Айдар-Арнасой кўлигача темирйўл олиб келинади
Президент Жиззах вилояти бўйича йиғилиш ўтказмоқда.
Айдар-Арнасой кўли атрофида йирик соҳил туризм мажмуаси ва соғломлаштириш маркази қурилгани Арнасой тумани аҳолисининг даромади кўпайишига катта туртки берди.
Эндиликда Арнасой аэропортида катта самолётларни ҳам қабул қилиш имконини яратиш зарурлиги қайд этилди. Бундан ташқари, Айдар-Арнасой кўлигача темир йўл ҳам олиб келинади.
«Ўзбекистон темир йўллари» га Дўстлик туманидан кўл ҳудудигача 45 километрли янги темир йўл линиясини қуришни бошлаш топширилди.
Шунингдек, 7 миллиард сўм ҳисобига тумандаги Бахтли маҳалласининг инфратузилмаси яхшиланиб, туризм қишлоғига айлантирилади. Ҳудудга олиб борувчи йўл таъмирланади, тунги ёритиш чироқлари ва туризм йўл белгилари ўрнатилади, манзарали дарахтлар экилади.
Жиззах шаҳри марказидаги «Истиқлол» боғи, унга туташ Сангзор дарёси бўйидаги ерлар узоқ йиллардан буён қаровсиз ётган эди. Йил бошида 24 миллиард сўм ажратилгани натижасида бу ерларнинг қиёфаси бутунлай ўзгариб, одамлар ҳордиқ чиқарадиган масканга айланди.
Келаси йил Сангзор дарёсини тозалаш, сув билан тўлдириш, пиёдалар ўтиш кўприги ва амфитеатр қуриш учун яна 20 миллиард сўм берилиши белгиланди.
М-39 ва А-376 халқаро йўлларнинг 150 километри Жиззахдан ўтгани йўл бўйи сервисини ривожлантириш учун катта имконият экани кўрсатиб ўтилди. Магистрал йўл бўйида алоҳида йўлакдан кириладиган, Европа стандарти бўйича 2 тадан савдо-сервис мажмуасини ишга тушириш муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, М-39 магистрал йўлининг Жиззах ҳудудидан ўтган 98 километр қисмида йўловчи ва ҳайдовчиларнинг хавфсиз ҳаракатланиши учун шароитларни яхшилаш топширилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter