Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Асакалик «Темир хотин» ёхуд қишлоғига сув чиқарган 72 ёшли фермер аёл ҳақида...

Асакалик «Темир хотин» ёхуд қишлоғига сув чиқарган 72 ёшли фермер аёл ҳақида...

Серғайрат, тиниб-тинчимас бу аёлни кўриб 72 ёш бермайсиз. Етти ёшидан далада кетмон чопиб, пахта терган, қурт боқиб илғор пиллакор номини олган деҳқон аёлни асакаликлар «Темир хотин», дейишади. 

Хайрихон Азизова Асакага Фарғонанинг Қува шаҳридан келин бўлиб тушган. Деҳқончиликда суяги қотган ёш келинчак бекор ўтиролмай, далага ишга чиқиб кетади. Ишни теримчиликдан бошлаган Хайрихон барчани ҳайратга солиб кунига 200 кг дан пахта теради. Пилла мавсумида 75 қути ипак қурти боқиб, пилладан мўл ҳосил олади. Тез орада унинг меҳнатлари бесамар кетмади – довруғи ёйилиб, бригадирликка кўтарилади.

– Деҳқончилик қонимда бор, – сўзлайди Хайрихон опа. – Отам колхоз раиси бўлган, оиламиздаги ҳамма деҳқончилик билан шуғулланган. Ҳатто, ишонасизми, онам мени далада, қовун чопиғи пайтди дунёга келтирган (кулади). Шу боис, ерсиз ҳаётимни тасаввур қила олмайман. Мана, қирқ йилдан ошибдики, даладаман. Ерга меҳрим бўлакча.

Хайрихон опа 2006 йили «Минг ўрик азизи» фермер хўжалигини ташкил этди. 20 га ер олиб, буғдой сепди, бошланишига 10 туп ўрик кўчати ўтқазди. Ҳозир хўжалик кўп тармоқли фермер хўжалигига айланган. Мавжуд 40 гектар ер майдонининг 33 гектарида ғалла, 6 гектар интенсив боғда олма, ўрик, гилос каби мевалар етиштирилади. 50 бош қорамол, 50 бош товуқ, 10 та асалари оиласи парваришланяпти. Хайрихон опа олаётган даромадининг бир қисмини қишлоқдошлари билан баҳам кўради. Ким ёрдам сўраса, ёрдамини аямайди. 20 дан зиёд маҳалла одамларини иш билан банд қилган.

 – Ҳар куни «бугун қандай хайрли иш қилдим, оиламга, одамларга нима нафим тегди?», деб ўзимга-ўзим савол бераман, – дейди фермер. – Озгина бўлсада, эзгу амал қилган бўлсам, тинч ухлайман. Акс ҳолда, уйқум қочади. Ҳар бир инсон ўтаётган кунини  сарҳисоб қилиб яшаши керак.

Маҳалла – мўъжаз Ватан. Бу муқаддас даргоҳда амалга оширилган ҳар бир эзгу иш, маҳалладошлар учун қилинган ҳар бир яхшилик – Ватан учун қилинган фидойиликқа тенглаштирилади. Бугун маҳалла ҳаётида, унинг ҳар жиҳатдан юксалишида опа-сингилларимизнинг ҳам ўзига яраша ўрни, ҳиссаси бор. Хайрихон Азизова ҳам маҳалланинг энг фаол, кайвони онахонларидан – тўй-ҳашамларга бош бўлиш, совчилик, уришганларни яраштириш, ногиронлар ҳолидан хабар олиш, йўқсилларни йўқлаш, маҳаллани обод қилиш, муаммолар учун қайғуриш, қўйингки, «Қадим» қишлоғининг «Анзират буви»си.

«Қадим»да қадимдан сув муаммо эди. Маҳалла аҳли ва ҳудуддаги фермерлар экинларни суғоришга қийналишар, сув етишмовчилиги сабаб боғ-роғлар ҳам қовжирай бошлаганди. Хайрихон Азизова ўз фермер хўжалиги ҳисобидан сув муаммосини бартараф этиш учун 40 млн сўм маблағ сарфлади. Аммо, бу маблағ бутун бошли массивни сув билан таъминлаш учун етарли эмасди. Хайрихон опа вилоят ҳокимига қайта-қайта чиқаверди, Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасиниям тинчитмади, қишлоғи Давлат дастурига киритилмагунча тўхтамади. Дастур доирасида 2,5 млрд сўм маблағ ажратилгач, ҳудудга Асака ташламасидан сув қувури тортиб келинди. Массивдаги Қипчоқ, Қўқонлик, Узункўча, Бешкал маҳаллалари ҳамда фермер хўжаликлар ерларига сув етиб келди. Мана, ҳозир мингдан ошиқ хонадон, ўнлаб фермер хўжаликлари сувдан баҳраманд бўляпти. Бундан ташқари, фермер бош-қош бўлиб, «Қадим» ариғини экскаватор ёрдамида тозалатиб, ковлатиб ҳам туради. 

– Ариқнинг узунлиги салкам 7 километр. Буни ковлатиб, сув йўлини очиб турмасак, массивнинг охирига сув етиб бормайди. Қишлоқ хўжалик экинлари сувсиз қолади. Шу боис, бошқармани тез-тез безовта қилиб тураман, – дейди кулиб.

Хайрихон Азизова қилган меҳнатлари, юртимиз ривожига қўшаётган ҳиссаси  учун «Шуҳрат» медали,  «Фидокорона меҳнатлари учун» ордени, «Мустақилликнинг 25 йиллиги» эсдалик нишони билан мукофотланган.

Шунингдек, ҳар йили пахта ва ғалладан мўл ҳосил етиштиргани, жамиятдаги фаоллиги учун Андижон вилоят ҳокими томонидан автомашина, Ҳаж сафари йўлланмаси билан тақдирланган.

Айни кунларда фермер аёл кузги буғдойни ўз вақтида, кечиктирмай экиб олиш учун ер майдонини тайёрлаш ишлари билан овора.

   – Куз  деҳқоннинг малака ва тажрибасини, ерга бўлган меҳрини синовдан ўтказадиган палла. Дастурхонимиз тўкин-сочин, бозорларимиз ноз-неъматларга тўла ва арзон, турмушимиз янада фаровон бўлиши айни пайтдаги машаққатли меҳнатимизга боғлиқ. Кузнинг ҳар бир лаҳзасидан унумли фойдаланишимиз керак!, – дейди тажрибали деҳқон, илғор фермер Хайрихон Азизова.

 

Рухшона ЖЎРАЕВА

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг