Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Айбдор юк ташувчими, юкловчими? Ортиқча юк ортидаги жавобгарлик занжири

Айбдор юк ташувчими, юкловчими? Ортиқча юк ортидаги жавобгарлик занжири

Бугунги кунда Ўзбекистонда автомобил транспортида юк ташиш жараёнида энг катта муаммолардан бири – юк ҳажмининг белгиланган меъёрдан ошириб юкланиши, бироқ бундай ҳолатларда жавобгарликка фақат ҳайдовчилар ёки ташувчи корхоналар тортилмоқда.

Аслида эса ортиқча юк юкланишининг бошланиш нуқтаси – юкловчи корхонанинг ҳаракати билан боғлиқ. Афсуски, амалдаги қонунчиликда бу муҳим бўғин деярли ҳисобга олинмайди. Шу сабабли, юкловчи ҳеч қандай жавобгарликни ҳис қилмайди, оқибатда эса ноҳақлик юзага келади: юкловчи эркин ҳаракат қилади, ҳайдовчи/ташувчи эса жазоланади.

Оддий ҳаётий вазиятни олайлик: рухсат этилган 28 тонна ўрнига юкловчи корхона 50 тонна сементни юк машинасига ортади. Ҳайдовчи бу ҳақда билиши ёки билмаслиги мумкин, лекин барибир йўлда ЙҲХХ томонидан тўхтатилади ва унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1251-моддасига асосан катта миқдорда жарима белгиланади. Ҳолат шуки, ортиқча юкни айнан юкловчи ортган бўлса-да, қонунчиликда унинг ҳаракати мутлақо назарда тутилмаган. Бу эса юк ташиш занжирида жавобгарлик мувозанатининг йўқлигига олиб келади.

Юкловчилар кўпинча юк оғирлигини тўғри кўрсатиш орқали ўзларини жавобгарликдан озод қилишга уринишади. Масалан, юкловчи ҳужжатда оғирликни аниқ кўрсатганини, товар-транспорт юк хатини тўғри расмийлаштирганини айтади. Бироқ у транспорт воситасининг техник юк кўтариш имкониятини инобатга олмайди. Натижада юк ташувчи транспорт воситаси рухсат этилганидан 5–10 тонна, ҳатто рухсат этилганидан икки баробарга ортиқ юк билан йўлга чиқади, жаримага эса яна ҳайдовчи тортилади. Шу ерда савол туғилади: юкловчи юкни тўғри ёзгани билан ҳақиқий ҳаракати – яъни ортиқча юк ортгани – уни масъулиятдан озод қиладими?

Ҳуқуқий нуқтаи назардан қаралганда, жавоб салбий. Юридик жиҳатдан юкловчи юк оғирлигини билган ва транспорт воситасининг техник имкониятларини ҳам билиши ёки аниқлаши лозим бўлган субект сифатида “мантиқан зарур чораларни” кўриши шарт. Агар у бу мажбуриятни бажармаган бўлса, ҳужжатда юк оғирлиги тўғри кўрсатилган тақдирда ҳам, ортиқча юк юклагани учун жавобгарликка тортилиши керак.

Хориж тажрибаси

Халқаро тажрибага мурожаат қилсак, бу ёндашув кенг қўлланилади. Масалан, Австралияда “Chain of Responsibility” (Масъулият занжири) принципи мавжуд бўлиб, унга кўра юк ташиш жараёнидаги барча иштирокчилар – ҳайдовчи, ташувчи, юкловчи, буюртмачи – ўз ҳаракатлари учун жавобгардир. Агар юкловчи оғирликни тўғри кўрсатган бўлса ҳам, транспорт воситаси имкониятини билган ҳолда ортиқча юк юкласа, у ҳам жавобгар ҳисобланади. Европа Иттифоқининг 2015/719-сонли директиваси ҳам худди шу тамойилни қўллайди – юкловчи нафақат оғирликни декларация қилиши, балки уни рухсат этилган оғирлик доирасида юклаши шарт. “Юкларни халқаро йўлларда ташиш шартномаси тўғрисидаги конвенсия”нинг (Convention on the Contract for the International Carriage of Goods by Road yoki CMR) 7-моддаси эса юк жўнатувчи (юкловчи) томонидан кўрсатилган нотўғри маълумотлар натижасида юзага келган зарар ва жавобгарликни тўлиқ юкловчи зиммасига юклайди.

Шу билан бирга, Россия Федерациясининг амалдаги қонунчилигида ҳам айнан юкловчи жавобгарлигини белгиловчи аниқ нормалар мавжуд. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 12.21.1-моддаси 10-қисмига кўра, агар юкни транспорт воситасига ортган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор юк оғирлиги, ўқ босими ёки габарит бўйича белгиланган меъёрларни (шу жумладан махсус рухсатномадаги кўрсаткичларни) бузса, улар маъмурий жавобгарликка тортилади. Бу норма ортиқча юк ҳолатларида масъулиятни фақат ташувчига эмас, балки юкни бевосита ортган юкловчи томонга ҳам юклайди. Шу жиҳатдан, Россия қонунчилиги ҳам халқаро тажриба – масъулият занжири ёндашувига яқинлашган ва уни амалиётда қўлламоқда.

Қозоғистон Республикаси қонунчилигида ҳам айнан юкловчининг жавобгарлиги аниқ белгиланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 571-моддаси 9-қисмига кўра, агар юк жўнатувчи (юкловчи) юкни транспорт воситасига юклаш жараёнида қонун билан белгиланган оғирлик ёки габарит меъёрларини — бир тоннадан ортиқ оғирликда ёки рухсат этилган ўлчамдан ортиқ юклаган бўлса, жарима билан жавобгарликка тортилиши белгиланган.

Юк ташиш соҳасида кўпчилик эътибор қаратмайдиган, аммо жуда жиддий оқибатларга олиб келувчи муаммолардан бири бу — ортиқча юк орқали рақобат қонунларини бузишдир. Бир қараганда, бу фақат техник ёки транспорт қоидалари билан боғлиқ масала бўлиб туюлади. Аммо аслида бу ҳолат иқтисодий тенгсизлик, ноқонуний устунлик ва соғлом рақобат муҳитининг емирилишига сабаб бўлмоқда.

“Арзон нарх” ортидаги хавф

Бугунги бозорда айрим ташувчилар рухсат этилган оғирлик меъёрларини бузган ҳолда, бир сафарга кўпроқ юк ортиб, уни нархга сингдирган тарзда арзонроқ тариф билан хизмат таклиф қилмоқда. Улар транспорт воситасининг ҳаддан ташқари юкланиши оқибатида йўл инфратузилмасига етказиладиган зарар, автомобилларнинг тезда ишдан чиқиши, шунингдек, давлатга тўланиши лозим бўлган солиқ ва рухсат харажатларидан қочиб, бу харажатларни ҳисобга олмаяпти.

Ҳолбуки, қонуний фаолият юритаётган компания айнан шу юк ҳажмини икки транспортда, барча техник меъёрларга риоя қилган ҳолда ва ҳуқуқий харажатларни инобатга олиб ташийди. Аммо бундай тартибда ишлаётган корхона бозорда паст тариф билан рақобатлаша олмайди. Натижада, битта машинада ортиқча юк олиб бораётган рақиб харидорга айнан шу юкни “арзонроқ” таклиф қилади ва истеъмолчи, бу жараён ортида қандай қонунбузарликлар яширинганини билмаган ҳолда, кўпинча ўша ноқонуний вариантни танлайди.

Бу эса қонуний ишлаётган компанияни буюртмадан маҳрум қилади, бозорда ноқонуний рақиб кучаяди, йўл инфратузилмаси эса қўшимча юк босими остида емирилади. Охир-оқибатда, бу “арзон” нарх на бозорга, на тизимга, на бозордаги ҳалол иштирокчига фойда келтиради.

Демак, бу муаммо фақат ҳайдовчи ёки ташувчи билан боғлиқ эмас – юкловчи ҳам ушбу жараённинг ажралмас иштирокчиси сифатида жавобгарликка тортилиши зарур. Чунки ортиқча юкнинг машинага ортилиши айнан юкловчининг ҳаракати билан бошланади. Афсуски, амалдаги қонунчиликда, хусусан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда юкловчининг бу ҳаракати учун аниқ ва бевосита жавобгарлик назарда тутилмаган. Бу эса амалда шундай ғайриоддий ҳолатга олиб келадики: ортиқча юк юклаган юкловчи ҳеч қандай жавобгарликка тортилмайди, бироқ ҳужжатда исми турган ҳайдовчи ёки ташувчи компания катта миқдордаги жарималарга дучор бўлади.

Шу боис, мавжуд қонунчиликка — хусусан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (МЖтК) ва транспорт фаолиятини тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга — юкловчи корхонанинг ҳуқуқий жавобгарлигини белгиловчи аниқ, қатъий ва амалий нормаларни киритиш зарур. Бу каби ҳуқуқий асослар адолат тамойилини таъминлайди, юк ташиш тизимидаги барча иштирокчиларнинг ўзаро масъулиятини мувозанатга келтиради ҳамда бозорда соғлом рақобат муҳитини тиклашга хизмат қилади. Айни пайтда, тизимли ёндашув билан бу муаммо фақат жазолаш воситаси билан эмас, балки барқарор назорат, шаффоф ҳужжат айланиши ва олдини олиш механизмлари орқали ҳал этилиши керак.

Юк ташиш занжирида фақат ҳайдовчи ёки ташувчи эмас, балки юкловчи, буюртмачи ва ҳатто истеъмолчининг ҳам ўз ўрни ва масъулияти бор. Шу сабабли, ушбу масаланинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш билан бир қаторда, қуйидаги амалий чораларни кўриш мақсадга мувофиқ:

  • МЖтКга юкловчининг маъмурий жавобгарлигини белгиловчи аниқ норма киритиш, бу орқали ортиқча юк юклашда фақат ташувчи эмас, балки юкловчининг ҳам қонуний жавобгарлиги мустаҳкамланади;
  • Ташувчи ва юкловчи ўртасидаги шартномаларда юк миқдори, техник юк кўрсаткичлари ва хавфсиз юклаш бўйича юкловчининг масъулияти ҳуқуқий жиҳатдан аниқ кўзда тутилиши;
  • Юк ортиш пунктларида рақамли назорат ускуналарини — оғирликни автоматик аниқловчи воситалар (ВИМ), ҚР-кодли юк хатлари, юкловчининг электрон рақамли имзоси билан ҳужжатларни тасдиқлаш тизимини жорий этиш.

Хулоса қилиб айтганда, агар юкловчи рухсат этилган нормани бузиб юк юклаган бўлса, у бу оғирликни ҳужжатда тўғри кўрсатганига қарамасдан, реал ҳаракати учун жавобгарликка тортилиши шарт. Қонун олдида барчанинг масъулияти тенг бўлиши — бу соғлом тизим, хавфсиз транспорт ва ҳалол рақобат гаровидир.

Аминжон Қаландаров,
Тошкент давлат юридик университети
Бизнес ҳуқуқи кафедраси доценти в.б., (PhD)

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг