус ҳарбий операция контекстида қўпорувчилик ҳаракатлари ва дезинформацияларни тарқатиш қатъий тақиқланиши, бундай ҳаракатларда иштирок этган АҚШ элчихонаси ходимлари «persona non grata» сифатида мамлакатдан чиқариб юборишгача бўлган чоралар кўрилиши алоҳида таъкидланди», — дейилади Россия дипломатик департаменти баёнотида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter