Авокадо: соғломлик сари – «яшил олтин»дан «қонли олмос»гача

Интернетга «авокадо» деб ёзинг: кўз олдингизда дунё ошхонаси очилади.
Турли рецептлар, овқатланиш тавсиялари, косметика кремлари, саволлар: авокадони чиройли кесиш, авокадо сендвичларини қандай истеъмол қилиш керак, нонушта учун авокадо еса бўладими, авокадони хомлигича ейиш мумкинми, авокадонинг мазасини қандай сақлаб қолса бўлади, у пўсти билан ейиладими ёки пўстлоқсиз истеъмол қилиш керакми?...
Авокадо «интеллектуал», «ўзига ғамхўр» инсонлар танловидек. У нафақат егулик, балки соғлиқ, чирой, энергия. Авокадо ҳозир таомланиш модасининг энг тепасида турибди. Турли ресторанлар, тўйлар, меҳмондорчиликлар усиз ўтмайди. Бу мева қимматлиги учун бизда деярли трендда эмас, аммо кейинчалик банандек кундалик ейдиган мевалар қаторига киради шубҳасиз.
Инсон танаси учун фойдали ёғ кислоталарига эга бўлган мазали, силлиқ ва тўйимли мева хориж ошхоналарининг асосий таомларидан бири, аммо биз ҳам таом борасида ортда қоладиганлардан эмасмиз...
Авокадонинг тарихи
Олимлар, авокадо қаерда пайдо бўлган деган савол бўйича ҳамон изланишда. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, авокадонинг ватани Мексиканинг жануби-марказидаги Пуебла ҳудудида ғалати, аммо мазали мева илк марта гуллаган ва тахминан 10 000 йил олдин маҳаллий аҳоли томонидан истеъмол қилинган. Бундан ташқари, Месоамерика қабилалари авокадо дарахтини (Persea Americana) 5000 йил олдин хонакилаштиришган. Авокадо маҳаллий халқлар учун катта аҳамиятга эга бўлган, чунки у озиқ-овқат ҳисобланган. Астек қабиласи мева уни истеъмол қилганларга куч беради, деб ишонган ва қадимги майяликлар ўз календарининг ўн тўртинчи ойини авокадо билан ифодалаган.
16-асрда испан тадқиқотчилари авокадо билан учрашганда, мева Атлантика океанини кесиб ўтди. 1521 йилга келиб, мева испанлар томонидан бошқа жойларда сотилгунга қадар Марказий Америка ва Жанубий Американинг баъзи қисмларига тарқалди.
Авокадонинг ўзига хос катта уруғи эволюция мўъжизасидир. Аллақачон йўқ бўлиб кетган мамонтлар, яъни сут эмизувчилар бир пайтлар нок шаклидаги меваларни бутун ҳолда истеъмол қилган ва саёҳатлари давомида уруғини «экиб кетишган», деган тахминлар ҳам мавжуд.
«Яшил олтин»
Уни бежизга «яшил олтин» дейишмайди, талаб шу қадар юқорики, катта иқтисодий фойда келтирмоқда... Мексика энг кўп авокадо етиштиради, аммо асосан Шимолий Америка, Европа ва Осиёда истеъмол қилинади. Ҳар йили дунё бўйлаб 11 миллиард фунт авокадо истеъмол қилинади. Маълумотларга кўра, фақат Германияда 2008 ва 2018 йиллар оралиғида унга талаб беш баравар ошди.
Аслида авокадо шов-шуви илк бор Америкада пайдо бўлган. Ҳукумат 87 йил давомида импортга тақиқ қўйган бўлсада, (чунки бу қишлоқ хўжалиги учун хавф туғдиради, деб ҳисобланган) 1994 йилда АҚШ, Канада ва Мексика (NAFTA) эркин савдо шартномасини имзоладилар. Ва шундан сўнг авокадонинг оммавий экспорти бошланди. Шимолий Америка эркин савдо битимидан катта фойда кўрди. 2005 йилга келиб, Мексика авокадоси Америкадаги барча супермаркетларда мавжуд, ҳозирда сайёрадаги мева учун энг муҳим бозор ҳисобланади – истеъмол атиги 10 йил ичида икки баравар ошди. Мекcикадан келган авокадолар қишлоқ хўжалиги соҳасида реклама учун пул тўлаган биринчи бренд эди: мева етиштириш ҳажми 2003 йилда тахминан 800 000 тоннадан 2022 йилда 1,8 миллион тоннадан ошди. Худди шу даврда АҚШда авокадо истеъмоли тўрт баравар кўпайди.
Илгари авокадо фақат бойлар ва гурманлар учун ноёб егулик ҳисобланган, кейинчалик улар ҳар бир дўконда пайдо бўлди. Бугунги кунда америкаликлар йилига ўртача 3,2 килограмм мева истеъмол қилади –10 та авокададан 9 таси Мексикадан, тўртдан уч қисми Мичоасандан келади. Ушбу ҳудуддаги авокадо етиштириш 196 000 футбол майдонига тенг, минтақавий иқтисодиёти йилига 2,5 миллиард доллар атрофида бозор қийматига эга.
Очкўз авокадо...
Авокадо мазали ва тўйимли – бизнинг танамиз учун жуда фойдали... Доимо танамиз учун фойдали нарсаларга ўчмиз, аммо унинг атроф-муҳитга фойдаси қандай, зарари-чи? У туфайли зарар кўраётган табиат охир-оқибат бизнинг соғлиғимизга тажовуз қилмайдими? Ундан воз кечсак соғломроқ бўламизми, келажак авлод-чи?
Авокадо тупроқдаги барча озуқа моддаларини ўзига олади, ушбу мевани етиштириш учун зарур бўлган бир неча литр сув туфайли сув таъминоти бузилади, тупроқ деградацияси, эрозияси – буларнинг барчаси табиий ресурсларга босим ўтказади. Дунёдаги энг йирик авокадо етиштирувчи Мексикадаги фермерлар ва бошқа мамлакатлар экотизим учун зарур бўлган ўсимликлар ўрнига авокадо дарахтларини экаётгани боис, ўрмонлар кесилмоқда. Нафақат ўрмон кесилади, балки авокадоларни ташийдиган транспортлардан чиқадиган газлар сайёрани ифлослантиради. Масалан, мен Мексика авокадосини ейишим учун у 20 000 километр йўл босиши керак. Агар уни осмон орқали етказишса ҳавога юқори даражада углерод чиқади, агар авокадоларни Атлантика океани бўйлаб олиб чиқишса энергия ва совутиш кучи талаб қилинади. Ва ниҳоят, унинг атроф-муҳитга энг даҳшатли таъсири – сувга бўлган талаби. Яъни битта авокадо дарахти кунига 91 литр сув ичади, бу дегани бир кг. мева учун 1280 литр сув кетади дегани. Лотин Америкаси атроф-муҳит мутахассиси Виридиана Эрнандеснинг сўзларига кўра, «ҳар бир бўлак авокадо тости (ноннинг устига авокада пюреси суртилиб тайёрланадиган бутерброд) Мичоаcаннинг қуруқлиги, ўрмонлари ва сув таъминотига ўз таъсирини ўтказади».
Шунингдек, дунёнинг турли бурчакларидан келаётган катта талабни қондириш учун ҳудуддаги кўплаб фермерлар маҳаллий экинлардан воз кечиб, «унумдор тупроқларни емирувчи ва агрокимёвий моддаларга» талаби юқори ҳосилдор навларни танлашмоқда.
Мексика расмийларининг ҳисоб-китобларига кўра, авокадо ишлаб чиқариш 2010 ва 2020 йиллар орасида йилига 1173 дан 10 000 гектаргача ўрмоннинг йўқ қилинишига олиб келди. 2021 йилда тадқиқотчилар йўқотилган ўрмонлар жами 36 000 га яқинроқ эканлигини айтишди. Бу ўрмонларнинг кесилишидан азият чекаётган кўплаб турлар орасида монарх капалаклари ҳам бор.
Авокадо савдоси шунчалик даромадлики, Мичоасан шаҳрида фермерлар эман ва қарағай дарахтларини ҳайратланарли даражада кесишмоқда, ёмғирли мавсум тахминан олти ойдан уч ойгача қисқарди. Чунки қарағай булутларни ўзига чақирувчи дарахт ҳисобланади. Бугунги кунда Мичоаcандаги ер ости сувлари йўқолиб, унинг ҳавзалари қуриб бормоқда. 2021 йилда мамлакат ҳудудининг қарийб 85 фоизи қурғоқчиликни бошдан кечираётган эди ва экспертларнинг тахминига кўра, штатдаги Куицео кўли ўн йил ичида йўқ бўлиб кетиши мумкин. Минтақада сув борган сари чуқурликларга кетиб қолаётгани боис, кичик зилзилалар одатий ҳолга айланган. Авокадо савдоси учун ҳар куни 9,5 миллиард литр сув сарфланади, бу 3800 та Олимпия бассейнларига тенг – Мичоаcандан сувнинг ҳаддан ташқари кўп олиниши кутилмаган оқибатларга олиб келади, масалан, кичик зилзилалар. 40 кун ичида январь - февраль ойларида Уруапан ҳудуди ва унинг атрофида 3247 та сейсмик ҳаракат қайд этилган, бу дунёдаги энг муҳим авокадо етиштирувчи ҳудуд ҳисобланади. Авокадо бу ўзгарувчан иқлим шароитида омон қолиши номаълум. Аммо Мичоаcанда, унинг аҳолиси авокадодан омон қола оладими ёки йўқми, энг долзарб савол шу.
Бир томондан, авакадо етиштириш шунчалик фойдалики, ҳатто бир неча гектар авокадо дарахти бўлган фермер ўз фарзандларини коллежга юбориш ёки янги юк машинаси сотиб олиш учун етарли пул топади. Бошқа томондан, авокадо ишлаб чиқаришнинг иқтисодий муваффақияти – йилига 3 миллиард АҚШ доллари миқдорида Мексиканинг пиво ва текила саноатидан олдинда.
Инсон қурбонлиги
Картеллар яъни уюшган жиноий гуруҳлар ўзлари хоҳлаган нарсага эришиш учун куч ишлатадилар. Уларнинг тактикаси авокадо плантацияларини эгаллаб олиш, ўз боғларини яратиш учун ўрмонларни йўқотиш ва фермерлардан «ҳимоя солиғи»ни тўлашни талаб қилиш. Теримчилар картеллар томонидан ҳеч қандай маошсиз қурол билан ишлашга мажбурланган, қаршилик кўрсатган фермерлар қийноққа солинган ва ўлдирилган.
Дарҳақиқат, картелларга қарши турадиган ҳар бир киши хавф остида. Энг даҳшатли мисоллар: 2019 йилда ўлдирилган 19 киши. Уларнинг жасадлари Мичоаcан штатининг Уруапан шаҳри атрофидан топилган.
Картеллар, шунингдек, монарх капалакларини авокадо боғларига тажовуз қилишдан ҳимоя қилиш учун ишлаётган фаолларни, жумладан капалак қўриқхонаси менежерини ҳам нишонга олишган, унинг жасади қўриқхонадан ғойиб бўлганидан тахминан икки ҳафта ўтиб топилган. Аммо ўзларининг сувини, ўрмонини ва боғларини ҳимоя қилиш учун картелларга қарши курашадиган гуруҳлар ҳам мавжуд – Мичоаcан шаҳридаги Черан, Пурепеча халқларидир. 2011 йилда коррупция ва жиноятчиликдан, жумладан авокадо боғларига йўл очиш учун ўрмонларнинг ноқонуний кесилишидан хавотирда бўлган маҳаллий аёллар қўзғолон уюштирдилар, бу эса аҳолининг ўзини ўзи бошқаришни эълон қилишига олиб келди.
Мексиканинг ғарбий томонидаги "Ўзини ҳимоя қилиш" гуруҳининг 500 нафар ҳушёрлари 2021 йил 27 ноябрь куни йиғилиб, полицияга картеллар ҳужумига қарши ёрдам беришмоқда.
«The guardian» нашрининг мухбири Александр Саммон Мексиканинг Черан ҳудудидан тайёрлаган мақоласида ўрмонларнинг қандай ҳалок бўлаётганини тасвирлайди: «Ёнғин тезда шаҳарнинг қарағай дарахтлари қаторига ўтиб, Черан ўрмонида кўтарилди. Эдгар, кўнгиллилар – жами 80 киши ёнғинни бостиришга ҳаракат қилишди... Аммо йўқотишлар ўсишда давом этди, чунки қутқарилган дарахтларнинг кўпчилиги кейинчалик ҳалокатга учради. Тўрт гектар қарағай ёниб кетган.
Минтақада ўрмон ёнғинлари катта ташвиш туғдиради ва уларнинг тахминан 40% ҳозирда авокадо учун мўлжалланган. Ўрмонлар тез ва бепарволик билан ёндирилади ёки текисланади. Ўрмонларни қайта тиклаш кампанияси ҳам сув сиёсатидир. Қарағай дарахтлари чиқарадиган буғлар булутларга ёрдам бериши мумкин, бу мен қайта-қайта эшитган – дарахтлар ёмғир келтиради деган тушунчани тасдиқлайди. Узун бўйли қарағайларнинг чуқур илдиз тузилиши, ёғингарчиликни ер ости сувларига айлантиришга ёрдам беради. Етук битта авокадо дарахти 14 та катта қарағайдан кўпроқ сув талаб қилади.
Авокадо нафақат соғлик «у очкўзликни, шуҳратпарастликни келтириб чиқаради», деб ҳисоблашади картеллар ҳужумига учраган фермерлар».
Жамият аъзоси ўрмонни ноқонуний дарахт кесувчилардан ҳимоя қилмоқда, Черан шаҳри
Бошқа жойларда авокадо савдоси инсон ҳуқуқларининг бузилишини ҳам келтириб чиқармоқда. Кенияда жойлашган, аммо Британиянинг Cамеллиа қишлоқ хўжалиги компаниясига тегишли бўлган Какузи авокадо фермаси кўплаб зўравонлик, жумладан калтаклаш, зўрлаш ва қотиллик билан боғлиқ. Бир ҳолатда, Какузи қўриқчилари авокадо ўғирлагани учун бир одамни ўлгунча калтаклашган. Маҳаллий аёллар компания қўриқчилари уларга жинсий тажовуз қилгани ҳақида ҳам маълумотлар бор. «Мени Какузи қўриқчилари зўрлашди ва бу оиламга қимматга тушди», деди Мариум Ванжа, унинг эри ҳужумлар натижасида икки фарзанди билан уни ташлаб кетган.
Авокадонинг учинчи йирик экспортчиси бўлган Чилида инсон ҳуқуқларининг бузилиши чуқур ер остига кўмилган. Чилининг Петорка шаҳридаги авокадо плантацияларининг кўплаб эгалари дарёлар ва сув қатламларидан сувни йўналтириш учун ноқонуний қувурлар ўрнатганлар, бу маҳаллий сув таъминотини қуритган ва қурғоқчиликка мойил бўлган минтақадаги қишлоқ аҳолисини юк машиналари томонидан етказиб бериладиган нотоза сувдан фойдаланишга мажбур қилди. «Петорка инсоннинг сувга бўлган ҳуқуқи бузилишининг миллий эпицентридир, бу ерда 40 000 аҳоли сувга муҳтож», – деди Родриго Мундака, Сув ва ерни ҳимоя қилиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳаракати раҳбари.
Бундан ташқари, авокадоларни териб, қадоқлаганлар кўп қийинчиликларга дуч келишади, жумладан оғир иш шароитлари, оз иш ҳақи, соғлиқни сақлаш ёки имтиёзларнинг етишмаслиги ва ноқонуний иш соатлари. Масалан, Мичоасан штатининг Уруапан шаҳридаги авокадо қадоқлаш заводи ишчилари ҳафтасига 130 АҚШ доллари эвазига кунига 12 соат ишлашади.
Сўнгги икки йил ичида Уруапан Мексиканинг энг хавфли шаҳарларидан бирига айланди. Мексиканинг статистика агентлиги 2018 йилнинг ўзида 297 кишининг ўлдирилишини қайд этди – бу рақам одатда фақат уруш бўлган ҳудудларда қайд этилади.
Мичоасанда рақобатчи Жалисcо Нуева Генераcион ва Лос Виаграс картеллари ўртасида зиддият кучаймоқда. Кокаин, марихуана ва бошқа гиёҳванд моддалар ҳали ҳам уларнинг асосий бизнесидир. Жиноий картеллар сони ўтмишда тўртта бўлса, 250 жиноий бирликкача кўтарилди –жиноий фаолиятга нефт ўғирлаш, оддий ўғирлик, фоҳишалик, инсон аъзолари савдоси ва ҳимоя ракетаси киради, энди эса авокадо савдоси ҳам қўшилди.
Борган сари кўпроқ бегуноҳ одамлар жабр кўрмоқда. Февраль ойи бошида Уруапандаги рақобатчи картеллар бир-бири билан урушиб, атиги уч кун ичида 20 киши ҳалок бўлди.
«Қонли олмос»
АҚШнинг 80 фоиз истеъмол талабини таъминлайдиган Мексика авокадалари шу боис «қонли олмос» деган ном олди. Яъни авокадонинг фойдали имиджини унинг савдоси билан боғлиқ ўт қўйиш, таҳдид ва қотилликлар бузмоқда.
Аммо ушбу мевани бойкот қилиш ҳам ечим эмас. Чунки Мичоаcанда аҳолининг 34 фоизи қишлоқ хўжалигида ишлайди ва авокадо савдоси юз минглаб иш жойларини таъминлайди. Бойкот, аллақачон картелларнинг бир қисми бўлишини истамайдиган қашшоқ гуруҳ учун иқтисодий жиҳатдан ҳалокатли бўлиши мумкин.
Шуни ҳам ёдда тутингки, АҚШ авокадо саноатидаги фермер хўжаликлари ишчилари соатига атиги 14,77 доллар ишлаб олишади (2021 йилда). Ва бу ишчилар қишлоқ хўжалиги ишчилари орасида кенг тарқалган бир хил адолатсизликлардан азият чекмоқда, уларнинг аксарияти муҳожирлар – иссиқлик ва қишлоқ хўжалиги кимёвий моддалари, сифатсиз уй-жой, оғзаки ёки жисмоний ҳақорат ва камситиш каби.
Бу муаммоларнинг охири кўринмайди, чунки ўғирлик ва зўравонликлар орасида авокадо савдоси жадал ривожланиши кутилмоқда. Ўтган йили ўтказилган тадқиқот Мичоасандаги авокадо учун фойдаланиладиган ерлар миқдори 2050 йилга келиб 80 фоиздан кўпроққа ошиши мумкинлигини тахмин қилди.
Буларнинг барчасига қарамай, авокадонинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш учун баъзи ечимлар мавжуд. Биринчидан, биз истеъмолчилар сифатида, юртимизга кириб келаётган мевалар, супермаркетлар ва дўконларда сотиладиган авокадолар учун барқарор деҳқончилик ва адолатли савдонинг халқаро сертификатини талаб қилишимиз – улар ўрмонларни кесиш, уюшган жиноятчилик ёки сув эксплуатацияси орқали етиштирилган маҳсулот эмаслигини ўрганишимиз керак.
Иккинчидан, савдо шартномалари экспорт билан боғлиқ бўлган бандларида атроф-муҳитга таъсирни ўз ичига олиши керак. Бир мамлакатда истеъмолга талаб кучайиши бошқа мамлакатни қийин аҳволга солиб қўймаяптими?
Ва ниҳоят, биз «яшил олтин» туфайли атроф-муҳитга таъсир қилишда шахсий ҳиссамизни камайтириш учун диетамиз ва турмуш тарзимиз тенденцияларини қайта кўриб чиқишимиз ва авокадо истеъмолини камайтиришимиз керак – сиз дўстларингиз ва оилангиз билан севиб истеъмол қилаётган маҳсулот бутун экотизимларни йўқ қилиши мумкин. Бу сизга узоқ муддатда таъсир қилади – кейинги сафар авокада ва ундан тайёрланган салатларни еяётганингизда бу ҳақда ўйлаб кўринг.
Сиз севиб истеъмол қилаётган мева бир одамнинг ҳаёти тугаши эвазига етилмаганмикан, ижтимоий тармоқлардаги саҳифангизда реклама қилаётган антиқа мева туфайли қанча одам сувга зор қолаётгандир.
Сизнинг соғлом нонуштангиз ёки диетангиз учун авокадо қанча йўл босиб келди, қанча ҳавони заҳарлади, ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Соғлом турмуш тарзи шундай тарзда қурбонликлар талаб қилса, бу соғломликми?
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter