Австралияда сўнгги 40 йилликдаги энг қалин қор ёғди

Голф-клуб, Янги Жанубий Уэлс.
Австралияда дам олиш кунлари қор ёғишни бошлади. Шанба куни Янги Жанубий Уэлс штатида 40 сантиметргача қор ёғиб, 1980-йиллар ўрталаридан буён рекорд янгиланди, дейилади Sky News хабарида.
Мамлакат метеорология идораси Австралиянинг кўп шаҳарлари сўнгги ўн йилликлардаги энг қалин қор билан қопланганини маълум қилди. Квинсленд штатининг айрим туманларида ўн йилда биринчи марта қор ёғди.

Фото: Naufal Armanditya
BBC австралияликлар қорбўрон ўйнаб, қорбобо ясашаётгани акс этган видеолавҳани тарқатди. Бир эркак журналистга «умрида биринчи марта қорни кўраётганини» айтган.
Қор фақат қувонч келтиргани йўқ. Кучли қор ва ёмғир аралаш ёғиши оқибатида Янги Жанубий Уэлснинг айрим жойларида дам олиш кунлари 1 455 та ҳодиса юз берди. Фавқулодда вазиятлар хизмати маълум қилишича, 100 дан ортиқ автомобил қор уюмида қолиб кетган, қор бўрони биноларга шикаст етказган, баъзи ҳудудларда йирик тошқинлар рўй берган. Ўнлаб уйлар электрдан узилиб қолган. Полиция сув оқизиб кетган 26 ёшли аёл қидирилаётгани ҳақида баёнот берган.

Фото: Matt Walsh
Янги Жанубий Уэлс — Австралиянинг аҳолиси энг кўп штати. Сидней шу штатда жойлашган.
Глобал иқлим ўзгаришлари сўнгги йилларда Австралия об-ҳавосини беқарор қилиб қўйди. Аммо қалин қор қитъада олдин ҳам ёққан.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter